1442 йил 07 Шаввол | 2021 йил 18 май, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:48
Sunrise
05:22
Dhuhr
12:33
Asr
17:36
Maghrib
19:45
Isha
21:19


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ФАРИШТАЛАР КИРМАЙДИГАН ХОНАДОН

28-04-2021, 09:37 793 Ўқиш режими + -


      Қайси бир хонадонни фаришталар тарк этса у уйдан Аллоҳнинг хотиржамлик деган улкан неъмати ҳамда раҳмати ва барокоти тарк этади. Бу ерда инсонларни доимий кузатиб, номаи аъмолини ёзиб турувчи “кироман-котибин” фаришталари, кишини турли нохушликлардан сақлаб турувчи фаришталар назарда тутилмаяпти, балки, Аллоҳнинг раҳматини олиб тушадиган, бандасига сакинатни индирадиган, истиғфор айтиб, барака олиб келадиган фаришталар кўзда тутилмоқда. 
Хонадондан фаришталар чиқиб кетишига сабаб бўладиган кўплаб омиллар мавжуд эканлиги диний манбаларимизда санаб ўтилади ва мазкур ҳолатда ҳам айни ҳолатга сабаб бўладиган беш хил жиҳатлар санаб ўтилган бўлиб, ушбу ҳолатларнинг баъзилари алоҳида изоҳни талаб қилади.    
Ота-онасига оқ бўлган кишининг хонадонида фаришталар кирмайди: Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзига ширк келтиришнинг қай қадар оғир гуноҳлигини зикр қилганидан сўнг ота-онага яхшилик қилишга буюради. “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир) га ва қўл остингиздаги (қарам) ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.
Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам тавҳидни асраш ва васанийлар (бутпарастлар)га ўхшаб қолишдан сақланиш учун ибодат қилиниб, улуғланадиган тимсоллар (ҳайкаллар)ни сақлашни ҳаром қилганларидек, уйларда итларни сақлашдан ҳам қайтардилар. 
Шариъатимиз кўрсатмасига биноан итлар фақатгина ов учун, қўриқлаш мақсадида, яъни, агар хонадони одамлар яшайдиган гавжум жойлардан йироқ жойда жойлашган бўлса сақлашга рухсат этилган. Бироқ, турли ҳою-ҳавас билан эҳтиёжсиз хонадонда сақланишлиги уйдан фаришталарнинг кетишлигига сабаб бўлади. 
Жонли нарсаларнинг сувратлари ёки ҳайкаллари хонадонда мавжудлиги фариштанинг чиқиб кетишлигига олиб келади. Бу ўринда ҳозирдаги замонавий фоторасмлар бундан мустасно. Чунки, бунда ўша нарсанинг сувдаги ёки ойнадаги акси акс эттирилгани назарда тутилади. Аммо, қўл орқали ижод этилган жонли нарсаларнинг сувратлари ёки ҳайкаллари айнан фаришталарнинг ўша жойга кирмаслигига омил бўлади.
Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: "Фаришталар ит ва сурати бор уйга кирмайди" - дедилар.  Имом Бухорийнинг ривоятларида:  "Тимсол (ҳайкал)  ларнинг сурати бор уйга ҳам" дея зиёда қилинган. 
Демак мазкур ҳолатдаги расмдан мақсад ҳайкаллар ва жонли нарсаларнинг қўлда ижод қилинган сувратлари кўзда тутилган экан. 
Бугунги кунда айрим ижтимоий тармоқларда ишончли илмий асосга эга бўлмаган диний маълумотлар етарлича шарҳланмасдан кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқдаки бу ҳолат айрим тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Мусулмон  инсон бирор амални диндан деб гапириши бу, Аллоҳ ва расули тарафидан гапириш ҳисобланади. “Усули ифто” китобида “Бир киши диндан деб бирор масалани айтиши Аллоҳ томонидан имзо қўйиш ҳисобланади” дейилган. Қиёмат куни ўша айтган гапидан сўроқ қилинади. У вақтда “фалончидан эшитгандим” деган гап ўтмайди. Шунинг учун барча асослари ва далиллари ҳамда шарҳлари билан аниқ билмасдан туриб бирор маълумотни диндан деб гапиришдан эҳтиёт бўлиш лозим.

ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги
матбуот хизмати