1442 йил 07 Шаввол | 2021 йил 18 май, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:48
Sunrise
05:22
Dhuhr
12:33
Asr
17:36
Maghrib
19:45
Isha
21:19


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РАМАЗОН ОЙИДА СИЛАИ-РАҲМ

28-04-2021, 12:27 23 Ўқиш режими + -
      Мана фазилатли Рамазон ойида Аллоҳ таолонинг фарз қилган рўза ибодатини бажариб бормоқдамиз.  Мана шу кунларда силаи-раҳмни кўпайтирсак, янада мақсадга мувофиқ бўлади.  Хўш, силаи-раҳмнинг ўзи нима?
     Силаи-раҳм икки сўздан яъни сила ва раҳим сўзининг бирикишидан ҳосил бўлган сўз бирикмасидир.  Сила арабча сўз бўлиб, алоқа қилиш, боғланиш деган маънони англатади. Раҳм эса меҳр, шафқат кўрсатиш маъноларини беради. Силаи-раҳм инсонлар билан меҳр риштасини боғлашликдир.Қавм-қариндош ва муҳтожлар кишилар ҳолидан хабар олиш, уларга меҳр-оқибат кўрсатиб, улар билан алоқа қилиб туришлик силаи-раҳм дейилади. 
     Халқимиз силаи-раҳмга эътибор бериб, қавм-қариндошлик алоқаларини маҳкам боғлайдилар. Улар қавм-қариндошликни бир-бировни сўроқлаш, бир-бировникига бориш билан деб биладилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) дан бир киши:”Қандай одам қариндош?” деб сўради. Шунда пайғамбар (с.а.в.): “Қариндош қариндош эмас, бир-бирини сўроқлаган, бориш-келиши бор одам қариндош”, -деб жавоб бердилар. 
     Маълумки, қариндошлик икки хил бўлади.Инсоннинг меросга дахли бўлган яқин қариндошлари ва меросга алоқаси бўлмаган қариндошлари. Инсоннинг турмуш ўртоғи, ўғил-қизлари, ака-ука, опа-сингиллар каби кишилари унинг яқин қариндоши ҳисобланади. Инсоннинг яқин ва узоқ қариндошлари яқин атрофда бўлса, уларнинг ҳолидан хабар олиши, улар узоқда бўлса хат ёки телефон орқали боғланиб туриши силаи-раҳимнинг кўринишларидандир.  Қариндошлар касал бўлса, бориб кўриш ҳам силаи-раҳм ва катта савоб ишлардан ҳисобланади. 
      Қавм-қариндошлар билан боғланиб,уларга силаи-раҳм қилиш жаннатга киришга сабабчи бўладиган амалдир. Бир киши келиб:“ Эй, Расулуллоҳ, менга жаннатга кирадиган амал ҳақида хабар беринг!” деди. Пайғамбар (с.а.в.): Аллоҳ таолога бошқани шерик қилмай ибодат қиласан ва қариндош уруғларинг билан алоқа қиласан”дедилар.Қариндош уруғлар билан боғланиб, уларга силаи-раҳим қилиш ризқни кенгайтиради ва умрни узайишига сабабчи бўлади. Ривоят қилишларича бир киши пайғамбар ҳузурига келиб:“Менга умрни узун қиладиган, ризқимни кенг қиладиган амални ўргатинг деб сўрабди. Шунда пайғамбар (с.а.в.): “ Кимки ризқини кенг бўлишини ва умрини узун бўлишини истаса қариндош уруғлар билан алоқа қилиб, уларга яхши муомила қилсин” , деб жавоб берадилар.
      Узоқлашиб кетган қариндошларни йўқлаб суриштириш, уларни излаб топиб, улар билан яна алоқани тиклаш юксак инсоний фазилатлардандир. Бу фазилатга кўра қариндош қариндош эмас, балки қариндошлик муносабатларини тикловчи киши қариндошдир. Бу ҳақда ҳам пайғамбаримиз (с.а.в.):“ Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки қариндошлик алоқаларини тикловчи киши қариндошдир”дейдилар. 
      Қариндошлар билан алоқа қилиб, уларга совға –саломлар улашиш силаи раҳмнинг турларидандир. Албатта, инсон силаи-раҳм қилишни ўз яқинларидан бошлайди. Шу туфайли халқимизда:“Олдин хеш, кейин дарвеш “, деган нақл бор.  Бу ҳақда ҳадисда ҳам: “ Агар бирортангиз камбағал бўлсангиз садақа беришни ўзидан бошласин. Агар ортиқча бўлса оила аъзоларига берсин, яна ортиқча бўлса қариндош уруғига берсин”. 
      Муҳтож кишилар кишиларнинг аҳволидан хабар олиш, уларга меҳру-мурувватлар қилиш ҳам силаи-раҳмдир. Бирор киши  муҳтож кишиларга силаи-раҳм қилса,  Аллоҳ таоло у кишининг топганига барака беради ва ўрнини тўлдиради. Бу ҳақда “ Қуръони карим”да шундай дейилади: “ Бирор нарсани ( муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз,бас ( Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир”.( Сабаъ сураси, 39-оят).Ҳадис шарифда шундай дейилади: “  Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганда ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири6 “ Эй Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг молини тўлдир”, деса, иккинчиси: “ эй Аллоҳ, бахил одамнинг молига талоқат етказ” деб дуо қилади.Эшикдан бир нарса сўраб келган муҳтож кишини ҳам қуруқ қайтармасдан, унга мурувват кўрсатиб,силаи-раҳим қилиш лозим. Бу ҳақда “Қуръон-Карим”да: “Бас, энди сиз ҳам етимга қаҳр қилманг! Соил ( бирор нарса сўровчи муҳтож ) кишини ҳайдаманг!”- дейилади. (Ваз-зуҳа сураси, 9-10-оятлар).  
      Силаи-раҳм амалида қуйидаги яхшилик бор:
  1. Силаи-раҳм қилган киши яратганнинг муҳаббатини қўлга киритади;
  2. Силаи раҳм қилган кишининг умри узоқ бўлади; 
  3. Силаи –раҳм қилган кишининг ризқига барака киради;
  4. Силаи раҳм қилган кишига Аллоҳ таоло яхшилик ато қилади;
  5. Силат-раҳм қилган кишини халқ яхши кўради;
  6. Силаи –раҳм қилган кишига ҳар жойда дўст ва хайрихоҳ кўпаяди;
  7. Силаи- раҳм қилган кишининг   ўлганидан кейин ҳам орқасидан савоб боради.          
      Дарҳақиқат,  Рамазон ойларида қавму-қариндош ва муҳтож кишиларга силаи-раҳим қилиш  инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларини ортишига хизмат қилиш билан бирга, дунёвий ишларнинг ривож топишига, оилаларимизга барака киришига ҳам сабабчи бўлади.
       Аллоҳ таоло Рамазон ойида қилаётган яхшиликларимизни мақбул айлаб, икки дунё саодатига муваффақ қилсин!
 
Р. Акбаров
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими