Порахўрлик – улкан гуноҳ
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январь куни қилган парламент мурожаатномаларида коррупция “ёвуз бало” эканлигини таъкидлаб, жамиятимиз аъзоларини “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланишга ундадилар.
“Ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиш учун коррупция, хусусан, порахўрлик нима, унинг Ислом динидаги ҳукми қандай эканлигини билиш фойдали бўлади деб, ўйлаймиз.
Хўш, аслида, “ порахўрлик” сўзи нима маънони беради?
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида“ Порахўр ” сўзи ҳақида шундай дейилади:
“ Порахўрлик- (пора еювчи, олувчи). 1. Пора оладиган, порага ўрганган. 2. Пора олиш билан шуғулланувчи киши [1]”. “ Порахўрлик” сўзи аслида ўзбек тилида форс тилидан кирган сўздир. Бу сўзнинг араб тилидаги маънодоши эса “ришва” сўзидир. Ўзбек тилида ҳам “ порахўр” сўзи билан бирга шу маънода “ ришва” сўзи ҳам ишлатилади. Бу ҳақда Ўзбек тилининг изоҳли луғатида: “ Ришва(т)хўр-ришва еювчи, порахўр[2]” дейилади.
Маълумки, иллат бор экан, унга нисбатан ҳар қачон ҳукмлар ҳам бўлади. Ислом динимиз шариатида порахўрлик гуноҳи кабиралардан бири ҳисобланади. Имом Ҳофиз Шамсиддин Заҳабий ҳазратлари порахўрликни ўзларининг “ Гуноҳи кабиралар” китобларида: “ Олтмиш олтинчи гуноҳи кабира порахўрлик[3]” деб эътироф этганлар. Порахўрлик бировнинг молини ноҳақ ейишдир. Аллоҳ таоло “ Қуръон Карим”да шундай дейди:
“Бир-бирларингизнинг молларингизни ноҳақ еманглар. Билатуриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейиш мақсадида гуноҳ йўл билан уни ҳокимларга узатманглар” ( Бақара сураси 188-оят).
Шайх Усмонхон Алимов муфтий ҳазратлари ўзларининг “ Тафсири Ирфон” китобларида ушбу оятни тафсирида: “ “ Молларни ноҳақ ейиш” дейилганининг маъноси ўғирлик қилиш, омонатга хиёнат этиш, фириб-алдов билан ўзлаштириш, фоиз олиш, қарзга нарса олиб, ундан тониш, пора бериш ва олиш, зўрлик билан тортиб олиш, қиморда ютиб кетиш, ўлчов ва тарозидан уриш, одам савдоси, сеҳр ва фолбинлик билан пул топиш, ножоиз тижорат билан молни қўлга киритишдир. Юқоридаги усулларнинг ҳар бири орқали мол топиш шариатда ҳаром қилинган[4]” деб ёзадилар.
Порани олган ҳам, берган ҳам, ўртада воситачилик қилган киши ҳам гуноҳкордир. Бу ҳақда ҳам “ Тафсири ирфон” да: “ Пайғамбаримиз (с.а.в) : “ Аллоҳ пора берувчини ҳам, олувчини ҳам, ўрталарида турганни ҳам лаънатлади”, деганлар. Уламолар “ лаънатлади” сўзининг маъносини “ҳаром қилинди” деб шарҳлашган. Айрим уламолар: “ Пора берувчининг мақсади мусулмонга озор етказиш ёки ҳаққи бўлмаган нарсани қўлга киритиш бўлса, у лаънатлангандир. Бордию ўзининг ҳаққини қўлга киритиш ёки ўзидан зулмни даф қилиш учун пора берса, у лаънатланган бўлмайди. Ҳокимнинг эса, бирон бирор ҳақни бекор қиладими, зулмни даф қиладими-фарқи йўқ, пора олиши ҳаром. Ўртадаги киши эса, пора берувчи каби, мақсадига қараб баҳоланади”, дейишган. Бошқа уламолар бу фикрга қарши чиқиб, поранинг ҳаромлиги мутлақ-ҳамма ҳолда ҳам ҳаром дейишган [5]” дейилади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) барчамизни пора беришдан, пора олишдан ва ўртада воситачилик қилишдан қайтариб шундай деганлар:
"لَعَنَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ وَالرَّائِشَ يَعْنِي الَّذِي يَمْشِي بَيْنَهُمَا" رواه أحمد.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воситачини лаънатладилар”. (Имом Аҳмад ривояти)
Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло барчамизни нопок ва гуноҳ амаллардан қайтиб, ҳалол ишлар билан икки дунё саодатига муваффақ қилсин.
Руҳиддин АКБАРОВ.
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги
Ахборот-медиа маркази масъул ходими,
“Акбар Халифа эшон ибн Мухтор” жоме масжиди имом-хатиби
Фойданилган манба ва адабиётлар:
[1]“ Ўзбек тилининг изоҳли луғати ”. Т. “ Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти. 2007. 3-жилд. 296-бет.
[2]“ Ўзбек тилининг изоҳли луғати ”. Т. “ Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти. 2007. 3-жилд. 388-бет.
[3]Заҳабий. “ Гуноҳи кабиралар”. Тошкент. Ғофур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. 2018. 233-234-бетлар.
[4]Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “ Тафсири ирфон” Т. 2019. 180-бет.
[5]Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “ Тафсири ирфон” Т. 2019. 181-бет.