1442 йил 07 Шаввол | 2021 йил 18 май, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:48
Sunrise
05:22
Dhuhr
12:33
Asr
17:36
Maghrib
19:45
Isha
21:19


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ШИЛЛИҚҚУРТ ҲАЛОЛМИ?

29-04-2021, 14:21 594 Ўқиш режими + -
384-CАВОЛ: Ҳозирги кунда шиллиқурт билан даволаш усуллари ривожланмоқда. Ушбу муолажа ножўя таъсирини йўқлиги, асоратсизлиги, оддийлиги, табиийлиги билан ажралиб туради. Айтингчи, динимизда шиллиқурт билан даволаниш мумкинми? Ҳозирда ғарб давлатларида шиллиқуртдан капсулали дори воситаси ҳам ишлаб чиқарилган. Уни ичиш мумкинми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Шиллиққурт — қуруқликда яшайдиган қориноёқли ўпкали ҳашаротлар турига мансуб бўлиб, фанда унинг мингга яқин тури маълум. Танаси чувалчанг ёки цилиндр шаклида бўлади (“Ўзбекистон миллий энциклопедияси”). 
   Мутахассисларнинг таъкидлашларича шиллиққурт муолажаси икки хил турга бўлинади:  

Шиллиққуртдан тайёрланган капсулали дори воситасини истеъмол қилиш орқали даволаниш;
Шиллиққуртдан зулук каби сўлаги билан даволаниш ёхуд шиллиқурт экстрактли кремини терига суртиш. 

Ушбу икки турдаги муолажаларнинг шаръий ҳукми ҳам фарқ қилади: 
1. Шиллиққуртдан капсулали дори воситасини истеъмол қилиш шариатимизга кўра жоиз эмас. Чунки шиллиққурт ҳашаротлардан саналади. Ҳашаротларнинг истеъмоли ҳанафий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларига кўра ҳаром саналади. Бу ҳақда ҳанафий мазҳабимиз уламоларидан Аллома Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: 
وأما الضب والزنبور والسلحفاة والحشرات فلانها من الخبائث وقد قال تعالى (ويحرم عليكم الخبائث)
яъни: “Калтакесак, ари, тошбақа ва барча ҳашаротлар нопок нарсалардан саналгани сабабли уларни истеъмоли ҳаромдир. Аллоҳ таоло: 
وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ
яъни: “У (пайғамбар) пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади”, – деган (Аъроф сураси, 157-оят)” (“Ал-Баҳрур-роиқ” китоби 17-жуз, 116-бет). 
   Шариатимизга кўра умумий ҳолатда ҳаром нарсалардан даволаниш ман қилинган. Хусусан, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳаромдан тўғридан-тўғри шифо ниятида фойдаланиш асло жоиз эмас, деганлар. Зеро, Умму Салама онамиз разияллоҳу анҳонинг бир жориялари касал бўлиб қолганда, унга шаробдан дори сифатида фойдаланмоқчи эканларини айтадилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
إنّ الله تعالى لم يَجْعَلْ شِفاءَكمْ فِيما حَرَّمَ عليكمْ
яъни: "Аллоҳ таоло шифоингизни сизларга ҳаром қилган нарсаларга жойлаштирган эмас", – деб марҳамат қилганлар (Имом Абдурраззоқ, Имом Табароний, Имом Байҳақий, Имом Таҳовий ривоят қилишган).
   Фатаво китобиларимизда “Касалликка ҳаромдан бошқа шифо топилмаган ўринда, ҳозиқ табиб кафил бўлиб, ҳаромдан тайёрланган ёки ҳаром нарса аралашган дори шифо бўлишига кўрсатма берса, зарурат бўлгани боис ҳаромни истеъмол қилиш жоиз” экани айтиб ўтилган. 
   Аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ: “Киши қаттиқ очлик ёки чанқоқлик сабабли ўлиб қолиши мумкин бўлган вақтда ўлмагудек миқдорда ўлимтикни ейиши ёки ҳаром ичимликни ичишига рухсат борлигидан келиб чиқиб, шифо ниятида ноиложликдан истеъмол қилинадиган ҳаром доридан ҳаромлик соқит бўлиши келиб чиқади”, – деганлар (“Раддул-муҳтор” китоби 1-жилд, 365-бет).
   “Захийрийя” китобида эса ҳаром билан даволаниш жоиз бўлиши (яъни, гуноҳ бўлмаслиги) учун ўша дорида шифо борлиги ва бошқа даво йўқлиги тажрибадан маълум бўлиши кераклиги айтилган. Шифо бор йўқлиги тажриба билан аниқланиши таъкидланган. 
   “Ҳозиқ табиб” деганда ўз ишига маҳоратли, ўз юртида тан олинган, муайян тажрибага эга, бугунги кун тили билан айтганда олий тоифали шифокор бўлиши шартдир. Шунингдек, у диний шаръий ҳукмлар ва амалларни ошкора инкор қилувчи бўлмаслиги лозим. Шариатда ҳаром дейилган нарсаларни охирги чора сифатида ишлатиш лозимлигини яхши англамоғи даркор. Акс ҳолда, ҳалол нарса бўлса ҳам ҳаромни тавсия қилиши мумкин. 
2. Шиллиққурт сўлаги билан даволаниш ёки шиллиқурт экстрактли кремини терига суртиш орқали муолажа олиш шаръан жоиз саналади. Чунки бунда ҳаромни истеъмол қилиш маъноси топилмайди. Шунинг учун ҳам уламолар зулук каби ҳашаротлар орқали муолажа олишга рухсат беришган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати