1442 йил 07 Шаввол | 2021 йил 18 май, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:48
Sunrise
05:22
Dhuhr
12:33
Asr
17:36
Maghrib
19:45
Isha
21:19


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ФИТР-САДАҚА НИМА?

1-05-2021, 12:03 61 Ўқиш режими + -
ФИТР-САДАҚА НИМА?

         “Фитр-садақа” араб тилидаги сўз бирикма бўлиб, у ўзбек тилида “ оғиз очиқлик –садақаси” деган маъно англатади. Рамазон ойида фитрга яъни оғиз очиқликка  чиқиш муносабати билан бериладиган садақага фитр садақа дейилади.  Инсонинг жони, танаси ва мулки бўлади. Айрим садақалар мулкдан берилса, фитр-садақа Рамазон ойида инсон бошидан берилади. 
     Рамазон ойида фитр-садақа бериш эркагу-аёлга, балоғатга етган ва етмаган, хоҳ оқил ёки мажнун,  ҳур, ҳожати аслиясидан ташқари моли ўсмаса ҳам закот нисобига етган   мўмин-мусулмонга вожиб амал ҳисобланади. 
                 Оила бошлиғи бўлган ота ўзининг оиласи,  вояга етмаган болалари учун фитр садақасини беради. Кишининг зиммасида қарзи бўлиши уни фитр садақасини беришдан манъ қилмайди. 
Фитр-садақа қачон берилади?
Фитр садақасини Рамазон ҳайити куни ҳайит намозидан олдин бериш афзал. 
Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: فَرَضَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ زَكَاةَ الْفِطْرِ صَاعًا مِنْ تَمْرٍ أَوْ صَاعًا مِنْ شَعِيرٍ عَلَى الْعَبْدِ وَالْحُرِّ وَالذَّكَرِ وَالْأُنْثَى وَالصَّغِيرِ وَالْكَبِيرِ مِنْ الْمُسْلِمِينَ وَأَمَرَ بِهَا أَنْ تُؤَدَّى قَبْلَ خُرُوجِ النَّاسِ إِلَى الصَّلَاةِ

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлардан ҳар бир қул ва ҳур, эркак ва аёл, катта ва кичикка бир соъ тамр ёки бир соъ арпа миқдорида фитр закотини фарз қилиб, уни одамлар ҳайит намозига чиқишидан олдин адо этишни буюрдилар”. ( Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ва яна Ҳанафия мазҳаби бўйича фитр садақасини Рамазон ҳайитидан бир ёки бир неча кун олдин бериш жоиз:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّهُ كَانَ يُعْطِيهَا الَّذِينَ يَقْبَلُونَهَا، وَكَانُوا يُعْطُونَ قَبْلَ الْفِطْرِ بِيَومٍ أَوْ يَوْمَيْنِ

“Абдуллоҳ ибн Умар фитр закотини уни олувчиларга берар, одамлар фитр садақасини ҳайитдан бир ёки икки кун олдин бериб қўяр эди”. ( Имом Бухорий ривояти).
Фитр садақасининг охирги вақти Рамазон ҳайити намози ўқилгуничадир, ким бу вақтдан кечиктирса, ҳайит намозига қадар берилган садақасидек фазилатни топмайди ва савоби ҳам камроқ бўлади. Фитр–садақани ўз вақтида бермаган киши уни кейинроқ бўлса ҳам бериши лозим.
         Ўзбекистон мусурмонлар идораси Фатво ҳайъатининг 2021 йилги фитр-садақа ва закот нисоби бўйича қабул қилган қарорида фитр-садақа миқдори қуйидагича берилди: “ Фитр садақаси қуйидаги тўрт нарсанинг қиймати баробарида чиқарилади. Улар: буғдойдан ярим соъ (2 кг), арпадан бир соъ 94кг), майиздан ярим соъ(2кг) ва хурмодан бир соъ (4кг)дир.
            Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг Тошкент шаҳар бозорларидаги нархлари ўрганилганда 1 кг буғдой ўртача 5 минг сўм, 1 кг арпа ўртача 3,5 минг сўм, 1 кг майиз ўртача 40 минг сўм ва 1 кг хурмо ўртача 35 минг сўм экани маълум бўлди.
Шунга кўра, 2021 йил учун фитр садақасининг миқдори:
. 2 кг буғдой 10000 (ўн минг) сўм;
. 4 кг арпа 14000 (ўн тўрт минг) сўм;
. 2 кг майиз 80000 (саксон минг) сўм;
. 4 кг хурмо 140 000 ( бир юз қирқ минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақаси берса кифоя қилади. Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб,  ҳар бир вилоят ўз бозоридаги  нархга қараб фитр садақасини белгилайди”.
           Ҳанафия мазҳаби бўйича фитр садақаси сифатида маҳсулот эмас, унинг қиймати миқдорида пулини берса ҳам бўлади.
Фитр-садақаси кимларга берилади?
Фитр-садақа Ҳанафия мазҳабига кўра, закот олиши мумкин бўлган кишиларга берилади. Закот олиши мумкин бўлган саккиз тоифани Аллоҳ таоло “Қуръон карим”да қуйидагича баён қилади. “ Садақалар фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, диллари улфат қилинадиганларга, тутқунларни озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳ йўлига ва мусофирларгадир. Аллоҳ шуни буюрган, Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир” (Тавба сураси, 60-оят). 
Ушбу оянинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да шундай дейилади “Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло   садақа-закотлар тақсимоти у зотга ёки бошқаларга топширмай, Ўзи бунга қуйидаги ҳақдорларни тайин этган: 1) фақирлар, яъни еб-ичгулиги бўлса-да, ўзи закот беришга бўлмаганлар; 2) мискинлар, яъни ҳеч нарсаси бўлмаган қашшоқлар; 3) садақа йиғувчилар, яъни закот-садақаларни одамлардан йиғиб, расмийлаштириб, бошқаларга тарқатишда хизмат қиладиганлар; 4) диллари улфат қилинадиганлар, яъни Исломга янги кирган ёки киришидан умид қилиниб турганлар. Бу Ислом динини қувватлантириш учун эди, аксари уламолар Пайғамбаримиз (с.а.в.)  вафотларидан кейин бунга ҳожат қолмаган, деб ҳисоблашади; 5) тутқунлар, яъни қуллар ва асирларни озод қилишга тўлаш учун; 6) қарздорларнинг қарзларини узишга; 7) Аллоҳ йўлига, ҳажга кетаётганларга ёки Аллоҳ динини ёйишда ҳаракат этаётганларга; 8) мусофирларга, яъни ватанларида бой бўлишса ҳам сафарда муҳтож бўлиб қолганларга. Ҳанафий мазҳаби уламолари юқоридаги саккиз тоифани садақа олишга тамоман ҳақли ҳисоблашади”.
                 Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бериладиган фитр- садақа рўза тутганларни Рамазон ойи давомида йўл қўйган беҳуда гап-сўзлардан покласа, фитр-садақа олганларни    эса моддий жиҳатдан бир оз қувватлантиради. Бу эса жамият кишилар орасида ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик, оқибатли бўлиш каби яхшиликларни бардавом бўлиши учун хизмат қилади.  


Манбалар асосида Р.Акбаров