ИККИ РАКАТЛИ ФАРЗ НАМОЗИНИ ЎҚИШ ТАРТИБИ
Тоза кийим, тоза бадан, намоз ўқиладиган тоза ўринда таҳорат билан қиблага юзланган ҳолда намоз ўқишга киришилади. Намоз қуйидаги тартибда ўқилади.
1. Каъба томонга юзланиб «Холис Аллоҳ учун бомдод намозининг икки ракат фарзини ўқишга ният қилдим» мазмунида ният қилинади.
2. Икки қўлнинг кафтини қиблага қаратиб, бармоқларни букмай, уларнинг орасини кенг очмай ва жипслаштирмай, ўз ҳолича қўйиб, бош бармоқни қулоқнинг юмшоғи баробарича кўтариб, «Аллоҳу акбар» деб такбир айтиш билан намоз бошланади. «Аллоҳу акбар» айтишда «Аллоҳ» лафзининг «алиф»и «Ааллоҳ» деб чўзилмайди, чунки бу билан маъно ўзгариб кетади ва намоз бузилади. «Аллоҳ» лафзида «ҳ» ҳарфидан кейинги «замма» ҳаракатини «Аллоҳув» демай айтилади. «Акбар»да «б» ҳарфидан кейин «алиф»ни чўзиб, «акбаар» дейилмайди. Бу ҳолатда ҳам маъно ўзгариб, намоз бузилади.
3. Қўлларни қовуштирган ҳолда киндик остида тутиб «Сано» («Субҳанакаллоҳумма...») ўқилади.
4. Таъаввуз («Аъуузу биллаҳи...»), басмала («Бисмиллаҳ...») билан Фотиҳа сураси ўқилади ва «валад долийн»дан кейин оҳиста «амийн» айтилиб, таъаввуз ва басмаласиз бирорта сура ўқилади.
5. «Аллоҳу акбар» дея энгашиб рукуъга борилади, бунда энг ками уч марта «Субҳана роббийал-ъазийм» (Улуғ Роббим покдир), дейилади.
6. Белни тиклаётиб «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» (Аллоҳ Ўзига ҳамд айтган кишини эшитади), дейилади. Тўла тикланиб бўлгач «Роббанаа, лакал ҳамд» (Роббимиз, мақтов Сенгадир), дейилади.
7. «Аллоҳу акбар» деб ерга аввал тиззалар, кейин кафтлар, сўнг бурун ва пешона қўйилиб, сажда қилинади. Бунда тирсаклар ерга ва биқинларга теккизилмайди, барча аъзолар, хусусан, оёқ бармоқлари иложи борича қиблага юзлантирилади. Саждада камида уч марта «Субҳана Роббийал-аъло» (Олий Роббим покдир), дейилади.
8. «Аллоҳу акбар» деб саждадан бош кўтарилади ва чап оёқни тўшаб, ўнг оёқ кифтини тик қилиб, бармоқлар қиблага юзлантирилган, икки қўл кафти учи тизза баробарига қўйилган ҳолда ўтирилади.
9. «Аллоҳу акбар» деб иккинчи марта сажда қилинади.
10. «Аллоҳу акбар», деб ҳеч нарсага суянмай иккинчи ракатни ўқиш учун ўриндан турилади.
11. Иккинчи ракатда ҳам «Бисмиллаҳ...» билан Фотиҳа сураси, орқасидан Қуръондан билганича бирор сура ёки узунроқ оят ўқилади.
12. Биринчи ракатдагига ўхшаш рукуъ, саждалар қилинади.
13. Саждадан сўнг ўнг оёғини тиклаб, чап оёғи устига ўтиради ва аввал ташаҳҳуд («Аттаҳиййату...»), ортидан икки салавот («Аллоҳумма, солли ъалаа...» ва «Аллоҳумма, баарик ъалаа...»), кейин дуолар («Роббанаа, аатина...») ўқилади.
Сўнгра аввал тиккадан бошлаб, ўнг томондагиларни ва фаришталарни ният қилиб ўнг тарафга, кейин тиккадан бошлаб чап томондагилар ва фаришталарни ният қилиб чап тарафга «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ», деб салом беради, шу билан икки ракатли намоз якунланади.
Икки ракатли суннат намозларини ўқиш тартиби ҳам бундан фарқланмайди. Фақат ниятда фарқ бўлади.