1442 йил 07 Шаввол | 2021 йил 18 май, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:48
Sunrise
05:22
Dhuhr
12:33
Asr
17:36
Maghrib
19:45
Isha
21:19


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

БУ МЕН УЧУН ЖУДА ОҒРИҚЛИК МАВЗУ (2-қисм)

4-05-2021, 10:53 18 Ўқиш режими + -


– Дарҳақиқат устоз, тарих ҳам гувоҳлик беради: мусулмонлар қачон кучайган, қачон нажотга эришган бўлса, бирдамлик билан эришган. Қачон кучсизланиб, пароканда бўлган бўлса, ўшанда ихтилофлар, ўзаро низолар кучайиб кетган. Ҳозир ҳам "ўзаро бирдамлик Аллоҳ таолонинг марҳамати билан бўлади", деб таъкидлаб ўтдингиз. Шу марҳаматга ноил бўлиш учун, эришиш учун қандайдир сабабларни қилиш лозимми, қандай нарсалардан узоқроқ туриш керак?
– АзонТВ жамоасига "олдимизда шиоримиз бўлиши керак. Бизни мана шу таназзулдан, ёмон бир вазиятимиздан мана шу учта нарсани амалга оширсак, чиқа оламиз", деб кўп таъкидлайман. Ҳозир ўрни келганлиги учун бу жойда ҳам учта нарсани, яъни шиорни айтиб ўтмоқчиман.
Биринчиси – ихлос. Ихлос бу ҳар бир ишни холис Аллоҳ учун қилиш. Холис Аллоҳ учун қилиш кераклигини ҳаммамиз яхши биламиз, ихлос лозим эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз-у лекин ўшанга етиша олмаймиз. Бунинг сабаби – айнан руҳий тарбиямизнинг йўқлиги. Яъни, Аллоҳ таолони кўриб тургандек ибодат қилиш мақомига чиқа олмаётганлигимиз. Агар шу мақомга чиқсак, ҳамма нарса Аллоҳ учун бўлади. Аллоҳ учун бўлгандан кейин шунинг орқасидан дунёвий манфаат кўзламаймиз, обрў кўзламаймиз, қандайдир мансаб, мартаба кўзламаймиз. Шундай бўлгач, бир мусулмон билан ўртамизда қандайдир фикрда бўлиниш бўладиган бўлса, у низо ҳолатига етиб келмайди. Сабаби – ўшанга насиҳатни ҳам Аллоҳ учун қиласиз. Насиҳат қилаётганигизда: "Албатта Аллоҳ мени кўриб турибди, шу насиҳатимни ҳам билиб турибди. Демак мен ҳақиқий мўмин бўлишим керак, насиҳатимда ҳам холис бўлишим керак" деган ўй доимо сизнинг тушунчангизда туради. Аммо ўша жойда: "Бу менинг рақибим, мен унга ўзимнинг устун эканлигимни кўрсатиб қўйишим керак, менинг йўлим тўғри эканлигини ҳаммага исботлаб қўйишим керак" деган фикр турадиган бўлса, бу ёмон оқибатларга олиб келади.
Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ўғли Ҳаммодни ихтилофдан қайтарганлар, ихтилофли масалаларни баҳс қилишдан қайтарганлар. Ўғиллари эътироз билдириб: "Ота, ўзингиз ҳам шундай масалаларни баҳс қилгансиз-ку, масалан, имом Шофеийлар билан ихтилоф бўлган, бошқа мазҳаблар билан ихтилоф бўлган".  Яъни "ҳақиқатлар ихтилофда юзага чиқади-ку" деган маънода эътироз билдирганлар. Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ мақсадни шундай тушунтирганлар: "Бизнинг ихтилофимиздан мақсад ҳақиқатга эришиш бўлган. Сизнинг ихтилофингиздан мақсад рақибингизнинг овозини ўчириш бўляпти". Шу тариқа ўртадаги  тортишувнинг моҳиятини, фарқини очиб берганлар. Биз ана шу томонга эътибор қилмаяпмизда, "салафи солиҳларимиз ҳам тортишган, салафи солиҳларимиз ҳам ҳақиқатни баён қилиш учун қаттиқ ҳаракат қилишган. Залолатга кетган мўминларни тўғри йўлга чақиришга ҳаракат қилишган" деган ўзимизни оқлайдиган сўзларимиз бор. Лекин биз моҳиятини, ниятларимиз қай даражада фарқланишини ўйлаб кўришимиз керак. Мана ҳадиси шарифда пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадиларки: “Мусулмон мусулмонга биродар. Унга нисбатан зулм қилмайди. Уни таҳқирламайди. Уни обрўсини туширмайди. Мусулмоннинг ишини ёмон эканлиги бир мўмин биродарини ҳақоратлаши етарлидир.”
Мўмин биродарини таҳқирлаши, сўкиш ёки бошқа маънода эмас балки унга беписанд қарашнинг ўзи ҳам, унга мутакаббирлик билан муомала қилиш ҳам айнан мана шу ҳадиси шарифнинг тахтига дохил бўлиб қолади. "Мана шунақа, пайғамбар алайҳиссалом айтганлар, таълимот шунақа, мен бир ишни  Аллоҳ учун қиляпманми мана шундай бўлишим керак" деган фикр, мана шу ҳадиси шариф доим кўз ўнгида туради. "Нимага бизнинг кўз ўнгимиздан бу кетиб қолади? Бирданига ғазабга минамиз, бирданига мухолифимизга ташланиб қоламиз, унинг обрўсини туширишга ҳаракат қиламиз, уни ҳақорат қилишга ҳаракат қиламиз? Ҳадиси шарифлар турибди-ку, ояти карималар турибди-ку, нега бундай қиламиз" деса, жавоб шуки – ҳали руҳимиз мустаҳкам эмас. Буни ақлимиз қабул қиляпти, яъни шунақа экан динимиз таълимоти. Лекин ақл ҳар доим ҳам ҳукмронлик қила олмайди инсонга.
Оддий мисол: сигарет чекишнинг зарар эканлигини ҳамма билади, лекин чекаверади-ку. Чунки ақл инсон тасарруфларига ҳукмини ўтказа олмайди. Қалбнинг амри билан бўлган иш эса инсонни бошқара олади. Шунинг учун, қалбни мустаҳкамлаш учун руҳий тарбия керак. Ечим мана шунда деб биламан. Ўз-ўзидан шиоримизга қайтадиган бўлсам, ихлос бўлса, ихлос руҳий тарбия билан тарбияланса, биродарлик, ухувват (бу динимизнинг энг катта асосларидан бири ўнлаб ишора оятлар бор мусулмонларнинг биродар эканлигига, мусулмонларнинг бир бўлиши кераклиги, бир бўлмаса бўлмаслиги, қандай ўзаро муносабатда бўлиши, булар ҳаммаси Қуръони каримда баён қилинган) демак жудаям муҳим масала. Бирлик бўлмайдиган бўлса биз ҳеч қачон муваффақиятга эриша олмаймиз. Жамиятда мусулмон сифатида ўзлигимизни намоён қила олмаймиз, мусулмон сифатида Аллоҳ таолонинг рисолатини халқ орасида ёя билмаймиз, қўлимиздан келмайди. Ўзимиз гарчи Аллоҳ учун амал қилсак-да, бир бўлмаганимиздан кейин кучимиз кесилади, Аллоҳ айтгандек муваффақиятсизликка дучор бўламиз.
Учинчи иш эса – доимий тўхтовсиз амаллардир. Сизда ихлос бор, мусулмонни биродар деб биласиз-у лекин уйингизда бемалол телевизор кўриб, сериал кўриб ётибсиз. Бу билан динимизда муваффақиятга эришилмайди. Жамият ислоҳига қандайдир  манфаат етмайди. Ихлос билан, биродарлик билан ўзаро ҳамкорликда ўзимизда динни намоён қилиб, гўзал ахлоқларни намоён қилиб, тинимсиз ҳаракат қиламиз, тинимсиз амалда бўламиз. Амал деганда хоҳ уни тоат-ибодат маъносида тушунинг, хоҳ жамиятдаги фаолият маъносида тушунинг, бунинг фарқи йўқ. Доимий, тўхтовсиз амал қилинадиган бўлса, иншaaлоҳ жудаям катта муваффақиятга эришилади.
СуҳбатдошҚудратуллоҳ Аҳмад
(давоми бор)