1442 йил 07 Шаввол | 2021 йил 18 май, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:48
Sunrise
05:22
Dhuhr
12:33
Asr
17:36
Maghrib
19:45
Isha
21:19


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РЎЗАДОР ОДАМ ҚЎШИҚ ЭШТИШИ ВА СЕРИАЛ КЎРИШИ МУМКИНМИ?

4-05-2021, 11:57 36 Ўқиш режими + -
    
    635-САВОЛ: Рамазонда рўзадор одам қўшиқ эшитиши ва сериал кўриши мумкинми?

    ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Рамазон ойи роҳат-фароғат ва кўнгилхушлик қилиш ойи эмас, балки Аллоҳ таолога ибодат қиладиган, нафсни жиловлаб, уни кўплаб яхши амалларга одатлантириб оладиган ойдир. 
   Ҳақиқий рўза еб – ичиш ва шаҳватни тарк қилишгина эмас. Ҳақиқий рўза тил, кўз, қулоқ, қўл – оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳ ва шубҳали амаллардан тийишдир. Қалб рўзаси эса дунё ташвишларини унутиб, охират билан машғул бўлишдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: 
" ليس الصيام من الأكل والشرب إنما الصيام من اللغو والرفث"
яъни: “Ҳақиқий рўза фақат еб-ичишни тарк қилиш эмас, балки беҳуда ва фаҳш сўзлардан тийилишдир”, деганлар (Имом Ибн Хузайма ривояти). Саҳобалардан Жобир разияллоҳу анҳу айтади: “Агар рўза тутсанг, қулоғинг, кўзинг ва тилинг ҳам ёлғон ва ҳаромдан рўза тутсин! Қўшнинга озор берма! рўза тутган кунинг сенда хотиржамлик ва виқор бўлсин! Рўза тутган кунингни рўза тутмаган кунингдек ўтказма!”.
   Рамазон ибодат мавсумидир. Ундан унумли фойдаланиб қолишимиз керак. Машҳур тобеин Иброҳим Нахаъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Рамазонда бир кун рўза тутиш бошқа вақтдаги минг кун рўза тутгандан афзалдир. Рамазонда битта тасбиҳ айтиш бошқа кундаги мингта тасбиҳдан афзалдир". Модомики, рўза тутишга қодир эканмиз, унинг қадрига етайлик. Атрофимизда рўза тутишга интилган, аммо хасталиги, қарилиги ва бошқа сабаблар туфайли унга эриша олмаётган мўмин ва мўминалардан ибрат олайлик.
   Уламоларимиз намозимизни бенуқсон адо қилиш учун, уни худди умримизда сўнгги маротаба ўқиётганимиздек қоим қилишни тавсия қилганлар.
   Мазкур тавсияга риоя ўлароқ, биз ҳам Рамазон ойида қилинажак яхши амалларимизни гўё буларни ҳаётимиздаги сўнгги Рамазонда бажараётгандек, барча аҳкомлари билан тўлиқ адо этишга интилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки бу дунёдаги ризқимиз битиб, балки биз ҳам кейинги Рамазонгача етиб бормасмиз. Валлоҳу аълам. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar