ГАЗ СВЕТ ҲИСОБЛАГИЧЛАРДАН ЎҒРИНЧА ФОЙДАЛАНСА БЎЛАДИМИ?
4755
6-05-2021, 15:53
524
Ўқиш режими
+
-
636-CАВОЛ: Халқ ичида битта ярим кўрамиз, эшитамиз давлатни табиий бойликларидан ўғрилик йўли билан фойдаланишаётганини. Мисол учун газни ҳисоблагичидан ўтказмай ўғринча йўл билан газни ёқиб пул тўламаса шуни ҳукми қандай?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Азҳари Шарифнинг тадқиқотчиларидан бири Ҳасан Халил айтади: “Электр энергиясини ўғирлаш турларининг барчаси шаръан ҳаромдир. Чунки электр энергияси қийматга эга бўлган молдир. Шунинг учун электр энергиясидан шаръий йўл билан фойдаланиш вожибдир. Ношариъй йўллар билан фойдаланиш ўғрилик ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар:
وَالْإِثْمُ مَا حَاكَ فِي صَدْرِكَ وَكَرِهْتَ أَنْ يَطَّلِعَ عَلَيْهِ النَّاسُ" رواه مسلم
"Гуноҳ – бу қалбингда иккиланиш, ҳаловатсизлик бўлган ва одамлар ундан хабардор бўлишларини ёқтирмаган нарсангдир”. (Имом Муслим ривояти)
Электр энергияси ёки табиий газдан ношаръий йўллар билан фойдаланаётган инсон одамлардан яширинча ҳаракат қилади. Уларнинг хабардор бўлишларидан қўрқади.
Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
قال ﷺ: المسلمون على شروطهم، إلا شرطا حرم حلالا أو أحل حراما ) الترمذي
“Мусулмонлар ўзаро келишган шартларига кўрадирлар. Ҳаромни ҳалол қилган ёки ҳалолни ҳаром қилган шартлар бундан мустасно” деганлар. (Термизий ривояти)
Демак фуқаролар давлат билан табиий бойликлардан фойдаланишда ўзаро шартларга келишганидан сўнг ўша шартларга амал қилиши лозимдир.
Давлатнинг табиий бойликларидан ўғирлик йўли билан фойдаланиб, унинг тўловини бермаётганлар албатта шариъй жиҳатдан гуноҳга қўл ураётганлар ва халқ мулкига-омонатга хиёнат қилаётганлар ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Моида сурасининг биринчи оятида қуйидагича марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَوْفُوا بِالْعُقُودِ
"Эй, имон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилингиз!" (Моида сураси 1-оят).
Хулоса шуки, халқ мулкини ёки давлат мулкини ноҳақ ўзлаштириш шаръан ҳаромдир. Ўзганинг ҳаққини ҳаромлигига доир оят ва ҳадислар бунга тўлиқ мувофиқ тушади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.