КЕЧИРИМЛИЛИК – МЎМИНГА ХОС ФАЗИЛАТ ( 1-қисм)
4758
7-05-2021, 10:54
354
Ўқиш режими
+
-
Динимиз бизни солиҳ амалларга буюриш билан бирга намунали ва гўзал ахлоққа ҳам тарғиб этади. Зотан, дин уч нарсадан иборатдир: тўғри ақида, солиҳ амал ва намунали хулқ. Ана шу мақталган ахлоқлардан бири ҳалимлик ва кечиримлиликдир. Бир сўз билан айтганда кечиримли бўлиш, динимиз таълимотидир. Қуйида бунга далил ўлароқ Қуръони карим оятлари ва суннати набавияда келган далилларни келтириб ўтамиз:
خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ
яъни: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси 199-оят).
Мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз набийсига кечиримли бўлиш, инсонларни яхшиликка буюриш ва жоҳил кишиларнинг гап сўзларига эътибор қилмасликка буюрмоқда. Мўмин инсон ушбу сифатлар билан сифатланса, Аллоҳ таоло Ўз каломида мақтаган тақводорлар қаторида бўлади. Зотан, У Зот шундай марҳамат қилади:
الَّذِينَ يُنْفِقُونَ فِي السَّرَّاءِ وَالضَّرَّاءِ وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ
яъни: “Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси 134-оят).
Аллоҳ таоло ато қилган раҳмат сабабли Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобийларга мулойимлик билан муомала қилар эдилар, саҳобийлар ҳам У Зотнинг атрофида жипслашган эдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاسْتَغْفِرْ لَهُمْ وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْرِ فَإِذَا عَزَمْتَ فَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُتَوَكِّلِينَ
яъни: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси 159-оят).
Яъни “Сиз, эй, Муҳаммад, Уҳуд жангида қилган итоатсизликлари ва ҳарбий интизомни бузганликлари учун ёронларингизни жазолаш ёки танбеҳ бериб, дағал муомала билан хафа қилиш ўрнига Менинг Сизга ато этган раҳматим ва шафқатим туфайли уларга юмшоқ муносабатда бўлдингиз. Акс ҳолда улар Сиздан юз ўгириб, ҳатто диндан ҳам қайтиб кетишлари мумкин эди. Мазкур воқеада йўл қўйган хато ва камчиликларини авф этинг ва гуноҳларини кечиришни Мендан сўранг. Мендан кўрсатма берилмаган ишларда улар билан бамаслаҳат иш тутинг. Маслаҳатлашиб бир қарорга келгандан кейин Менга таваккал қилиб ўша ишни амалга ошираверинг. Зеро, Мен барча ишларини Менга таваккал қилган ҳолда қилувчиларни дўст тутаман”, деб Ҳақ таоло ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга хитоб қилмоқда.
Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида бандаларини бир-бирларининг хато камчиликлари ва айб-нуқсонларини кечиришга буюрилган. Демак, кишилар ўзаро бир бирларини кечириши, афв қилишлиги билан жамиятда аҳиллик, бирдамлик ва бир бирини қўллаб-қувватлаш, бунинг натижасида мустаҳкам жамият барпо бўлади.
(давоми бор)
ЎМИ нинг жумъа мавъизасидан олинди