МАРҲУМНИНГ ҚАЗО НАМОЗ ВА РЎЗАЛАРИ УЧУН ФИДЯ БЕРСА БЎЛАДИМИ?
4779
9-05-2021, 12:17
1 217
Ўқиш режими
+
-
639-CАВОЛ: Вафот этган кишини қазо қилган намозлари ёки рўзалари бўлса, меросхўрлар ёки кимдир уни фидясини бериши шариатимизда борми?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Фидя – киши зиммасидаги нарсани адо қилиш мақсадида мол ёки шунга ўхшаш нарсани беришидир (“Лисонул араб” китоби).
Фидя бериш шариатимизда бор. Бу ҳақда фиқҳий китобларимизда шундай дейилган:
وَلَوْ مَاتَ وَعَلَيْهِ صَلَوَاتٌ فَائِتَةٌ وَأَوْصَى بِالْكَفَّارَةِ يُعْطَى لِكُلِّ صَلَاةٍ نِصْفَ صَاعٍ مِنْ بُرٍّ مِنْ ثُلُثِ مَالِهِ وَكَذَا حُكْمُ الْوِتْرِ
яъни: “Киши вафот этиб, унинг зиммасида қазо намозлари бўлса ва вафотидан олдин фидя беришни васият қилса, ҳар бир намози учун қолган молининг учдан биридан икки килограмм буғдой (ёки унинг қиймати) берилади. Витр намози учун ҳам икки килограмм буғдой (ёки унинг қиймати) берилади” (“Дуррул мухтор” китоби).
Демак, зиммасида намоз ва рўзаларининг қазоси бор киши вафотидан олдин уларнинг фидясини тўлашни васият қилиши керак. Маййит фидя тўлашга васият қилган бўлса, уни кафанлаш, қабрга қўйиш, қарзларини тўлашдан кейин қолган бор мол-мулклари қийматининг учдан биридан маййитнинг фидясини меросхўрлар адо қилишлари вожиб бўлади. Адо қилмасалар, гуноҳкор бўладилар. Агар марҳум фидя тўлашни васият қилмаган бўлса, ёки мол-мулк қолдирмаган бўлса, меросхўрлар ўз ихтиёрлари билан марҳумнинг фидясини тўлашлари – улкан савоб ҳамда маййитга енгиллик ва раҳм-шафқат қилишдир. Мабодо, тўламасалар гуноҳкор бўлмайдилар.
Бир кунлик рўзанинг фидяси ҳам икки килограмм буғдой ёки унинг қиймати баробарича бўлади.
Фидяни кимларга бериш афзал экани ҳақида: “Фатовои ҳиндия” китобида шундай дейилган: “Закот, фидя ва фитрни беришда энг афзали аввало ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнг – уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнг – уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари, сўнг – юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақлидирлар”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.