Рамазон ҳайит намози қандай ўқилади?
Рамазон ҳайит намози баъзи бир жиҳати билан бошқа намозлардан фарқ қилади. Шу жиҳатдан Рамазон ҳайит намозининг ўқилишига эътибор бериб ўтсак, яхши бўлади.
Рамазон ҳайит намози қуйидагича ўқилади:
Биринчи, ният қилиб намозга киришилади. Яъни “Рамазон ҳайити намозини Қиблага юзланган ҳолда, имомга иқтидо қилиб, ўқишни ният қилдим” деб, “Аллоҳу акбар”ни айтиб қулоқ қоқилади.
Кейин қўлни қовуштириб, ҳар ким ичида сано (Субҳанакаллоҳумма...) дуосини ўқийди. Сўнгра имом қўлларини қулоқларига кўтариб, уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам уч марта такбир айтади. Такбирлар орасида қўллар боғланмайди, ёнга ташланади. Тўртинчи такбир айтилгач, қўллар боғланади, қиём ҳолида турилади.
Кейин имом ичида “Аъузу”ни ва “Бисмиллаҳ”ни айтиб, овоз чиқариб “Фотиҳа” сурасини ва зам сурани ўқийди. Қавм жим эшитади. Қироатдан сўнг такбир айтиб, руку ва саждалар қилиниб, иккинчи ракатга турилади.
Иккинчи ракатда имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқийди. Қироатдан сўнг рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби, имом ва жамоат биргаликда уч марта такбир айтадилар. Такбирлар орасида қўлларини боғламай, ёнга ташлайдилар. Ва тўртинчи такбирни айтиб, рукуга борадилар ва сажда қиладилар. Саждадан сўнг ўтириб, ташаҳҳуд, саловат ва дуо ўқиб, салом бериб, намозни тугатилади.
Аллоҳ таоло барчаларимизнинг Рамазон ҳайит намозини Ўз даргоҳида мақбул айласин!
(Манбалар асосида Р. Акбаров тайёрлади)