Хушмуомилалик
Инсонлар бир-бирлари билан ўзаро муомилада хушмуомила бўлишга ҳаракат қилади. Чунки инсоннинг икки дунёлик саодати унинг қалбининг тўғрилиги ва муомиласининг яхшилигига боғлиқ. Хушмуомилалик инсон қалбига роҳат, танасига ҳузур бағишлайди.
Хўш, хушмуомила нима?
Хушмуомила сўзи “ Ўзбек тилининг изоҳли луғати” да: “ Хушмуомила-муомиласи, гап –сўзлари, ҳаракати ёқимли; хушфеъл” деб изоҳланади. Хушмуомилалик бошқа бировлар билан одоб юзасидан ёқимли, ширин тил билан муомила қилишдир.
Кундалик ҳаётда инсонлар бир-бирлари билан ҳар куни муомила қилишади. Одамлар ўртасидаги бу муомила мулойим бўлиши лозим. Инсонлар бир-бирларига худди меҳмонга қилинадиган ширин муомиладек муомила қилишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, инсонларнинг барчалари бу дунёда меҳмондирлар. Халқимиз мақолларида ҳам яхши муомиланинг инсонга манфаати кўп эканлиги ҳақида айтилади. Шундай мақоллардан бирида: “ Яхши сўз билан илон инидан, ёмон сўз билан мусулмон инидан чиқади” дейилади.
Ҳазрати Алишер Навоий ўзларининг “ Маҳбубул-қулуб” асарларида хушмуомилалик ҳақида: “ Тил ширинлиги-кўнгилга ёқимлидир; мулойимлиги эса –фойдали. Чучук тил аччиққа айланса кўпчиликка зарари тегади; қанддан май тайёрланса ҳаром бўлади. Ширин сўз соф кўнгиллар учун асал каби тотлидир; болалар учун мулойим табиатли одам-ҳалвофуруш каби севимлидир ”деб ёзадилар.
Имом Ғаззолийдан хушмуомила киши ҳақида сўралганда, у зот: “ Хушмуомила одамнинг ҳаёси кўп, озори кам, яхши амали кўп бўлади. У вазмин, сабрли, шукрли, қаноатли, ҳалим, дилкаш, уятчан ва меҳрибондир. У лаънатламайди, чақимчилик, ғийбат қилмайди. У шошқолоқ, кекчи, бахил, ҳасадгўй эмас. Унинг юзлари доимо очиқ, жилмайиб туради”деб жавоб берган эканлар.
Инсон тили унинг қалбини таржимонидир. Инсоннинг қалби соф бўлса, унинг тилидан ҳам яхши гаплар чиқади. Ҳар бир кишининг сўзига қараб унинг кимлигин англаса бўлади. Бу ҳақда ҳадисда: “ Инсоннинг юраги тўғри бўлмас экан, унинг иймони тўғри бўлмайди ва инсоннинг тили тўғриланмас экан, унинг юраги тўғри бўлмайди” дейилади. ( Имоми Аҳмад ривояти). Яхши инсоннинг тили ширин, муомиласи ёқимли бўлади. Ғайратли, ўзини жиловлай олган, хушфеъл кишиларга катта ажрлар бордир. Бу ҳақда “ Қуръони Карим” да: “ Уларнинг кўп шивирлаб гапиришларида яхшилик йўқдир. Агар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда –ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот берилади” дейилади. ( Нисо сураси, 114-оят). Баъзи кишилар хушфеълликка одатланиб қолишади. Баъзилар гўзал хулқ эгаларини кўриш, улардан ибратланиш орқали фазилат касб этишади. Инсон ҳар бир сўзига эътибор бериши лозим. Чунки инсон эрта бир кун ҳар бир сўзи учун жавоб беради. Инсоннинг ҳар бир айтган сўзи ёзиб борилади. Бу ҳақда “ Қуръони Карим”да “ Инсон айтадиган ҳар бир сўзни ёзиб борувчи фаришта ҳозирдир” ( Қоф сураси, 18-оят).
Дунёда яхши одамнинг сўзи ва қўлидан бошқа одамлар озор топмаслиги керак. Ҳадисда: “ Одамларнинг яхши амали бу-уларнинг тили ва қўлидан бошқа кишилар озор топмайдиганидир” дейилади. Бу ҳадисда олдин тил кейин эса қўл тилга олинади. Чунки қўлдан кўра тилнинг озори кўпроқдир. Халқимизда ҳам бу ҳақда: “ Тиғ яраси битади, тил яраси битмайдиган” деган мақол бор. Шу билан бирга тилни тиймаслик натижасида қўл ҳаракатга келади. Қўл билан бериладиган аксар ҳолатлар тилни тиймасликдан келиб чиқади. Тилни қўполликдан ва қўлни бировларга зулм қилишдан тийиш хушмуомиланинг асосини ташкил қилади.
Хушмуомалик инсоннинг умрини самарали, тинч осуда ўтишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло хушмуомилалик ҳақида шундай марҳамат қилади:“ (Эй инсон), Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўринг: у сўз худди бир асил дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи ( ер остига) маҳкам ўрнашган. Шохлари эса осмонда бўлиб, парвардигорнинг изни-иродаси билан мудом мева берур. Аллоҳ одамларга эслатма-ибрат олишлари учун мана шундай мисоллар келтирур” ( Иброҳим сураси, 24-25 оятлар). Бу ўриндаги “яхши сўз” томири ерга мустаҳкам ўрнашган “асил дарахт”га ўхшатилган. Инсон баъзан хафа бўлиб ёки ғазабланиб турганида ҳам доимо хушмуомила бўлишга ҳаракат қилиши керак. Дарахтнинг илдизи қанча мустаҳкам бўлса, у шунчалик мустаҳкам бўлади. Инсоннинг ҳам хулқида хушмуомилалик қанча томир отган бўлса, у шунча мустаҳкам бўлади. Хушмуомила инсон ҳар жойда хушмуомиликнинг мевасидан баҳраманд бўлади. Хушмуомила бўлмаган, ўзига доим қўполликни касб қилган одам эса ҳар жойда туртки ейди. Унинг бирор жойда қўним топганини кўрмайсиз. Бу ҳақда ҳам Аллоҳ таоло шундай дейди: “ Ёмон сўзнинг мисоли эса ердан ( илдизи) узилиб қолган, бир жойда ( ўрнашиб) қўним топмайдиган нопок дарахтга ўхшар”. ( Иброҳим сураси, 26-оят).
Қайси бир инсонининг муомиласи яхши бўлса, унга яхши насиба берилган бўлади. Бу ҳақда ҳадисда: “Кимгаки юмшоқлик берилган бўлса, у кишига дунё ва охират яхшиигидаен иборат насиба берилгандир. Кимки юмшоқлик насибасидан маҳрум қилинган бўлса, демак у дунё ва охират яхшилигидан иборат бўлган насибадан маҳрум қилинибди” дейилади. Хушмуомилали кишини ҳамма яхши кўради, дағал, қўпол кишидан ҳамма безор бўлади.
Инсонларнинг ўзаро муомилалар хушфеъллик билан бўлиши уларнинг яхши тарбия кўрганликларига далолат қилади. Ёшликдан инсон хушфеълликка ўргатиш, унда муомила маданияти шакллантиришга аҳамият бериш муҳим ишлардан ҳисобланади. Инсонда муомила маданияти шаклланмаса, унда қўполлик, бадфеъллик аломатлари намоён бўладиган бўлса, у киши яхши тарбия кўрмаганлигини билдиради. Тарбия топган, хушмуомила инсон қаерда бўлса, обрў-эътибор топади. Элдан ҳам яхши тарбия кўрган, хушмуомила инсонни ардоқлаб, уларни миннатдорчилик билдириб “ отасига раҳмат” дейилади. Бу ҳақда шоир ҳам шундай ёзади:
Ҳар бир ишга сабабдир инсон, Яратгандан келар оқибат. Ота-онанг сабабдир аммо, Оллоҳ сени яратмиш фақат. Яратганга ҳамдлар айтаман, Ота-онанг топсин барокат. Тарбия қилган отангга раҳмат, Сени туққан онангга раҳмат.
Одамларнинг ёмонлигини яшириб, фақат яхши томонларини гапириш фазилат ҳисобланади. Шу боисдан сўзлаганда билиб сўзлаш ёки жим туриш афзал ҳисобланади. Бу ҳақда пайғамбаримиз ( с.а.в.): “Кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, фақат яхшиликни сўзласин ёки жим турсин”, дедилар. Яна бошқа бир ҳадисда: “ Жим туришга одатлан, чунки жим туриш, шайтонни ҳайдайди ва юрагингни сақлашингда сенга ёрдам беради” дейилади.
Инсонлар орасида рўй берадиган турли келишмовчилик, жанжалларнинг асосий сабабларидан бири қўпол муомиладир. Инсондаги қўпол муомиланинг ўзи ҳамма муаммоларни чигаллаштирадиган, муаммо устига яна муаммони кўпайтиради. Қўпол сўзли кишининг атрофидаги кишилар ҳам ундан озор тортишади. Унинг атрофида дўстлари ҳам кам бўлади. Бу ҳақда ҳам Аллоҳ таоло: “Менинг бандаларимга айт, ( ўзаро сўзлашганда) яхши сўзларни сўзласинлар. Албатта, шайтон уларнинг орасига душманлик солиб туради” дейди. ( Исро сураси, 53 –оят). Шайтон учун инсоннинг қўполлиги айни муддао. Шайтон инсоннинг қўпол муомиласидан фойдаланиб уни мағлуб қилади. Инсон қўпол муомила орқали йўқ ердан муаммо чиқаради, хунук ҳолатларга тушиб қолади. Шайтон инсонни муваффақиятсизликка учратади. Инсон аввало ўзидаги бу муаммони ҳал қилиб олиши лозим. Бу ҳал қилиниши лозим бўлган муаммонинг ечими эса хушмуомилаликдир. Инсон хушмуомилалик ва қўпол сўзларни гапиришдан тийилиш билан шайтон устидан ғолиб бўлади. Бу ҳақда ҳадисда: “ Киши беҳуда, қўпол сўзлардан тийилиш билан шайтон устидан ғолиб бўлади” дейилади.
Муомиласини яхшиламайдиган, эзгулик сари интилмайдиган, зарарга рози бўладиган, қўполликдан ўзини чет олмайдиган кишининг аҳволи ачинарлидир. Хуш муомилалик туфайли душманлар дўстга айланади, оилалар мустаҳкам , қариндошлик ришталари маҳкам боғланади. Хушмуомила қилмаслик, одамларга озор бериш натижасида эса дўстлар душманга айланади, оилалар пойдеворига путур етади, қариндошлик ришталари узилади. Барчаларимизга хушмуомилалик ва ундан келадиган ажр-савоблар насиб этсин.
Руҳиддин АКБАРОВ,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги
Ахборот-медиа маркази масъул ходими,
“Акбар Халифа эшон ибн Мухтор” масжиди имом-хатиби