1445 йил 11 Шаввол | 2024 йил 19 апрель, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:33
Sunrise
05:55
Dhuhr
12:36
Asr
17:21
Maghrib
19:18
Isha
20:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

СОҒЛОМ ИСЛОМИЙ АҚИДА

20-05-2021, 09:50 314 Ўқиш режими + -
 Соғлом исломий ақида
 
Ҳар бир инсоннинг имони, эътиқоди унинг бажараётган амали, ақидасининг софлигига боғлиқдир. Муқаддас ислом динимиз беш рукнга асосланган бўлиб, аввалгиси иймон қолган тўрттасининг мақбул бўлишига асосдир. Айнан ана шу иймон рукни ақидага тегишли бўлиб, ҳар бир мўьмин мусилмон киши уни яхши билмоғи лозим.
“Ақийда” сўзи арабча “ақада” феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг кўплик шакли “ақоид” бўлади. Ислом ақидаси ҳар доим инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуидан иборатдир.
Киши одатда бирор нарсага эътиқод қилиши учун унинг моҳиятини аъло даражада билиши керак. Акс ҳолда, ақида борасида чалкашлик ва хатоликлар келиб чиқиши табиий. Бунинг учун маърифат зарур. У онгимизда мустаҳкам қарор топсагина, эътиқодимиз мусаффо бўлади. Демак, ақида илмга асосланган бўлиши лозим. Аслини олганда, барча нарсанинг туб мағзини англашда илму маърифатга муҳтожлигимиз кундан-кун сезилиб туради.
Бинобарин, динда ҳар доим ҳам ихлоснинг ўзи кифоя қилмайди. Илмсиз нажот топаман деган кишилар адашади. Илм нажот ва бахт-саодат калитидир. Буюк тобеъин Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Илмсиз амал қилувчи – йўлни билмасдан йўлга чиққан йўловчи кабидир. Илмсиз амал қилган кишининг ислоҳидан кўра фасоди кўпроқ бўлади. Шундай экан ибодатга зарар бермайдиган илмни ва илмга зарар бермайдиган ибодатни талаб қилинглар. Бир қавм ибодат талабида бўлди ва илмни тарк қилди. Натижада улар уммати Муҳаммадга қилич кўтариб чиқди. Агар уларда илм бўлганида, бу ишни қилмаган бўлар эди”.
Ақида софлиги ҳар бир мусулмон учун ўта муҳимдир. Чунки ақидасиз амалларнинг заррача фойдаси йўқ. Буюк бобокалонларимиздан бири Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ ақоид илмининг зарурлигини баён қилиб шундай деганлар:
Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил амал деб қилса елдур.
 Ақиданинг зарурий масалаларини билмаган киши ҳар қанча ибодат ва риёзат қилса ҳам, қилган ибодатлари унга ҳеч қандай наф бермайди. Шунингдек, ақида нотўғри танланса, бунинг оқибати янада ёмон бўлади. Ҳар бир балоғатга етган ақли расо мусулмон учун дастлаб соғлом ақидани ўрганиши фарз бўлади. 
Соғлом ақида Ислом динининг асоси бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилганларидан сўнг деярли ўн уч йил давомида у зотга асосан ақидага тааллуқли ҳукмлар ваҳий қилинган.
Соғлом ақида мўмин банда ва Аллоҳ таоло ўртасидаги алоқанинг моҳияти нимадан иборатлигини тушунтириб беради. Уламолар соғлом ақидали мусулмоннинг тасарруфи қандай бўлишига қуйидагича мисол келтирганлар. “Бир кишига дўсти маълум миқдорда маблағ бериб уни қаерларга сарфлашини тайинласа, дўсти мазкур жойларга ортиқча қийналмасдан, ичи ачишмасдан сарфлайди. Чунки унда қўлидаги маблағ тўғрисида “бу маблағ менинг шахсий молим эмас, менинг қўлимда турган омонатдир, мен уни фақатгина эгаси тайинлаган жойларга сарфловчиман холос” деган соғлом ақидаси бўлади. Шу маънода соғлом ақидали мўмин киши ўзидаги барча нарсаларни Роббисининг омонати деб билади. Молидан закот ё ушр ёки етим-есирларга бирор эҳсон қилар экан, ўз ёнидан бераётгандек оғриниб эмас балки зиммасидаги омонатини адо этаётганидан хурсанд бўлиб сарфлайди. Бу эса ундаги соғлом ақиданинг самараси ҳисобланади;   
Соғлом ақида қилинган ибдатларнинг қабул бўлишига сабаб бўлади. Чунки соғлом ақидасиз қилинган амаллар қабул бўлмайди;
Дунёда саодатли ҳаёт кечириш соғлом ақидага боғлиқ;
Соғлом ақида кишини нафси талпинаётган ҳаром ишлардан тўсиб туради;
Соғлом ақида кишини доимо Роббисига ибодат қилишга чорлаб туради. Чунки эътиқодий ҳукмлар ва амалий ҳукмлар пойдевор ва унинг устига қурилган бинодек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун ҳам эътиқодий ҳукмларга қалб боғланмасдан туриб амалий ҳукмларни ҳаётга тўғри татбиқ этиб бўлмайди.
Охиратда нажот топиш соғлом ақидага боғлиқ.
Хожа Абдулхолиқ Ғиж­дувоний айтади: “Қалбнинг саломат бўлиши Ҳақ таоло рози бўлмаган нарсалардан узоқ бўлишдир. Эртага соғлом дилдан ўзга ҳеч нарса ёрдам бермайди. Расулуллоҳ айтадилар: “Инсон жасадида бир парча гўшт бор, агар у саломат бўлса, бошқа аъзолар ҳам саломат бўлади, агар у бузилса, бошқа аъзолар ҳам бузилади. Огоҳ бўлинг, бу қалбдир”. Тўғри ­танланган ақида қалбни бузилишдан сақлайди.
Ақида исломнинг асоси бўлгани учун ҳам уни бузишга ҳаракатлар ҳар доим бўлиб келган. Хусусан катта саҳобийларнинг вақтларидаёқ ақидавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган эди. Тобеъинлар даврига келиб ҳолат янада жиддийлашди. Чунки бу пайтда мўътазилий, қадарий, хорижий каби кўплаб бузуқ ақидадаги тоифалар тарқалиб бўлган эди. Бундан ташқари динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни мақсад қилганлар ҳам кўпайгандан кўпайган эди. Ана шундай оғир пайтларда соф ислом ақидасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламоларни Аллоҳ тўхтовсиз чиқариб турди ва бу зотлар вазифаларини муносиб бажардилар. Улар Аҳли сунна вал жамоа ақидасини муносиб ҳимоячилари бўлиб, бу йўлда жуда машаққатли ишларни бажардилар. Бу борада имом Ашъарий ва имом Мотуридийларни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Маълумки, дин мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг натижаси залолатдан бошқа нарса бўлмайди.  
Динда ғулувга кетиш ҳам ақида борасидаги етарли билимга эга бўлмаганлик натижасидир.  Диндаги ғулувнинг энг ёмони – етарли шаръий илми бўлмаган ҳолда Қуръони карим ва ҳадисдан ўзича ҳукм олиш, суннатга ўзича амал қилиш, аҳли суннатда мавжуд тўрт мазҳабдан бирортасини ҳам эътироф этмасликдир. Буларнинг бари кишининг залолатига сабаб бўлади.
Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Чунки сиздан олдингилар динда ғулувга кетиши сабабли ҳалокатга учради” (Ибн Можа ривояти).
Бундан билинадики, мусулмон киши шариатда буюрилмаган турли ибодатларни ўзича кўпайтириб олиб, белгиланган меъёрга риоя қилмасдан ҳаддан ошириб юбормасин. Ғулув диннинг кушандаси экани аниқ манбаларда қайд этилган.
Ақидани нотўғри танлашнинг салбий оқибатларидан яна бири динни жуда ҳам енгил олиб, шаръий аҳкомларни тўғри бажаришни ортга суришдир. Бунинг ҳар иккиси ҳам нотўғридир.
Ҳакимлардан бири бундай деган экан: “Бандалар Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилишларида шайтоннинг икки ҳамласига учрашлари бордир: биринчиси, банданинг амалда ғулувга кетиши бўлса, иккинчиси, амалда нуқсонга йўл қўйишдир. Шайтон буларнинг қайси бири ғолиб бўлишига асло парво қилмайди”.
Демак дунёда бахтли ҳаёт кечириб охиратда жаннатга киришни  хоҳлаган инсон албатта соғлом ақидани ўрганиши ва унинг тақозосига кўра яшаши лозимдир.
 

М. Қораев
Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби