1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“Султон Мир Ҳайдар” масжиди

3-02-2020, 18:43 1 674 Ўқиш режими + -

 

                                    “Султон Мир Ҳайдар” масжиди

 

     “Султон Мир Ҳайдар” масжиди Касби тумани Касби қишлоғида жойлашган. 

Маълумки, Касби қишлоғи Қарши шаҳридан 40 км ғарбда жойлашган. Касби қишлоғининг “ касби” атамаси билан номланиши Касби тепалигининг қадимда йирик қўрғон, катта қалъа бўлганлигини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. “ Касби ” атамаси арабча “қасаба” сўзидан олинган бўлиб, у “ бош шаҳар”, “ йирик қўрғон ”, “ катта қишлоқ” деган маъноларни англатади. Бу ҳақда топономик олим Тўра Нафасов ўзининг “ Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати” китобида:  « Касби- Араб географлари Истаҳри, Самъоний, Ёқут асарларида Касби ва Безда ( ҳозирги Фазли) йирик қишлоқ номи сифатида қайд қилинган. Касби арабча қасаба ( кичик шаҳар, катта қишлоқ, қўрғон; қўға, қамиш) сўзининг ўзгарган шакли. Касбини шаҳар, катта қишлоқ, қўрғон деб изоҳлаш маъқул. Чунки қадимий номлар объект турини билдирувчи сўзлар, географик терминлардир[1]» деб ёзади.

                 “Султон Мир Ҳайдар” масжиди Касби туманидаги тарихий ёдгорлик ҳисобланади. Масжидга  “Султон Мир Ҳайдар” деб ном қўйилиш сабаби қуйидагичадир.

                Касби қишлоғида қадимда машҳур Насафийлар  истиқомат қилишган ва шу ерда дафн қилинганлар. Ана шундай машҳур кишилардан бири Саййидлар Султони, иззат ва каромат манбаи  Амир Саййид Шамсиддин Ҳайдар Ан-Насафийдир. 

Масжидга яқин жойда бўйи 1 метр, эни 89 см, оғирлиги 2 тоннага яқин сандиққа ўхшаш кулранг мармар тош сақланади. Темурийлар даврига хос бўлган бу қабртошга ўз даврининг энг моҳир сангтарошлари  ишлов берган ва энг машҳур хаттотлари хат битганлар. Қабртошнинг шимол томонида қуйидаги битик бор:

 قبر المرحوم المغفور امير سيد شمس الدين حيدر ابن امير اعظم امير سيد بركه  هذا    

« Ҳаза қабру-л-марҳум –ул- мағфур Амир Саййид Шамсиддийн Ҳайдар ибни Амир Аъзам Саййид Барака».  Таржимаси: « Бу қабр Амир  Аъзам   Амир Саййид  Бараканинг ўғли   марҳум   ва мағфур Амир Саййид   Шамсиддин Ҳайдарникидир  ». 

Қабртошдаги ёзувдан ҳазрат Амир Шамсиддин Ҳайдар Ан-Насафий таниқли Амир Аъзам Саййид Бараканинг ўғли эканлиги маълум бўлади.  Амир Аъзам Саййид Барака  Амир Темурнинг пири бўлиб, у аслида Маккаликдир.  У ўз даврининг ҳукмдорлари буйруғи билан Маккадан Балхга   вақф ишлари бўйича  келади.  Аммо ўша пайтда Балх ҳукмдори бўлган Амир Ҳусайн унга нисбатан яхши муомилада бўлмайди. Шундан сўнг Саййид Бакара Термизга бориб, у ерда истиқомат қилиб қолади.   Ана шу вақтда Амир Темур Термизга боради ва  Саййид Барака билан учрашади. Бу учрашувда Саййид Барака Амир Темурга  байроқ ва ноғора беради. Амир Темурга берилган байроқ ва ноғора салтанат, шоҳлик белгиси эди.  Бу учрашув ҳақида Шарофиддин Али Яздий  ўзининг 1424-1425 йилларда ёзган “ Зафарнома” асарида: “ Ҳазрат соҳибқирон   Бева ( Термиздан 20 км узоқликдаги қишлоқ)  мавзеъидаким, Термиздин уч йағоч бери эрди, тушти, ул ерда ҳазрат олийжаноб, нақобаттоб, муртазои аъзам, акрам, Саййид Баракаким,  Макканинг шарифларидин эрди,  ва ул маҳалда ери юзининг содотлариға акрам ва ашрафи эрди,  ул ерда ҳазрат соҳибқирон қошига табла ва аламким, салтанатнинг аломати турур, ўзи била келтуруб, пешкаш қилди ва муборак тилини очиб шаҳаншоҳлик муждасин берди [2]” дейилади. 

 1370 йилда Амир Темур салтанатни қўлга киритганидан сўнг Андхўй вилоятини ўз пири Саййид Баракага инъом қилади.  Амир Темурнинг ҳарбий юришларида Саййид Барака у билан ҳамроҳ бўлади. Саййид Барака Самарқанд ва Анхўйда яшаган.  1404 йилда Саййид Барака вафот этади ва Андхўй вилоятида дафн қилинади. Амир Темурнинг васиятга кўра   Шоҳруҳ Мирзо Саййид Бараканинг хокини Самарқандга олиб келади ва Амир Темур мақбарасида дафн қилади. Шарофиддин Али Яздий “ Зафарнома” сида:   “ Ҳазрат соҳибқирон ( Амир Темур)   ул воқеъаи ғаройибдин давлати рўзафзун фотиҳаси юз кўрсатиб, наво элининг давлат аъломининг этакида урдиким: “ Иннама юридул-Лаҳу ли-йузҳиба анкум ур-рижса  аҳлал-байти ва йутаҳҳи-ракум татҳиран[3]”. Муқаддам шариф (Амир Темур) саййидни бағоят азиз тутиб, анчаким шарт таъзим турур, сидқ ва ихлосдин  бажой келдурди. Ул ҳазрат соҳибқирон ( Амир Темур) била дўстлиқ қилиб андоқ бўлдиким, муддати ҳаётида давлат белгиси андин айрилмади ва вафот бўлғондин сўнг иккаласи бир ерда ёттилар[4]” деб ёзади.  

Ҳазрат Амир Шамсиддин Ҳайдар Ан-Насафий қабртошининг жануб томонида эса қуйидаги битик бор: 

                  سلطان السادات منبع العز و الكرامات امير سيد شمس الدين حيدر الحسينى النسفى قد توفى يوم الجمعة من عشرين شوال سنة سبع و سبعين و ثمانمائة

Таржимаси:  « Саййидлар Султони, иззат ва каромат манбаи  Амир Саййид Шамсиддин Ҳайдар ал-Ҳусайни Ан-насафий  Шаввал ойининг  йигирманчи жумъа куни (ҳижрий)  877 ( милодий 1473)  йилда вафот этди ». Қабртошдаги матнга кўра, Амир Шамсиддин Ҳайдар Ан-Насафий Саййидлар Султони, иззат ва каромат манбаи бўлган зотдир. Ҳазрати Амир Шамсиддин Ҳайдар насаб жиҳатидан Ал-ҳусайний ва истиқомат жиҳатидан Ан-насафий яъни Насаф ва унга қарашли ҳудудда яшаганликлари эътироф этилади. Ва яна Амир Шамсиддин Ҳайдарнинг ҳижрий 877 ( милодий 1473)  йил Шаввал ойининг жума,  йигирманчи кунида вафот этганлари ва шу ерда дафн қилинганликлари  маълум бўлади. 

Ҳазрати Амир Шамсиддин Ҳайдар Ан-Насафий қабртошида битилган ҳижрий 877 ( милодий 1473 ) йил Мовароуннаҳрда Амир Темур ўғли Мироншоҳнинг  набираси Султон Аҳмад Мирзо ҳукмронлик қилган йилларга тўғри келади. Темурийлар томонидан қўйилган  бу қабртош   Саййид Барака ва унинг ўғлига нисбатан уларнинг эҳтиромини кўрсатиш билан бирга у бугунги кунда бизга Амир Шамсиддин Ҳайдар Ан-Насафий нинг ким эканлигидан дарак берувчи ноёб тарихий ёдгорликдир.  

 

                 “Султон Мир Ҳайдар” масжиди ҳақида “Ислом энциклопедия” китобида: “Қашқадарё вилоятида ( қадимий Касби қишлоғи)даги меъморий ёдгорлик ( 16-17 асрлар). Аҳоли сайил ва диний байрам вақтида йиғиладиган майдондаги намозгоҳ, масжид. Баланд пештоқи намозгоҳ ( 31Х9,5 метр) тарҳи тўғри тўртбурчакли,  бош тарзи шарққа (майдонга) қараган. Ўзаро равоқ орқали бир-бири билан боғлаган хоналар ( 4,4Х4,4 метр) асоси бир хил бўлиб, 5 гумбазли, ўртада марказий хонақоҳ ( 5,8Х5,8 метр). Ундаги меҳроб 5 қиррали чуқур равоқли қилиб ишланган, меҳроб ташқарига бўртиб чиққан. Марказий хона равоқларга, атрофдаги хоналар эса қалқонсимон қанос ( пештоқ равоғи тепасидаги туморсимон жуфт безак шакл)ларга таянган. Қашқадарё маҳаллий халқ меъморлиги анъаналарини ўзида мужассамлантирган. Касби (масжиди)  намозгоҳи ҳажмдор шакли, тузилиши, ўзига хос безаклари билан  ажралиб туради[5]”. 

          1998 йилда “Султон Мир Ҳайдар” масжиди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қайта рўйхатга олинди. 

            “Султон Мир Ҳайдар” масжиди Касби, Комилон, Жизза, Обиравот қишлоғидаги  фуқароларининг диний-эҳтиёжларини қондириш йўлида хизмат қилиб келмоқда. 

 

Р. Акбаров, 

ЎМИ нинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги ходими


[1] Нафасов. Т. Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати. Т. Ўқитувчи. 1988.  92-бет.

[2] Яздий. Ш. А. Зафарнома. Шарқ нашриёти. Т. 1997.   64-бет.

[3] Қуръони Карим, Аҳзоб сураси, 33-оят.

[4] Яздий. Ш. А. Зафарнома. Шарқ нашриёти. Т. 1997.   65-бет.

[5] Ислом энциклопедияси. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Тошкент. 2017.  159-бет.