ҲАРОМДАН САҚЛАНАЙЛИК
4919
27-05-2021, 09:30
308
Ўқиш режими
+
-
ҲАРОМДАН САҚЛАНАЙЛИК
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга бир замон келадики, унда киши молни нимадан – ҳалолданми ё ҳаромдан олганига парво ҳам қилмайди», дедилар». (Имом Бухорий ва Насоий ривояти)
Бу ҳадиси шариф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта мўъжизаларидан биридир. Ушбу ҳадиси шариф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан пайтда кўпчилик мусулмонлар молни ҳалол-ҳаромига қарамай олиш деган нарсани умуман хаёлларига ҳам келтира олишмас эди. Чунки мусулмонман, деган одам фақат ҳалол нарсани олиши, ҳаромдан ҳазар қилиши керак. Бу нарса асри саодатдаги мусулмонларнинг фикри-зикри, бутун вужудига сингиб кетган эди.
Аммо асрлар ўтиб, кишилар Исломдан, иймондан узоқлаша боргач охир-оқибат ҳалол билан ҳаромни фарқ қилмайдиган ҳолатга етишди. Кишилар ҳалолни қўйиб ҳаромга ўзини урадиган бўлишди. Мол-дунё тўплаш йўлида ҳар қандай ҳаромдан, жирканчликдан, пасткашликдан тап тортмайдиган бўлишди. Шундай қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисда айтган гаплари юзага чиқди.
Аслида эса инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ҳалол-ҳаромни фарқлашдир. Дуч келган нарсани суруштирмай ўзиники ҳисоблаб, ундан фойдаланишга ўтиш ҳайвонга хосдир. Инсон эса бу нарса ҳалолми, ҳаромми, яъни, фойдалими, фойдасизми, ўзиникими, ўзганикими, буни сўраб- суриштиради. Мусулмон киши эса ҳар бир нарса шариат рухсат берган тарзда бўлиши кераклигини тўлиқ тушунган ва масъулиятни сезган ҳолда, ҳар бир ҳаром нарса катта гуноҳ бўлишига эътиқод қилиб яшайди.
Ислом ақидаси бўйича шариатда ҳаром ҳисобланган нарсани ҳалол санаш кофирликдир. Ҳаромни ҳаром билиб туриб, ундан ҳазар қилмаслик эса, гуноҳи азимдир. Шунинг учун мусулмон киши нима ҳалол, нима ҳаром эканини яхшилаб билиб олиши ва ҳалол касбни ихтиёр қилиши керак.
Зеро, ҳар бир ҳалол савоб, ҳар бир ҳаром эса гуноҳдир. Савоб жаннатга етакласа, гуноҳ эса дўзахга тушишга сабаб бўлади.
Пўлатов Отабек
Тошкент ислом институти МСБ талабаси.
Сахриев Бекмурод
ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги масъул ходими.