1442 йил 08 Зулқаъда | 2021 йил 17 июнь, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:27
Sunrise
05:11
Dhuhr
12:38
Asr
17:48
Maghrib
20:04
Isha
21:48


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

НИКОҲ ТЎЙИНИ ҚИЛИШ КИМНИНГ ЗИММАСИДА?

1-06-2021, 11:43 298 Ўқиш режими + -
CАВОЛ: Мeн суннатга мувофиқ тўй қилмоқчиман. Лeкин жуда оддий бўлишини истайман. Суннатга мувофиқ тўй қандай бўлади? 

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Авваллари бу савол ўртага ташланмаган, чунки никоҳ тўйи кимнинг зиммасида эканини ҳамма яхши билган ва унга амал қилган. Ҳозир ҳам кўпчилик жамиятларда, ҳатто мусулмон бўлмаган халқларда ҳам тўйни эр тараф қилади. Агар «Никоҳ тўйини келин тараф қилиши керак» деган гап айтилса, уларнинг ҳуши бошидан учиб кетиши турган гап. Айниқса, «Ош қиз тарафда бўлади. Куёв тараф, ҳолига қараб, келин тараф қилган тўй ошига икки юз элликтагача, баъзида ундан ҳам кўпроқ одам олиб келади. Агар келин тараф уларни яхшироқ кутиб олмаса, балога қолади», дейилса, мутлақо ишонишмайди. Ҳа, шариат кўрсатмасига амал қилмаслик оқибатда инсон табиатига тўғри келмайдиган ана шундай нарсаларни қилишгача олиб боради.

Аслида, никоҳ тўйини қилиш эр тарафнинг вазифаси. Бунга ҳужжат ҳам бор, далил ҳам бор:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизга уйланганларида барча ҳолатларда, ўша вақтнинг имкониятидан келиб чиқиб, ўзлари никоҳ тўйи қилганлар. Бирорта онамизга: «Отангга айт, тўй қилиб берсин», демаганлар. Зотан, ўзини эр билган одамга бу гапни айтиш ордир.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланган эркак саҳобаларга никоҳ тўйи қилишни буюрганлар. 

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳ тўйи қилишни, камбағал бўлса ҳам, ўз куёвлари Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга топширганлар.
«Эртасига Али ибн Абу Толиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ жойга турди ва у зот эшитадиган қилиб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларига совчилик қилмоқчи бўлган эдим. Ўзимнинг бирор нарсам ҳам йўқ эди. Аммо яқинлик ва меҳрларидан умидвор бўлиб сўраган эдим», – деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол буни мулоҳаза қилдилар ва у кишига оғир ботмайдиган қилиб:
«(Маҳрга) бирор нарсанг борми?» – дедилар.
«Йўқ, ё Расулаллоҳ», – деб жавоб бердилар Али розияллоҳу анҳу.
«Ҳутамийя совутингиз қани?» – дедилар.
«Ўзимда, ё Расулаллоҳ», – дедилар.
«Бўлмаса ўшани бер», – дедилар.
Али ибн Абу Толиб совутни олиб келдилар.
Тўй кечаси бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куёв бўлмиш Али ибн Абу Толибга:
«Эй Али, келинга бир тўй ҳам қилмоқ керак», – дедилар.
Шунда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу:
«Менда бир қўчқор бор!» – дедилар.
Ансорийлардан бир гуруҳи бир неча соъ жўхори жамлаб келишди. Ана ўша нарсалардан тўй зиёфати уюштирилди...».

4. Ислом уммати ва уламолар жумҳурининг ижмоъи.

🔹Нима учун никоҳ тўйи қилиш эркакка юклатилган?
Аввало, эркакка эркак бўлганлиги учун никоҳ тўйи қилиш юклатилган. Зотан, янги қурилган оила унинг номидаги оила бўлади. Мазкур оиланинг бошлиғи айнан эркак бўлади. Хотини қилиб берган тўй эркакка шараф эмас, ор-номус бўлади.
Иккинчидан, бир қиз ота‑онадан туғилиб, уларнинг тарбиясини кўриб, энди вояга етганда уларни ва бошқа оила аъзоларини ташлаб, бошқа тарафга ёлғиз ўзи бориб, янги оилага аъзо бўлишга рози бўлишининг ўзи куёв ва унинг оиласи учун шарафдир. Бу билан, куёв ва унинг оиласининг жамиятдаги обрўси ошади. Бунга эса, айнан келин сабабчи бўлади. Шунинг учун ҳам куёв тараф келиннинг шарафига тўй беради. ("Бахтиёр оила" китобидан). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати.