1442 йил 08 Зулқаъда | 2021 йил 17 июнь, Пайшанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
03:27
Sunrise
05:11
Dhuhr
12:38
Asr
17:48
Maghrib
20:04
Isha
21:48


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“СУНАН АТ-ТЕРМИЗИЙ”НИНГ САНАДЛАРИ

7-06-2021, 14:21 70 Ўқиш режими + -
“СУНАН АТ-ТЕРМИЗИЙ”НИНГ САНАДЛАРИ
 
 
“Сиҳоҳи ситта” ва бошқа ҳадис тўпламлари икки жиҳатдан тўпланиши мумкин. Ҳар бир мусанниф ривоят қилган ҳадис ривояти то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача етказилган. Мазкур муаллифдан то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача оралиқдаги ровийлар силсиласи “санад” (“иснод”) деб аталади. Ушбу силсила ҳадисни айтаётган бизнинг давримиздаги ровий томонидан тўлиқ зикр қилиниши мумкин. Лекин, ҳадис тўпламлари “мутавотир” даражада машҳур бўлгани боис у тарк қилиниб, ҳадис тўплами муаллифи зикр қилиниб, “Бу ҳадисни фалончи муҳаддис ривоят қилган”, дейиш билан кифояланиш одат тусига кирган. Шунингдек, ҳадисни айтаётган бизнинг давримиздаги ровий томонидан ўзидан бошлаб то муаллифгача бўлган силсилага ҳам катта эътибор бериб келинади. Бу истилоҳда “сабт” (кўплиги “асбот”) деб аталади. Ҳадис ровийларининг исмлари ҳадис айтаётган давримиз одамидан то муаллифгача, ундан эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача зикр қилиниши баракага боис эканида шак-шубҳа йўқ. Шунинг учун, табаррук ҳолда бу зотларнинг номлари асраб-сақланиб келади. Шайхлар ўз шогирдларига ҳадис тўпламларини ўқишга ва ўқитишга, таржима қилиб халққа етказишга ижозат берар эканлар, ушбу силсилаларни ҳам зикр қилиб, ижозатномалар ёзиб беришган.
Асрлар давомида, аниқроғи, табаъа тобеъинлар даври (VIII аср)дан бери келаётган илм ўқиб-ўрганишнинг бир муҳим жиҳати бор. У ҳам бўлса, ҳақиқатдан ҳам ўқиб-ўрганилган илми бўйича ижозат олиш, ижозатномани, аниқроғи, шаҳодатнома (ўзига хос “диплом”)ни қўлга киритиш ҳолатидир. Диний илмларда бу борада энг оммалашган йўналишлари бўйича қироат, ҳадис ва тасаввуф етакчилик қилиб келади.
Диний илмларнинг барча йўналишлари бўйича ижозат берилганда, қироатнинг, ҳадиснинг ёки илмни етказувчининг санади, яъни қироат, ҳадис ва илмни нақл қилган устоз ровийларнинг кетма-кетлиги силсила тарзида устоз шайхдан тортиб то китоб муаллифигача, ундан ҳам ўтиб тобеъин-у саҳоба ва охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган силсиласи кетма-кетликда изчиллик билан етказилган бўлади. Шунинг учун бутун дунёда қироат илми бўлсин, ҳадисларни ўқиб-ўрганиш бўлсин, тасаввуфий сабоқларни муршиддан олганлик бўлсин, барчасида ижозат олган ана шу оддий толиби илмдан то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган ровийлар занжирига уланиб қолиш жуда қадрлидир ва бу буюк неъматдир, илмдаги жуда катта омонатдорлик ва бошқаларга нисбатан даражадир.
Бизнинг давримизда “Сиҳоҳи ситта”нинг муаллифларигача бўлган ровийлар ва устозлар силсиласи – санаднинг мадори Абдулғани Мужаддидий раҳимаҳуллоҳда айланади. У зот иккинчи минг йилликнинг мужаддиди деб таърифланадиган Имом Раббоний Аҳмад ас-Сирҳиндий қуддиса сирруҳунинг авлодидан бўлмиш Абдулғани ибн Абу Саъид ал-Умарий ад-Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳидир. У зот 1235-1296 ҳижрий, 1820-1879 милодий йилларда яшаганлар. Ёшликдан Қуръон ҳофизи бўлиб, илм олиб, Макка-Мадина шаҳарларида илм орттириб қайтганлар. “Сунани Ибн Можа”га “Инжоҳ ал-ҳожат” номли шарҳ битганлар.
Абдулғани Мужаддидий раҳимаҳуллоҳ томонидан барча ҳадис тўпламларининг мусаннифларигача етказилган санадлар тўпланиб, рисола ҳолига келтирилган. У “ал-Ёнеъ ал-жаний” деб аталади. Покистоннинг бош муфтийси бўлган Мавлоно Муҳаммад Шафеъ раҳимаҳуллоҳ эса Девбанд уламоларининг Шоҳ Абдулғани Мужаддидий раҳимаҳуллоҳга етадиган санадларини тўплаб, бир рисола ҳолига келтирганлар. У “ал-Издиёд ас-саний ъала “ал-Ёнеъ ал-жаний” деб аталган бўлиб, Карочининг “Дор ал-улум” мактабасида нашр қилинган.
Муҳаммад Тақий Усмонийнинг санадлари
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг “Сунан ат-Термизий”га қилган кўп жилдлик шарҳлари “Дарси Термизий” ва “Тақрири Термизий” номли асарлари мавжуд. Шунинг учун, бу ерда у зотнинг санадларини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ деб топилди. 2019 йилда у зот буюк муҳаддислар юрти Ўзбекистонга ташриф буюриб, Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг муҳташам тарзда янгидан барпо қилинган қабрлари зиёратгоҳини ҳам зиёрат қилиш асносида аҳли илм зиёратчиларга “Сунан ат-Термизий”га умумий ва хусусий ижоза берган эдилар.
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг “Сунан ат-Термизий”га ва бошқа ҳадис тўпламларига замонамизнинг таниқли шайхларидан бир қанча ижозалари мавжуд. Улар силсилаларининг мадори Муҳаммад Исҳоқ раҳимаҳуллоҳда айланади. Муҳаммад Исҳоқ раҳимаҳуллоҳ эса ўз санадларини китоб ҳолига келтирган бўлиб, нашр этилган.
1) Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг олий санадларида ҳадис китобларига умумий тарзда ижоза берилган бўлиб, қуйидагича зикр қилинган:
أجازنى الشيخ محمد حسن محمد المشّاط بالإجازة العامّة عن السيد محمد بن جعفر القطّانى عن الأستاذ أبى العباس أحمد بن أحمد البُنانى الفاسى و الشيخ أبو جيدة ابن الكبير بن المجذوب الفاسى الفهروى و الشيخ حبيب الرحمن الكاظمى الهندى نزيل المدينة المنوّرة و الشيخ عبد الحق بن الشاه محمدّ الهندى نزيل مكّة و الشيخ أبى الحسن على بن ظاهر الوترى كلّهم يروون عن الشيخ عبد الغنى المجددى الدهلوى صاحب «اليانع الجنى».
“Менга Шайх Муҳаммад Ҳасан Муҳаммад ал-Машшот умумий ижоза берганлар. У Саййид Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Қаттонийдан, у эса устоз Абул-Аббос Аҳмад ибн Аҳмад ал-Буноний ал-Фосий, Шайх Абу Жайда ибн ал-Касир ибн ал-Мажзуб ал-Фосий, Мадинаи мунавварада яшаб қолган Шайх Ҳабиб ар-Раҳмон ал-Крзимий ал-Ҳиндий, Маккада яшаб қолган Шайх Абдулҳақ ибн Шоҳ Муҳаммад ал-Ҳиндий ва Шайх Абулҳасан Али ибн Зоҳир ал-Ватарийдан ижоза олган. Буларнинг ҳаммаси эса  “ал-Ёнеъ ал-жаний” муаллифи Шайх Абдулғани ал-Мужаддидийдан ижоза олганлар”.
Мазкур санаддан Муҳаммад Ҳасан ал –Машшот раҳимаҳуллоҳнинг санадлари икки восита билан Абдулғани ад-Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳига етишади. У зотнинг тўлиқ санадлари “ал-Иршод ила маърифат ас-сабт” китобида чоп қилинган.
2) Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ Абу Исо ат-Термизий раҳматуллоҳи алайҳининг “Жомеъ ат-Термизий” асарларини дарс қилиб Мавлоно Салимуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларида тўлиқ ўқиб чиққанлар. У зот эса Мавлоно Ҳусайн Аҳмад Маданий раҳимаҳуллоҳдан, у зот эса Шайх ал-Ҳинд Маҳмуд ал-Ҳасан ад-Дебвандий раҳимаҳуллоҳдан, у зот эса барча ҳадис китобларига ижозани Абдулғани ал-Мужаддидий ад-Деҳлавий раҳимаҳуллоҳдан олганлар. Яна Шайх ал-Ҳинд  ҳазратлари силсиласи Мавлоно Рашид Аҳмад Гангуҳий раҳимаҳуллоҳдан, у зот эса Мавлоно Муҳаммад Қосим ан-Нонутавий раҳимаҳуллоҳ воситасида Абдулғани ал-Мужаддидий ад-Деҳлавий раҳимаҳуллоҳга етишади. Яна Шайх ал-Ҳинд  ҳазратлари Мавлоно Аҳмад Али Саҳоранфурий, Мавлоно Муҳаммад Мазҳар Нонутавий ва Мавлоно Қори Абдурраҳмон раҳимаҳумуллоҳдан ижоза олган бўлиб, ушбу уч нафар устоз Шоҳ Муҳаммад Исҳоқ раҳимаҳуллоҳдан ҳадисларни ривоят қилганлар.
3) Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ Абу Исо ат-Термизий раҳматуллоҳи алайҳининг “аш-Шамоил ан-набавий” асарини тўлиқ равишда, шунингдек, Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Муватто” асарининг бир қисмини дарс қилиб, ўз оталари Муҳаммад Шафеъ раҳимаҳуллоҳ ҳузурларида ўқиб чиққанлар. Бошқа ҳадис китобларига ҳам умумий тарзда ижоза олганлар. Оталари эса таниқли олим Анваршоҳ Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳи ҳузурларида Абу Исо ат-Термизий раҳматуллоҳи алайҳининг “Жомеъ ас-сунан” ҳамда “аш-Шамоил ан-набавий” асарларини тўлиқ ўқиб чиққанлар. Муҳаммад Шафеъ раҳимаҳуллоҳнинг “Ҳусуни ҳамидия” асари муаллифи Ҳусайн ал-Жиср ат-Тароблусий раҳимаҳуллоҳдан ҳам ижозалари мавжуд. У зотнинг санадлари эса машҳур ҳанафий олими Абу Жаъфар ат-Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳигача етиб бориб туташади.
4) Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг яна “Эъло ас-сунан” асари муаллифи Зафар Аҳмад ал-Усмоний раҳимаҳуллоҳдан барча ҳадис китобларига берган умумий ижозалари мавжуд. Санаддаги ровийлар силсиласи “сабт”ларида бирма-бир зикр қилинган.
5) Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг яна ҳалаблик машҳур олим Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳ томонидан берилган барча ҳадис китобларига умумий ижозалари мавжуд. У зот машҳур муҳаддис, шайхулислом Муҳаммад Зоҳид ал-Кавсарий раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари ҳисобланади. Санаддаги ровийлар силсиласи у зотнинг “сабт”ларида бирма-бир зикр қилинган.
6) Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг яна шайх ал-ҳадис Мавлоно Муҳаммад Закариё раҳимаҳуллоҳ томонидан берилган барча ҳадис китобларига умумий ижозалари мавжуд. У зот Мавлоно Халил Аҳмад Саҳоранфурий раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари ҳисобланади.
“Ал-Мусалсал би-л-аввалия” ҳадисига ижоза
Ҳадисдан ижозат олиш ва ўқиб-ўрганишнинг илк давриданоқ устоз шайхлар шогирдларига битта ҳадисни ўргатиб ижозат бериб қўядилар. Ана шу илк ва бирламчи ўргатиладиган ҳадиси шариф “мусалсал би-л-аввалия” (“энг аввалги силсилали ҳадис”) деб номланган. Уни Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ ва бошқа бир қанча муҳаддислар ривоят қилганлар. Бу ҳадисни барча ҳадисшунос олимлар, шу жумладан, араб диёрларидаги ҳадис илми устозлари ҳам шогирдларига муттасил ўргатиб келадилар ва шу ҳадиснинг ўзига ижозат бераверадилар. Битта устознинг ўзи умумий ўқиш даврида бир неча марта табаррук мақсадида ана шу биттагина ҳадисдан шогирдларига ижоза бераверади. Шунинг учун ровийлар силсилалари ҳар хил бўлиши мумкин, бир шогирд ўз устозидан бир неча марта ижоза олиши мумкин, бир шайх эса ўзининг бир нечта устозларидан ижоза олиши мумкин. Жумладан, Муҳаммад Тақий ал-Усмоний раҳимаҳуллоҳ “Энг аввалги силсилали ҳадис”ни уч нафар устозидан нақл қиладилар.
Муҳаммад Тақий ал-Усмоний раҳимаҳуллоҳ Маккаи мукаррамадаги “Масжиди ҳаром”нинг муҳаддиси Шайх Муҳаммад Ҳасан ал-Машшот раҳимаҳуллоҳдан “Энг аввалги силсилали ҳадис”дан ижоза олган бўлиб, уни табаррукан дарс аввалида зикр қиладилар. Унинг арабча матнини биз ҳам табаррук юзасидан келтириб ўтамиз:
أخبرنى به الشيخ محمّد حسن المشاط مالكى عن الشيخ حمدان و عن الشيخ محمّد هاشم و غير واحد قال هو أوّل حديث سمعته منهم عن الشيخ محمد فالح المهنوى و هو أوّل، قال المهنوى أنبأنا به السيد محمّد على أنبأنا به أبو حفص العطار و هو أوّل، انا أبو الحسن على بن عبد البرالُونانى الشافعى رحمه الله و هو أّوّل، انا البرهان ابراهيم بن محمد النمروسى و هو أوّل، عن الامام عيد بن على النمرسى و هو أوّل، عن الامام عبد الله بن سالم البصرى و هو أوّل، عن الشمس البابلى و هو أوّل، عن الشهاب أحمد بن محمد الشلوى و هو أوّل، انا الجمال يوسف بن زكريا و هو أوّل، انا البرهان ابراهيم القلقشندى و هو أوّل، انا العباس العباس أحمد بن محمد المقدسى الشهير بالواسطى و هو أوّل، انا الخطيب صدر الدين محمّد بن محمّد الميدومى و هو أوّل، انا النجيب عبد اللطيف بن عبد المنعم الحرّانى و هو أوّل، قال أخبرنا الحافظ أبو الفرج عبد الرحمن بن على الجوزى و هو أوّل، انا أبو سعيد اسماعيل بن أبى صالح و هو أوّل، انا والدى أبو صالح أحمد بن عبد الملك المؤذّن و هو أوّل، ثنا محمّد بن زيّان بن محمش و هو أوّل، انا أبو حامد أحمد بن محمّد بن يحيى بن بلال البزّاز و هو أوّل، عن عبد الرحمن بن بشر و هو أوّل، انا سفيان بن عيينة و هو أوّل و إليه انتهى التسلسل عن عمرو بن دينار عن أبى قاموس مولى عبد الله بن عمرو بن العاص عن عبد الله بن عمرو رضى الله عنهم قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: «الراحمون يرحمهم الرحمن تبارك و تعالى ارحموا من فى الأرض يرحمكم من فى السماء».
و آخر دعوانا أن الحمد لله ربّ العالمين.
ضبطها و رتبها أحقر تلامذة الشيخ ادام الله اقباله رشيد أشرف عفى عنه.
٧ من شعبان المعظم سنه ١٣٩٨ ه. بيوم الجمعة المبارك.
“Энг аввалги силсилали ҳадис”нинг иснодидаги ровийлар силсиласи ҳар хил ва турли-туман бўлишига қарамасдан, ровийлар силсиласи, яъни иснод мадори Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ даврининг таниқли олими Суфён ибн Уйайна раҳматуллоҳи алайҳи орқали ўтади ва битта саҳоба Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Осс розияллоҳу анҳуга бориб туташади.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Осс розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
اَلرَّاحِمُونَ يَرْحَمُهُم الرَّحْمَنُ (تَبَارَكَ وَ تَعَالَى)، إرْحَمُوا مَنْ فِى الْأرْضِ يَرْحَمْكُمْ مَنْ فِى السَّمَاء
“Ар-Роҳимуна, йарҳамуҳуму-р-Раҳмону. (Таборака ва таъола). Ирҳаму ман фи-л-арзи йарҳамкум ман фи-с-само.” (“Раҳм қилувчилар – уларга Раҳмон таборака ва таоло раҳм қилади. Ердаги кимсаларга раҳм қилинглар, осмондаги зотлар сизларга раҳм қилурлар.”).
Мазкур ҳадиси шарифни ҳар хил лафз ва, айтганимиздек, санад силсилалари билан муҳаддислар Абу Довуд (4/4943), ат-Термизий (4/1924), Аҳмад ибн Ҳанбал (2/6494), Байҳақий (9/17683), Ибн Абу Шайба (5/25355), Абдуллоҳ ибн ал-Муборак (1/270), ал-Ҳумайдий (2/591), ат-Табризий (“Мишкот ал-масобеҳ”, 3/4969) ва бошқалар ривоят қилганлар.
Мазкур ҳадисдаги “ар-Роҳимуна” (“Раҳм қилувчилар”) деганда барча, қалбида озгинагина раҳми бор раҳмлилар назарда тутилган. Марҳаматли, раҳм-шафқатли инсонга Раҳмон сифатли Аллоҳ таборака ва таоло раҳм қилади: “йарҳамуҳуму-р-Раҳмону” – “уларга Раҳмон раҳм қилади”. Ҳадисда Аллоҳнинг “раҳмон” сифати ишлатилишининг ўзига хос сабаби ҳам бор. Тез-тез такрорланадиган “бисмиллоҳ”да ҳам тилга олинадиган раҳмон ва раҳим сўзларининг маъноси бир хил, яъни раҳмли бўлиш ва меҳрбонликдир. Бироқ, мадрасаларда ўқитилган “Аввали илм” рисоласида айтилганидек, “Раҳим” – сўзи муштарак, маъноси эса хос, яъни уни Аллоҳ таолога ҳам, бандаларга ҳам қўллаб бўлади, аммо, у охиратда фақат мўъмину мусулмонларга раҳмли дегани. “Раҳмон” сўзи эса хос, уни Аллоҳ таолодан бошқага қўллаб бўлмайди, маъноси эса умумий, яъни, бу дунёда мўъминларга ҳам, кофирларга ҳам марҳаматли деганидир. Демак, мазкур ҳадисда ана шу жиҳатга эътибор қаратилмоқда: Аллоҳ таоло раҳмлилардан фақат имони бор мўъмин-мусулмоннинг марҳамати эвазига раҳм қилувчидир ва бу Аллоҳнинг раҳмати охиратда савоб сифатида берилади. Барча яхши амаллар сингари раҳмдилликнинг қабул бўлишида ҳам имон бирламчидир. Савобли амалларнинг савоби ва мукофоти ҳам охиратда берилади. Иккинчидан, бу дунёда у ким бўлишидан қатъий назар – мусулмон бўладими, кофир бўладими раҳмли бўлар экан, Аллоҳ таоло унга марҳаматли бўлаверади, унга яхшиликларни мукофот тарзида бераверади, у инсон раҳмдил бўлгани боис дунёда илоҳий марҳаматга сазовор бўлиб яшайди. Шунинг учун ҳадисда Аллоҳ таолонинг “Раҳмон” сифати тилга олинган. Бу сифатнинг яна бир жиҳати бор. У араб тилида муболағали сифат бўлиб, “ўта меҳрибон, жуда марҳаматли” деганидир. Инсонларга нисбатан оддий “роҳим” (“раҳмли”) сўзи ишлатилган. Яъни, инсон қанчалик раҳмли бўлмасин, Аллоҳ таоло ундан кўра кўпроқ раҳмли-марҳаматлидир!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ҳадисларида “Ирҳаму ман фи-л-арзи” – “Ердаги кимсаларга раҳм қилинглар” деб буюрганлар. Араб тилида “ман” (“кимса”) сўзи ишлатилган, лафзи бирликда, маъноси кўпликда, мазмуни: “халқ” – “яралмишлар”дир. Аслида, мазкур сўз барча тирик-жонли нарсаларга ишлатилаверади. Демак, ер юзидаги ҳамма жонзотларга, тирик инсон, ҳайвонот ва наботот олами – барча-барчага раҳмдил бўлиш назарда тутилган. Инсон дунёга, заминга, коинотга марҳамат кўзи билан қарамоғи керак. Шунда унинг мукофоти ҳадисда айтилгандек бўлади: “йарҳамкум ман фи-с-само” – “осмондаги зотлар сизларга раҳм қилурлар”. Бу ерда ҳам араб тилидаги “ман” сўзи ишлатилган. У тирик зотга нисбатан қўлланилса, демак, самодаги фаришталар, биз билган-билмаган оламдагилар назарда тутилган бўлиб чиқади. Мазкур ҳадиснинг ушбу қисми агар Аллоҳ таолога нисбатан қўлланилса, унда бу муташобеҳ (“маъноси иштибоҳли”) ҳадис ҳисобланади. Яъни, Аллоҳ таоло осмонда бўлмагани, балки осмонни яратгани учун Унинг куч-қудрати, Унинг буюк марҳамати назарга олинган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга марҳаматли бўлишни амр қила туриб, бунинг жазо-мукофоти сифатида Аллоҳ таоло ва фаришталар унга марҳаматли бўлишини айтмоқдалар, ер юзидагиларга раҳмдил бўлган кимсани Аллоҳ таолонинг буюк марҳамати қамраб олишини билдирмоқдалар. Демак, раҳмдил бўлмоғимиз керак.
Ижозат олинадиган илк ҳадиси шариф – “Энг аввалги силсилали ҳадис”нинг қисқача маъно-мазмуни ана шу хилдадир. Уни махсус ўқиб-ўрганадилар, устоз-шайхларни топиб, махсус ижозат оладилар. Мусулмонлар ана шу ҳадисга шу хилда эътибор қаратиб келганлари боис раҳмдил ва марҳаматли бўлиб келганлар.
Санаддаги айрим маълумотлар
Абу Исо ат-Термизий раҳматуллоҳи алайҳининг шоҳ асари “Сунан ат-Термизий”, яъни “Жомеъ ас-сунан” китоби у зотнинг шогирди Абу-л-Аббос ал-Маҳбубий раҳимаҳуллоҳ томонидан ривоят қилинган.
Абу-л-Аббос Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Маҳбуб ал-Маҳбубий раҳимаҳуллоҳ 249-346 ҳижрий, 863-957 милодий йилларда яшаган ишончли ҳадис ровийсидир. “Сунан ат-Термизий”нинг ровийларидан бири, Имом ат-Термизий раҳматуллоҳи алайҳининг шогирди. Марв муҳаддиси, шайхи ва раиси ҳисобланади. Милодий 879 йили 16 ёшларида Термизга келиб, Имом ат-Термизийдан “Сунан ат-Термизий”ни ўқиб-ўрганганлар.
“Жомеъ ас-Сунан”нинг Ҳиндистон нусхаларида санад зикр қилинганда, فأقرّ به الشيخ الثقة الأمين – “Унга ишончли, омонатдор шайх иқрор бўлдилар”, деб келтирилган. Бу ибора бошқа нусхаларда учрамайди. Айрим нусхаларда эса унинг ўрнига “Бизга ишончли, омонатдор шайх Абу-л-Аббос хабар бердилар” дейилган. Бошқаларида эса исм тўла берилган. Лекин, буларда “унга иқрор қилди” деган ибора учрамайди. Шунингдек, кейинги давр олимларининг “Сунан ат-Термизий”гача бўлган санад – сабт (асбот) ларида ҳам бу жумла учрамайди. Шунинг учун, айрим тадқиқотчилар мазкур жумла котиб томонидан янглиш ёзилган бўлса керак, деб ҳисоблайдилар. Аслида, мазкур жумла хато эмас. унинг маъноси саҳиҳ. Унинг кўп нусхаларда учрамаганлигини китобда йўқ эканлигини англатмайди.
 “Иқрор бўлдилар” жумласини аслида ким айтган? Ким иқрор бўлган? Ишончли, омонатдор шайх ким? Бунга ҳар хил жавоблар берилган:
1) Айрим олимлар буни айтган киши санаддаги Умар ибн Табарзад ал-Бағдодий раҳимаҳуллоҳ, “ишончли, омонатдор шайх” эса унинг устози Шайх Абулфатҳ раҳимаҳуллоҳ деганлар. У ўз устозидан китобни ёзиб олганлигига иқрор бўлган, дейилади. Бироқ, бу фикр унчалик тўғри эмас. Чунки, бу жумла билан уларнинг номлари ораси жуда узоқ. Ўртада анча-мунча жумлалар мавжуд.
2) Айрим олимлар буни айтган киши санаддаги Шайх Абулфатҳ раҳимаҳуллоҳ деганлар. У ўз устозининг иқрор қилганини айтганлар. У зот ўз устози ҳузурида “Жомеъ ас-Сунан”ни тўлиқ ўқиб чиққанлигига устози иқрор бўлмоқда. Лекин, бу тавжеҳ ҳам заиф. Чунки, бу жумла билан ҳам уларнинг номлари ораси жуда узоқ. Ўртада анча-мунча жумлалар мавжуд. Шунингдек, қайси устозига “ишончли, омонатдор шайх” дейилгани маълум эмас.
3) Айрим олимлар буни айтган киши санаддаги Шайх Абулфатҳ раҳимаҳуллоҳ деганлар. Унинг уч нафар устозининг устози Абу Муҳаммад Абдулжаббор ал-Марвазий раҳимаҳуллоҳ ёки унинг устози бўлмиш Абу-л-Аббос ал-Марвазий раҳимаҳуллоҳ бу ерда “ишончли, омонатдор шайх” сифатида иқрор бўлган. У зотнинг уч нафар устози Қози Зоҳид, Абу Наср Тирёқий ва Абу Бакр Ғуражий раҳимаҳумуллоҳ ўз устозлари Абу Муҳаммад Абдулжаббор ал-Марвазий раҳимаҳуллоҳдан дарс олиб бўлганларидан сўнг Абу-л-Аббос ал-Марвазий раҳимаҳуллоҳ билан учрашиб қолганлар. Шунда, устоз ўз шогирдларига дарс берганини айтганида, бунга бобоустоз иқрор бўлганлар. Лекин, бу ерда битта камчилик бор. Шогирдлардан бирортаси бобоустоз Абу-л-Аббос ал-Марвазий раҳимаҳуллоҳ билан учрашганларми? Бу савол очиқ қолган. Ҳолбуки, уч нафар зотнинг каттаси Қози Зоҳид 400 ҳижрийда туғилган бўлиб, Абу-л-Аббос ал-Марвазий раҳимаҳуллоҳ 346 ҳижрийда вафот этганлар. Уларнинг ўзаро мулоқот қилишларига имкон йўқ эди.
4) “Туҳфат ал-аҳвазий”да айтиб ўтилган тавжеҳ бор. Унда бу гапни айтганлар Абулфатҳ раҳимаҳуллоҳнинг уч нафар устози, иқрор бўлган киши эса Абдулжаббор ал-Марвазий раҳимаҳуллоҳ дейилган. Бу ҳам унчалик тўғри келавермайди. Чунки, буларнинг номи ушбу жумла ортидан дарҳол айтилган эмас.
5) Бешинчи тавжеҳ Ҳинд уламолари томонидан айтилган. Бу гапни айтган Абдулжаббор ал-Марвазий раҳимаҳуллоҳ, иқрор бўлган киши эса Абу-л-Аббос ал-Марвазий раҳимаҳуллоҳдир. Мана шу энг тўғри фикр бўлса керак. Абу-л-Аббос ал-Марвазий раҳимаҳуллоҳ ўз шогирди Абдулжаббор ал-Марвазий раҳимаҳуллоҳга “Сунан ат-Термизий”ни тўлиқ ўқитганлигига иқрор бўлганлар. Буни тўғрилигига ушбу жумла ортидан у зотларнинг номлари дарҳол зикр қилингани тасдиқлайди. Шунингдек, Иброҳим Гўроний раҳимаҳуллоҳ ва Фолиҳ ал-Ҳижозий раҳимаҳуллоҳнинг “Сунан ат-Термизий”гача бўлган санадларида Абу-л-Аббос ал-Марвазий раҳимаҳуллоҳнинг номи “ишончли, омонатдор шайх” сифатида кўрсатилган.
Яна бир савол шу ерда кўндаланг бўлади. Санаддаги мазкур “унга иқрор бўлди” ибораси айтилишига нима зарурат бор? Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “ал-Кифоя” асарларида шогирд ўз устози олдида китобни охиригача ўқиб чиққанидан кейин устозидан яна бир марта ушбу асарни тўлиқ, мукаммал ва муфассал ўқиганлигини тасдиқлатиб олиш учун ушбу иқрор қилдирилишини қайд қилганлар. Агар шогирднинг дилида асарни тўлиқ ўқилмай қолди-ёв ёки устознинг дилида шогирд шу жойларини ўқимай кетди-ёв, деган маънодаги эҳтимоллик тушса, ўшани бартараф қилиш мақсадида бу ибора қўлланилган. Бу ибора билан китобни тўлиқ ўқиб чиққанлигини иқрор қилиб қўйиши афзал ҳисобланган. Шунинг учун ҳам Абу-л-Аббос ал-Марвазий раҳимаҳуллоҳ иқрор бўлганлар. У зотнинг иқрорларини Абдулжаббор ал-Марвазий раҳимаҳуллоҳ қайд қилиб қўйганлар.
Санадларда “ҳофиз” атамаси ишлатилади. У ҳадис илмидаги муҳаддис, ҳофиз, ҳужжат, ҳоким каби махсус истилоҳлардир. Улар ровийларга қанча ҳадис ёд олганлигига қараб бериладиган унвонлар ҳисобланади. Лекин, Зоҳид Кавсарий, Абдулфаттоҳ Абу Ғудда каби тадқиқотчилар бу қоидага кўп ҳам амал қилинмаганлигини, балки булар ровийларга нисбатан ҳурмат ва таъзим сифатида ишлатилиб кетганлигини ёзадилар.
Ҳикматуллоҳ Абиев,
“Аҳмаджон қори” жомеъ масжиди имом-ноиби
Манба: https://ahlisunna.uz