ТАВБА ҚАЧОН ҚАБУЛ БЎЛМАЙДИ?
5034
12-06-2021, 16:55
630
Ўқиш режими
+
-
ТАВБА ҚАЧОН ҚАБУЛ БЎЛМАЙДИ?
Аллоҳ таоло бандаларининг тавбаларини қабул қилувчи зотдир. Бу ҳақда шундай марҳамат қилади: “У Ўзи бандаларидан тавбани қабул қиладиган, ёмонликларни авф этадиган ва қилмишларингизни биладиган Зотдир”. (Шўро сураси, 25-оят). Ушбу оят ҳақида “Тафсири ирфон”да “Яъни, гуноҳкор ва осий бандаларининг тавбаларини қабул қилувчи ҳам, уларнинг билиб-билмай қилган ёмонликларини авф этиб, кечиб юборадиган ҳам, бандаларининг ҳар бир катта –кичик ишларигача яхши билиб турадиган ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Ундан ўзга тавбани қабул қилувчи, авф этувчи ҳеч бир зот йўқдир. Гуноҳлар қотирган қалбни тавбагина юмшатади. Тавба қалб шифоси, унга роҳат бағишловчи улкан неъматдир.
Мўмин киши гуноҳларини кичик санамай, дарров тавбага шошилиши, гуноҳларидан фориғ бўлишни, Парвардигори ваъда қилган жаннат мукофотини қўлга киритишни ўйлаши лозим. Тавба жаннат ва дўзах ўртасига қўйилган бир тўсиқ кабидир. Гуноҳдан сўнг дарҳол тавба қилиш вожибдир. Чунки гуноҳларни ҳис қилмаслик, ўнглашни ўйламаслик, фақат ёмонликка берилиш шайтоний феъллардан саналади, ёмонликдан тезда яхшиликка қайтиш эса инсоний заруратдир[1]”дейилади.
Инсоннинг тавбаси то унда ғарғарага яъни ўлим ҳолати юз бергунга қадар қабул бўлади. Аммо инсон тавба қилмасдан юриб, ўлим пайти, ғарғара ҳолати юз берганида, унинг тавбаси қабул қилинмайди.
Бу ҳақда “Сўраган эдингиз...” китобида “Тавба инсонга ўлим келишидан ва қуёш ғарбдан чиқишидан олдин бўлса, қабул қилинади. Агар инсон ўлим келган пайтда, тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилмайди. Яъни, агар у кофир бўлса, азоблайди, аммо осий бўлса, унинг иши Аллоҳ таолога ҳаволадир. Хоҳласа, уни азоблайди. Хоҳласа, кечиради. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Албатта, Аллоҳнинг тавбани қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир. Гуноҳ ишларни қилиб юриб, қачонки бирорталарига ўлим келганида, “Энди тавба қилдим”. Дедиган, шунингдек, кофирлигича ўлиб кетадиганларнинг тавбалари эса қабул қилинмагай. Ана ўша учун аламли азоб тайёрлаб қўйганмиз” (Нисо сураси, 17-18-оятлар). Пайғамбаримиз (с.а.в.) эса: Албатта, Аллоҳ азза ва жалла банданинг тавбасини, модомики, ғарғара (ўлим) ҳолатида бўлмаса, қабул қилади” деб айтганлар. (Имом Термизий ривояти)[2] ” дейилади.
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло ҳар биримизни тавба қилишга мушарраф қилиб, тавбаларимизни Ўз даргоҳида қабул айласин!
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакилиги ходими
Р. Акбаров,
[1] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. Шарқ нашриёти. Т. 2019. 5-жилд. 257-бет. [2] Шайх. У. Алимов. Сўраган эдингиз.... Мовароуннаҳр нашриёти. 2012. 17-сон. 28-29-бетлар.