1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИДАН ИБРАТЛАР (1-қисм)

24-06-2021, 12:16 351 Ўқиш режими + -
ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИДАН ИБРАТЛАР
 (1-қисм) 

Аллоҳ таоло инсониятни яратгандан бери уларга ўзини танитиш ва ҳидоятга бошлаш учун кетма-кет пайғамбарлар ва илоҳий китоблар жўнатиб турган. У Зот ўзининг комил ҳикмати ила Исломни – охирги дин, Пайғамбаримизни – охирги Расул, Қуръонни – охирги китоб қилди. Қуръони карим Қиёматгача инсониятга тўғри йўлни кўрсатувчи йўлбошчидир. Уламоларимиз Қуръон ўз ичига асосан учта катта мавзуни ўраб олганини айтадилар: эътиқодий масалалар, диний ҳукмлар ва ўтган қавмларнинг қиссалари. Қуръони каримда биздан аввалги ўтган баъзи қавмлар ва шахсларнинг амаллари мақталса, баъзиларининг қилган ишлари ёмонланади. Ҳар иккисида ҳам биз учун кўплаб ибратлар бор. Мақталганларидан ўрнак олишимиз, ёмонланганларнинг амалларидан сақланишимиз даркор!
Маълумки, Қуръони карим қиссалари ичида энг чиройлиси Пайғамбар Юсуф алайҳиссалом қиссасидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
      نَحْنُ نَقُصُّ عَلَيْكَ أَحْسَنَ الْقَصَصِ بِمَا أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ هَذَا الْقُرْآَنَ وَإِنْ كُنْتَ مِنْ قَبْلِهِ لَمِنَ الْغَافِلِينَ
яъни: “Биз Сизга ушбу Қуръон (сураси)ни ваҳий қилишимиз билан бирга гўзал қиссани айтиб берурмиз. Сиз эса, (эй, Муҳаммад!) ундан (ваҳийдан) олдин бехабарлардан (бири) эдингиз” (Юсуф сураси 3-оят).
Бу қиссанинг бошқаларидан фарқи сура тўлиғича Юсуф алайҳиссаломнинг бошидан кечирган воқеаларга бағишланган. Бунинг устига сурада қизиқувчилар учун кўплаб ибратлар бор. Қуръони каримда шундай дейилади:
 لَقَدْ كَانَ فِي يُوسُفَ وَإِخْوَتِهِ آَيَاتٌ لِلسَّائِلِينَ
яъни: “Ҳақиқатан, Юсуф ва (унинг) биродарлари (қиссаси)да сўровчилар учун аломатлар бордир” (Юсуф сураси 7-оят).
Мазкур сура Маккада, Пайғамбаримиз алайҳиссалом учун оғир синовлар бўлган паллаларда нозил бўлган. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломнинг машаққатли синовларни босиб ўтишлари ва натижада нажот топишларини эслатиш билан  Пайғамбаримиз алайҳиссаломга кучли тасалли берди. Охир-оқибат У Зот алайҳиссаломнинг ҳам ишлари нажот топиши, Ислом ер юзига тарқалиши хушхабарини берди.
Сурани ўқиш асносида қуйидаги ибратларга дуч келамиз:
  1. Сир сақлаш. Юсуф алайҳиссалом оталари Яқуб алайҳиссаломга ажойиб туш кўрганини айтганларида, У Зот одатда ёш болалар бундай туш кўрмаслиги, бу туш келажакда Юсуф алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлишига башорат эканини билдилар. Ўзи бусиз ҳам Юсуф алайҳиссаломга ҳасад қилиб юрадиган акаларидан, душманлиги ортиб кетмаслиги учун, бу тушни сир сақлашни буюрдилар:
 إِذْ قَالَ يُوسُفُ لِأَبِيهِ يَا أَبَتِ إِنِّي رَأَيْتُ أَحَدَ عَشَرَ كَوْكَبًا وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ رَأَيْتُهُمْ لِي سَاجِدِينَ 
яъни: “Эсланг, Юсуф (ўз) отасига (Яъқубга) деди: “Эй, отажон! Мен (тушимда) ўн битта юлдуз, Қуёш ва Ойнинг менга сажда қилаётган ҳолларида кўрдим”” (Юсуф сураси 4-оят).
 قَالَ يَا بُنَيَّ لَا تَقْصُصْ رُؤْيَاكَ عَلَى إِخْوَتِكَ فَيَكِيدُوا لَكَ كَيْدًا إِنَّ الشَّيْطَانَ لِلْإِنْسَانِ عَدُوٌّ مُبِينٌ 
яъни: “(Отаси) айтди: “Эй, ўғилчам! Тушингни биродарларингга сўзлаб бермагин! Акс ҳолда сенга қаттиқ макр қилишади. Зеро, шайтон инсонга аниқ душмандир”” (Юсуф сураси 5-оят).
Демак, бундан келиб чиқадики, инсон ўрни келганда сир сақлашни ҳам билиши зарур. Хусусан, оилавий сирлар ёки ўзга мўмин-мусулмонларнинг бизга ишониб айтган сирларига омонатдор бўлишимиз керак бўлади.
  1. Ҳасаддан сақланиш. Ҳасад шундай ёмон иллатки, ҳатто у Яъқуб алайҳиссалом оиласида тарбия кўрган кишилар – Юсуф алайҳиссаломнинг ўгай акаларини ҳам четлаб ўтмади. Ҳасад сабабли улар Аллоҳ таолонинг Пайғамбари Яъқуб алайҳиссаломни айблашди. Юсуф алайҳиссаломни жонига қасд қилишди. Қуръони каримда улар ҳақида шундай дейилган:
إِذْ قَالُوا لَيُوسُفُ وَأَخُوهُ أَحَبُّ إِلَى أَبِينَا مِنَّا وَنَحْنُ عُصْبَةٌ إِنَّ أَبَانَا لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ
яъни: “Ўшанда (акалари) айтдилар: “Юсуф ва унинг укаси (Бинямин) отамизга биздан кўра суюклироқдир. Ваҳоланки, биз бир тўп (кўпчилик)миз. Ҳақиқатан, отамиз аниқ гумроҳлик узрадир”” (Юсуф сураси 8-оят).
 Лекин Юсуф алайҳиссаломдаги фазилатлар Аллоҳ таоло томонидан ато қилинган фазилат эканини кўра олмадилар. Нима бўлганда ҳам, Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси устун келувчидир. Ҳасадгўй ҳеч қачон муродига етмайди, у ўзини-ўзи еб битиради. Ниҳояда барибир Юсуф алайҳиссалом пайғамбарлик мартабаси ва одамлар орасида шараф ва иззатга эга бўлдилар. Акалари эса қилмишларига пушаймон ва айбларига иқрор бўлиб, тавба тазарру қилдилар. 
(давоми бор)  


ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди