СОЛИҲ АМАЛ – ҚАЛБ ЛАЗЗАТИ (2 –қисм)
5122
30-06-2021, 09:11
281
Ўқиш режими
+
-
СОЛИҲ АМАЛ – ҚАЛБ ЛАЗЗАТИ
(2 –қисм)
Эзгу амал қиладиган кишиларни Аллоҳ таоло яхши кўришини ваъдасини берган:
إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ سَيَجْعَلُ لَهُمُ الرَّحْمَنُ وُدًّا
яъни: “Албатта, имон келтириб, эзгу (иш)ларни қилган зотлар учун Раҳмон (уларнинг қалбида Ўзига нисбатан) дўстликни пайдо қилур” (Марям сураси 97-оят).
Аллоҳ қайси бандани яхши кўрса, уни барча бандалар яхши кўриб қолади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:
إِذَا أَحَبَّ اللَّهُ عَبْدًا نَادَى جِبْرِيلَ: إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ فُلَانًا فَأَحِبَّهُ، فَيُحِبُّهُ جِبْرِيلُ، فَيُنَادِي جِبْرِيلُ فِي أَهْلِ السَّمَاءِ: إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ فُلَانًا فَأَحِبُّوهُ، فَيُحِبُّهُ أَهْلُ السَّمَاءِ، ثُمَّ يُوضَعُ لَهُ الْقَبُولُ فِي الْأَرْضِ
(رواه الإمام البخاري عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Агар Аллоҳ бир бандани яхши кўриб қолса, Жаброилалайҳиссаломга: “Аллоҳ фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўр” дейди. Жаброил алайҳиссалом ҳам уни яхши кўради. Жаброил алайҳиссалом осмон аҳли орасида: “Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар” деб нидо қилади. Шунда осмон аҳли ҳам у бандани яхши кўриб қолишади. Кейин ер юзидаги ҳамма одамлар у банданинг сўзини қабул қиладиган бўлиб қолади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Маълумки, саҳобаи киромлардан баъзиларига ҳаётлик пайтларида жаннат башорат берилган эди. Улардан бирлари Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу эдилар. Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда баён қилинади, бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким бугун рўза тутди?”, деб сўрадилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар. “Ким бугун жанозада қатнашди?”, деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, дедилар. “Ким бугун бир мискинни тўйдирди?”, деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, дедилар. “Ким бугун бир беморни бориб кўрди?”, деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, дедилар. Шунда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
مَا اجْتَمَعْنَ فِي امْرِئٍ إِلَّا دَخَلَ الْجَنَّةَ
رواه الإمام مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه
яъни: “Кимда ушбу ишлар бир кунда жамланса, у албатта жаннатга киради”, дедилар (Имом Муслим ривоятлари).
Жаннат башорати берилган зотлардан яна бирлари – Билол Ҳабаший разияллоҳу анҳу эдилар. Имом Термизий Бурайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Бир куни эрталаб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Билол разияллоҳу анҳуни чақириб, Эй Билол!:
بَمَ سَبَقْتَنِي إِلَى الْجَنَّةِ؟ مَا دَخَلْتُ الْجَنَّةَ قَطُّ إِلَّا سَمِعْتُ خَشْخَشَتَكَ أَمَامِيْ
(رواه الإمام الترمذي عن بريدة رضي الله عنه)
яъни: “Нима амалингиз билан жаннатга пешқадамлардан бўлдингиз? Жаннатда оёғингиз товушини эшитдима!” дедилар. Шунда Билол разияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули, ҳар қачон азон айтсам, дарҳол икки ракат намоз ўқийман ва қачон таҳоратим бузилса, дарҳол таҳорат қиламан, зиммамда Аллоҳ таоло учун икки ракат намоз бор деб биламан (яъни, икки ракат намоз ўқиб оламан)”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шу икки (хислатингиз) сабабли экан”, дедилар” (Имом Термизий ривоятлари). (Расулуллоҳ алайҳиссалом бу ҳолатни тушларида кўрганлар. Пайғамбарларнинг тушлари ваҳийдир).
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизни яхши амалларда бардавом бўлишимизга қизиқтириб, бундай деганлар:
أَحَبُّ الأعمالِ إلى اللهِ أدْومُها و إن قَلَّ
رواه الإمام البخاري عن عائشة رضي الله عنها
яъни: “Аллоҳ таолога амалларнинг энг яхшиси гарчи оз бўлса-да давомлисидир” (Имом Бухорий ривоятлари).
Шундай экан, солиҳ амаллардан бўлмиш, Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатларни бажариш, ота-онага яхшилик, муҳтож ва қийналиб қолганларга ғамхўрлик қилиш, одамлар билан чиройли муомала ва муносабатда бўлиш, омонатдорлик, кечиримлилик каби солиҳ ва эзгу амалларда бардавом ва собитқадам бўлишимиз мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга қилган яхши амалларимизни риё, сумъа ва ужбдан сақлаб, имкон қадар махфий қилишимиз янада улкан савоб ва ажрларга сабабдир.
Ҳаётимизни ёдга олиб кўрайлик, ҳар биримиз бирор эзгу амал қилганда ёки инсонларнинг бирор мушкулини осон қилганда қалбимизда унитилмас бир лаззатни ҳис қилганмиз, зеро, бу мўминлик белгиларидандир. Бу лаззат туфайли қалбга ажиб ҳотиржамлик киргани, бу енгиллик бир неча кун, хатто узоқ вақт давомида бизни тарк этмаганини сезганмиз. Наҳотки, бу лаззатни ҳаётимизда доимий бўлишини хоҳламаймиз?! Шундай экан, юқорида айтилганларга амал қилиб, ҳаётимизнинг ҳар бир фурсатида эзгу амал ва атрофдагилар билан гўзал мулоқотда бўлайлик.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўладиган амалларда бардавом қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин!
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди