Қурбонлик килинадиган ҳайвон қандай бўлиши керак?
Мана саноқли кунлардан сўнг Қурбон ойи ҳам бошланади. Қурбон ойининг ўнинчи куни яъни Қурбон ҳайит намози адо этилган сўнг мўмин-мусулмонлар қурбонликлар қиладилар. Шу сабабли ҳозирдан бошлаб қурбонлик учун яроқли ҳайвонларни ҳозирлашга аҳамият беришимизга тўғри келади. Бозордан қурбонлик қилиш учун қандай ҳайвонлар олинади шунингдек, қандай ҳайвонларни қурбонликка олиш жоиз эмас?
Маълумки, Ислом динида туянинг беш ёшга етгани, қорамолнинг икки ёшга киргани, қўй-эчкининг бир яшари қурбонлик учун олинади. Бу ҳақда Пайғамбар (с.а.в.)дан Жобир (р.а.) ривоят қилиб: “Мусиннадан бошқани сўйманглар. Фақат сизга қийин бўлиб қолгандагина қўйнинг жазаъасини сўйсангиз бўлади” дедилар”. (Имом муслим ривояти). Мусинна туядан беш ёшли, қорамолдан икки ёшли, майда молдан бир ёшли бўлганидир. Жазаъа Абу Ҳанифа (р.а) алайҳнинг айтишича, қўй-эчкининг олти ойлигидир. Демак, имкони бор киши бир ёшли қўй ва эчкини қурбонлик қилиши керак. Агар камбағаллиги туфайли бир яшар қўй ва эчки тополмаса олти ойлик бўлса ҳам кифоя қилади.
Қурбонлик қилишга тўсиқ бўладиган ҳайвонлардаги камчиликлар “Қурбонлик рисоласи” китобида шундай баён қилинади: “Бир ҳайвоннинг қурбонлик қилинишига тўсиқ бўлган камчиликларнинг асосийлари шулардир:- Касаллиги аниқ бўлса;
- Суяклари мағзида илик қолмайдиган даражада озғин бўлса;
- Икки ёки бир кўзи кўр бўлса;
- Оқсаётган оёғини ерга босиб, қурбонлик қиладиган жойга боролмайдиган даражада чўлоқ бўлса;
- Тишларининг кўпи тўкилган бўлса;
- Қулоғининг ёки думининг ярмидан кўпи узилган ёки кесилган бўлса;
- Шохларидан бири ёки иккиси томири билан кесилган бўлса;
- Қўйнинг бир, қорамолнинг икки елинининг учи узилган бўлса;
- Думи ёки қулоғи туғилган пайтиданоқ бўлмаган бўлса;
- Бурни кесилган бўлса;
- Фақат ахлат еган бўлса;
- Тилининг кўп қисми кесилган бўлса[1]”
Ҳазрат Али(р.а) дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в.) бизларни кўз ва қулоғини яхшилаб кўриб олишимизга; ғилайни; муқобилани, мудобарани, харқони ва шарқони қурбонлик қилмасликка амр қилдилар. Мен: “Муқобала нима?” дедим. “Қулоғининг бир томони кесилган” дедилар. “Мудобара нима?” дедим. “Қулоғининг учи кесилган” дедилар. “Шарқо нима?” дедим. “Қулоғи ёри ган” дедилар. “Харқо нима?” дедим. “қулоғини учи белги учун йиртилган” дедилар”. (Сунан эгалари ривоят қилган).
Қулоғи буткул кесик, шохи буткул синиқ, кўзи кўр ҳайвонларни ҳам қурбонлик қилиш учун харид қилиш жоиз эмас. Имом Абу Довуддан ривоят қилинган ҳадисда “Пайғамбар (с.а.в.) қулоғи буткул кесик, шохи синиқ ҳайвонларни қурбонлик қилишдан қайтарганлар” дейилади.
Агар юқоридаги қусурлар ҳайвонда сотиб олинганидан сўнг пайдо бўлса нима қилинади? Ушбу саволга “Қурбонлик рисоласи” китобида қуйидагича жавоб берилади: “Бой кишининг сотиб олган қурбонлигида белгиланган қусурлардан бири кейинроқ пайдо бўлса, унинг ўрнига бошқасини олиб сўйиш керакми? Жавоб: Ҳа, бу ҳолатда бой киши аввалгисини ўрнига бошқасини олиб сўйиш керак. Савол: Камбағал одамнинг сотиб олган қурбонлигида қусурлардан бири кейинроқ пайдо бўлса, унинг ўрнига бошқасини олиб сўйиши керакми? Жавоб: “Йўқ, камбағал одамнинг аввалгисининг ўрнига бошқа бир ҳайвон олиб сўйиши керак эмас. Бундай қусурли бир ҳайвоннинг сўйилиши кифоядир. Чунки бу қурбонлик у камбағал учун нафлдир. Нафлда эса кенглик ва қулайлик бордир[2]”
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло қилмоқчи бўлган қурбонликларимизни Ўз даргоҳида мақбул айлаб, икки дунё саодатига мушарраф этсин!
Р. Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоят вакиллик ходими
[1] Қурбонлик рисоласи. Т. Ғ. Ғулом номидаги нашриёт. 2018. 25-26-бетлар. [2] Қурбонлик рисоласи. Т. Ғ. Ғулом номидаги нашриёт. 2018. 26-27-бетлар.