1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қарғиш олган ёмондир

15-07-2021, 10:01 517 Ўқиш режими + -
Қарғиш олган ёмондир
 
Инсон қадри азиз, шаьни, ор-номуси дахлсиздир. Динимиз инсон қадрини эъзозлайди, кишиларни хўрлашдан, қул қилишдан кайтаради. Динимиз таьлимотига кўра, ирқи, миллати, бойлиги, мансаби ва жамиятдаги ўрнидан қатьи назар, барча инсонлар тенг ва ҳурдир
Ислом дини илк даврлариданоқ қулчиликни, одам савдосини қаттиқ қоралади. Қул озод қилишни етук фазилат сифатида майдонга олиб чиқди, уни ҳатто ибодат даражасига кўтарди. 
Пайғамбаримиз (с.а.в) мусулмонларнинг баъзи бир ишларда йўл қўйган хато ва гуноҳлар эвазига бир ёки ундан кўп қулни озод этиш тартибини жорий қилди. Бу ҳукм инсонлар орасида бир-бирларини камситиб, устидан ҳукмронлик қилишни, яъни қул қилиб ҳаққини бермай ишлатишни ман қилади.
Пайғамбаримиз (с.а.в) "Ким бир қулни озод этса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида қутқарилган инсоннинг ҳар бир аъзоси баробарига ҳалоскорининг аъзоларини дўзахдан қутқаради", деб марҳамат қилганлар. Пайғамбаримиздан (с.а.в) бу хабарни эшитган саҳобалар ўзларининг қулларини озод қилишга шошилган. Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) каби улуг саҳобалар пулларини сарфлаб бўлса ҳам бошқа инсонлардаги қулларни озод этганлари маълум. Демак, мусулмон инсон бировларни қул қилиб сотмайди, аксинча алданиб, кимларнингдир қулидай ишлаётган инсонларни ўша қийинчиликдан қутқариш ҳаракатида бўлишлиги лозим. Ислом ҳур инсонни сотишни таъқиқлайди.
Абу Ҳурайра (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.) дан ривоят қилган ҳадисда: Аллоҳ таоло: "Мен қиёмат куни уч тоифа кишининг даъвогари бўлурман: менинг номим билан аҳд бериб, кейин алдаган одамнинг, озод инсонни қул деб сотиб пулини еган одам­нинг ва мардикорни ишлатиб ҳаққини бермаган одамнинг, -деди (Имом Бухорий ривояти).
Эътибор берайлик, Пайғамбаримиз(с.а.в) инсонни сотиб юборган киши қиёмат куни бўлганда Аллоҳ таолонинг олдида жавоб бериши ҳақида бизларни огоҳлантирмоқда. Минг афсуски, ҳозирги кунда озгина дунё матосига берилиб, фақат бугунини ўйлаб, ўз юртдошларини, маҳалладошларини, ҳатто миллатимиз давомчилари бўлган аёлларни алдаб, сотиб юбораётган инсонлар ҳақида эшитиб ҳар қандай инсон оғир ўйга толади. Наҳотки, ўша одамларни алдаб сотиб юбораётган кимсалар бу ишлари учун куни келиб қонун олдида жавоб беришини ва қиёмат куни Аллоҳнинг қаттиқ азоблари борлигини билмайди. Ва ўйламайдики, бир кун келиб ўзининг яқинлари ўғил-қизлари мана шундай аҳволга тушиб қолиши мумкинлигини. Бундай кимсаларнинг нопок қилмишлари сабабидан ўзга юртларда азоб чекаётганлар оиласи, ота-онаси, фарзандлари даврасига соғ-саломат қайтиш умиди билан яшаётганлар оз эмас. Бу дунё қайтар дунё ўша одам савдосини ўзларига касб қилиб олиб, мўмай даромад топиб юрганлар билсинки, сотилган кишининг ота-онаси, норасида гўдаклари зор йиғлаб қилаётган дуолари бир кун Аллоҳга етиб борганда ўша одам фуруш ҳам Аллоҳнинг қайсидир кўринишидаги бир балосига гирифтор бўлади. Қилган ишларидан пушаймон бўлганида эса хатоларини тузатишга фурсат қолмаган бўлади. Бу хусусида халқимизда бир неча асрлардан бери авлодлардан-авлодарга ўтиб келаётган пурҳикмат мақоллар бор: "Кейинги пушмон ўзингга душ­ман" ёки "Дуо олган омондир, қарғиш олган ёмондир".
Аллоҳ таоло одамни азиз-у мукаррам қилиб яратган, унинг ризқини ўзи белгиланган миқдорда бериб туради ва бандаларга енгилликни истайди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:"... Аллоҳ сизларга ен­гилликни истайди, оғирликни хоҳламайди..." (Бақара сураси, 185-оят).
Аллоҳ бировга кўпроқ, бошқасига озроқ, лекин ҳамманинг ризқини аниқ белгилаб қўйган. Бировнинг ризқи адашиб би­ровга ўтиб қолмайди.Бирор киши ризқини тўла олмагунича бу дунёдан кетмайди ҳам. "Аллоҳнинг хоҳлаган кишилар ризқини мўл қилиши ва (бошқалар ризқини) танг қилишини кўрмадиларми?! Албатта, бунда иймон келтирувчи қавм учун аломатлар бор" (Рум сураси, 37-оят). Унда нега одамлар қаноат қилмай ўзларини ҳар тарафга уришади? Жамиятнинг келажаги саналган ёшлар, миллатнинг давомчилари бўлган аёллар ҳаёт тарзи, урф-одатлари тамоман ўзгача юртларда ий­мон, эътиқод ҳамда миллий қадриятларига завол етаётганига ҳам парво қилишмаяпти.
Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларидан бирида: "Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғониб, оиласи тинч, тани coғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсин, унда дунёдаги барча неъматлар мужжасам экан", деб марҳамат қилганлар (Имом Тер-мизий ривояти).
Азиз юртдошлар! Аллоҳ тао­ло инсонга ақлни берди. Баъзан инсон шу ақли билан эмас, бал­ки нафснинг хоҳишига қараб қилган ишларидан пушаймон бўлади. Ўша ўзга юртларда алданиб бировлар қилган ишларидан пу­шаймон бўлади. Ўша ўзга юрт­ларда алданиб бировлар томонидан сотиб юборилаётганларнинг кўпчилиги ҳам ўз юртида чиройлик касби, ҳунари бўлатуриб,енгил ҳаётни хоҳлаб ва осонроқ пул топиш орзусида шундай_хатоларга йўл қўймоқдалар. Ўша инсонлар ҳам бир ишга қўл уришдан аввал озгина ҳушёр бўлиб иштутсалар, оқибати ўзлари учун ташвишли бўлмас эди. Қаерда бўлмайлик, одам савдоси халқимиз, миллатимизга ёт, динимизга зид иш эканлиги ҳақида бонг урайлик. Зора қабиҳ ишларни қилаётган кимсалар бу жирканчликдан қўлларини тортиб, Аллоҳ таолога чин тавба-тазарру қилишса. Очиқ кўнгил юртдошларимизга, катта ҳаёт остонасида турган ёшларга эса: "Қадрингизни билинг, илм ва ҳунар ўрганинг", деб маслаҳат берамиз. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан юрувчи бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

Муродуллохон Нуриддинов
Қамаши тумани “Қоратепа” жоме масжиди имом хатиби