1442 йил 18 Зулҳижжа | 2021 йил 27 июль, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:00
Sunrise
05:34
Dhuhr
12:43
Asr
17:45
Maghrib
19:53
Isha
21:26


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Экстремизм ва терроризм жамият барқарорлигига таҳдид

15-07-2021, 10:04 17 Ўқиш режими + -
ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМ  
ЖАМИЯТ БАРҚАРОРЛИГИГА ТАҲДИД

Экстремизм мазмунига кўра диний ва дунёвий, намоён бўлишига кўра ҳудудий, минтақавий, халқаро шаклларга бўлинади. Экстремистик қарашлар жуда чуқур илдизларга эга бўлиб, улар ҳеч қачон чегара билмаган ёки дин, миллат, бирон бир мамлакат ҳудудини тан олмаган. Дунёвий экстремизмнинг сиёсий, иқтисодий ва мафкуравий кўринишлари мавжуд бўлса, диний экстремизм барча динлар доирасида ривожланган. Шунингдек, диний экстремизм ғояларига эргашганлар қаерда фаолият кўрсатмасин, асосий мақсади «халифалик» давлатини барпо қилишдир. Бу мақсадга ўзаро низолар, ихтилофлар келтириб чиқариб қуролли тўқнашувлар орқали яъни қон тўкиш, зўрлик билан эришишни кўзлайдилар. Бу эса ҳар бир миллатнинг мустақиллигига, жамият тараққиётига катта ғов ҳисобланади.
Экстремизм турли кўринишларда бўлиши мумкин. Улар ўзларини ғоялари, ҳаракатлари, ташкилотлари, моддий таъминлаш ва ташкилий тузилмалари фаолиятлари йигиндисидан иборат бўлади. Бугунги кунда муқаддас диниимизда диний экстремизм деб номланаётган иллат  ўзининг икки хусусияти билан бошқа экстремистик гуруҳлардан ажралиб туради. Биринчиси, уларнинг ақидаларига кўра, гўё барча ҳозирги замонда ислом динига эътиқод қиладиган давлатлардаги мусулмонлар жамоалари исломий тусларини йўқотган бўлиб, жоҳилия жамиятларига айланиб қолган деб ҳисоблайди. Иккинчидан, улар гўё, «ҳақиқий» мусулмонлар бўлиб, ўзларини ҳокимиятга келишлари учун барпо қиладиган «исломий тартиб»ни қарор топтиришнинг ягона йўли кескин ва жангарилик йўли билан агрессив қилиш лозим деб ҳисоблайдилар. Аслида эса экстремизм ғоя тарафдорларининг асосий мақсади диний қадриятларни қайтадан тиклаш эмас, балки ана шу ғоялардан фақат восита ва ниқоб сифатида фойдаланиш орқали минтақада беқарорликни, диний ва миллатлараро низоларни вужудга келтириш, иқтисодиётни турли йўллар билан издан чиқариш, иқтисодий инқирозни юзага келтиришдир. 
Терроризм тушунчаси (лотинча – «terror» – қурқув, даҳшат маъноларини англатади) маълум ёвуз мақсадлар йўлида сиёсий курашнинг жамиятда беқарорлик ўрнатишга ҳамда аҳолида ваҳима ва даҳшат уйғотишга қаратилган жиноий усулдир. Бу консператив руҳдаги ташкилотлар давлатни беқарорлик ҳолатига келтиришда шу усулдан фойдаланадилар. Терроризмнинг асосий мақсадларидан бири шуки, у бузғунчилик, қўпорувчилик, қўрқитиш йўли билан ўз ҳукмини ўтказиб, ҳокимиятга эришишда парокандаликка олиб келувчи ғоясидан фойдаланиш билан характерланади. Терроризм иқтисодий, сиёсий, диний, ғоявий, миллий, руҳий ва индивидуал шаклларда намоён бўлиши мумкин. Таъқиб қилиш, зўравонлик, қўпорувчилик ва қотиллик терроризмнинг ҳар қандай кўриниши учун умумий хослик бўлиб, у гуманизм, демократия, адолат тамойилилларига зиддир. Шунинг учун терроризм қандай «байроқ» остида амалга оширилмасин, моҳияти инсониятга, жамият тараққиётига, эзгуликка қарши жиноятдир.
Сиёсий мақсадларни кўзлаган терроризм қадимдан мавжуддир. Масалан, Ўрта асрлар даврида сиёсий террорчилик диний мазмундаги террорчилик билан қўшилиб кетган эди. Муҳаммад (с.а.в) вафотларидан кейинга тўртта ҳалифадан фақатгина Абу Бакр Сиддиқ р.а ўз ажаллари билан вафот этган. Қолган ҳалифалар Умар Ибн Хаттоб, Усмон Ибн Аффон ва Али Ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳулар сиёсий муҳолифлар томонидан террористик йўл билан ўлдирилган. ХХ аср охири ХXI аср бошларига келиб террорчилик алоҳида олинган давлат ёки минтақа доирасидан четга чиқиб, ҳалқаро миқёсда уюшган ташкилот даражасигача кўтарилди. Улар эзгулик ғояларига қарши, мухолиф ғоя сифатида уюшиб инсоният тараққиётига хавф солаётган халқаро ташкилотга айланиб улгурди.
Ҳозирги кунда жаҳонда 500 дан ортиқ халқаро терроризм ва экстримизм ташкилотлари мавжуд. Энг даҳшатлиларидан бўлган «Ал-қоида» ҳалқаро террористик ташкилоти томонидан АҚШ, Европа, Яқин Шарқ, Ироқ, Россия, Испания, Туркия ва Араб мамклакатларида содир этилган даҳшатли террористик ҳуружлар шуни кўрсатадики, терроризм қандай байроқ кўтариб чиқмасин (диний, сиёсий, иқтисодий, миллий), қандай ниқоблар билан бўялмасин, унинг жангари жинояткорона моҳиятини тушуниб олиб, уларнинг ёвуз ниятини очиб ташлаш ҳар бир онгли, ватанпарвар инсоннинг бурчидир. Ҳеч бир замон ва маконда эшитилмаганки, мазкур жамоалар томонидан инсоният ёки жамият манфаатларига хизмат қиладиган бирон бир иншоат, мактаб, масжид ёҳуд бошқа нарса бунёд қилинганлиги ҳақида. Бунинг аксига улар томонидан бузиб ташланган мактаблар, портлатилган масжидлар, босиб олинган иншоатлар, ўлдирилган бегуноҳ инсонлар ҳақидаги хабарларгагина дунё аҳли гувоҳ бўлишган.
Бу эса, Ислом дини таълимотининг нотўғри талқин қилинишига, эзгуликка чақирувчи муқаддас динимиз шаънига ноўрин таъна тошлари отилишига олиб келмоқда. Ваҳоланки, “ислом” сўзининг ўзаги “салом” сўзидан олинган. Яъни, тинчлик ва саломатлик маъноларини англатади. Учинчи маъноси – итоат. Яъни, Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларига амал қилиш ҳаракатида бўлиши лозим, деган хулоса чиқади. Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга нисбатан раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни у ҳеч қачон оқлаган эмас ва оқламайди ҳам. Қуръони каримнинг Моида сураси 32 — ояти мазмунида шундай дейилади: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди”.
Динимизнинг тинчликсевар, мўътадил таълимот эканлигини, у ҳеч қачон қон тўкиш, уруш оловини ёқишни ёқламаслигини бутун жаҳон аҳли яхши билади. Шулардан келиб чиққан ҳолда тўла ишонч билан айтишимиз мумкинки, террорчи ва экстремистлар бу дунёдаги ёвузлик меросхўрларидир. 

А.Низомов 
Шаҳрисабз шаҳар Хазрати имом жоме масжиди имом хатиби