1442 йил 18 Зулҳижжа | 2021 йил 27 июль, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:00
Sunrise
05:34
Dhuhr
12:43
Asr
17:45
Maghrib
19:53
Isha
21:26


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Мафкуравий таҳдидларга қарши курашнинг долзарб йўналишлари

15-07-2021, 10:05 20 Ўқиш режими + -
Мафкуравий таҳдидларга қарши курашнинг долзарб йўналишлари

Бугунги кунда жуда шиддат билан ривож топаётган, масофалар қисқараётган, хабарлашиш жуда яқинлашаётган, масофа бўлмай қолган, хуллас ҳамма нарса глобаллашаётган бир даврда яшаяпмиз. Чуқур жарликдан чиқишга йўл тополмай боши қотган мустамлакачилар, бугун демократия ниқоби остида ёшлар онгини заҳарлаш, уларни ҳақ йўлдан тойдириш, уларни жаҳолат, бузғунчилик, нодонликка бошлаш билан бор ҳунарларини ишга солмоқдалар.
Жамиятимизнинг тинчлигига ва хавфсизлигига раҳна соладиган барча ҳаракатлар маънавий, мафрувавий таҳдид, қўпорувчиликлар, бузғунчиликлар, барча-барчаси фасод ишлардан ҳисобланади. Aллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Ва ҳолбуки, Aллоҳ фасодни хуш кўрмас”. (Бақара сураси 205-оят)
Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” мавзусидаги маърузаларида: “Мамлакатимизда ёшларнинг маънавий қиёфасини мустақил мафкураси, унинг инсоний тамойиллари асосида шакллантириш бош вазифа сифатида қаралаётгани бежизга эмас. Ёшлар жамиятга содир бўладиган ҳар қандай воқеликларга ўзгача, руҳий ҳис кечинмалар доирасида муносабат билдиради. Қийичиликлар вужудга келганда эса эҳтиросларга берилади. Шунинг учун бизнинг олдимизда турган муҳим масала – ёшларни тўғри йўлга бошлашдир” деб қайд этганлар.
Маънавиятимизга қарши йўналтирилган кўринишидан арзимас бўлиб кўринадиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб кўзга кўринмайдиган, аммо зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган зиён етказиши мумкин. 
Глобаллашувнинг салбий томони сифатида маънавий мафкуравий тажовузлар кучайиб, “Оммавий маданият” ниқоби остида беҳаёлик, ваҳшийликни тарғиб қилиб, одамларнинг, айниқса, ёшларнинг онги ва қалбига ҳукмрон бўлишга интилиш маданиятларнинг бир хиллашуви ҳамда оқибатда миллийлик ва қадриятларимизга путур етказиши намоён бўлиб қолмоқда. 
Статистик маълумотларга кўра интернетдан олинадиган маълумотларнинг 10-20 фоизи ҳақиқат, қолган қисми эса маънавий, мафкуравий таҳдидларга хизмат қилар экан. Бундай кўриниш ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришни ва мустаҳкамлашни тақозо этади. Бугунги кунда мафкуравий полигонлар ядро полигонларидан ҳам кучлироқ таъсирга эга. Ҳарбий, иқтисодий, сиёсий тазйиқлар бўлса буни тезда сезиш мумкин, лекин мафкуравий тазйиқни тезда илғаш ниҳоятда қийин иш. Қачонки биз ёшларни юксак маънавиятли қилиб тарбиялай олсак олдимизга қўйган мақсадларимизга эришамиз, иншаAллоҳ. Бу орқали эса юртимизда фаровонлик, тараққиёт қарор топади.
Бугунги кунда ёшларимизни маънавиятли, комил инсон қилиб тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор соҳаларидан эканлиги бежиз эмас. 
Жамиятни мафкурасизлантиришга, ғоясизлантиришга йўналтирилган ахборотлар оламида маънавий-маданий, ғоявий, мафкуравий жиҳатдан савияси паст бўлган аудио-видео қўлланмалар, аҳлоқсизликка олиб келадиган адабиётлар ва ҳаттоки санъат асарларининг сотилиши ёки интернет тармоқлари орқали кенг тарқатилиши кимлар учундир катта фойда манбаи бўлиб хизмат қилади. Aммо кимлардир оммавий ахборот воситалари орқали мафкуравий таъсир кўрсатишда фойдаланишади. Миллий қадриятларимизга ва миллий ҳаётимизга умуман тўғри келмайдиган ёки миллийлигимизни қоралайдиган воқеа ҳодисаларни гўёки бизга алоқаси йўқдек қилиб кўрсатишлар мавжуд. Ҳеч қачон биз бундай мафкуравий таҳдидларга эътиборсиз бўлмаслигимиз лозим. Бундай таҳликали замонда келажак авлодни ёт ва бузғунчи ғоялар таъсиридан асраб авайлаш доимо бизнинг долзарб вазифаларимиздан бўлиб қолишлиги лозим. Диний ақидамизга нотўғри хуружлар бўлиб турган бир пайтда диний билимларимизни ҳам бойитиб боришлигимиз керак бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, ҳозирги глобаллашув жараёнида ёшларни турли маънавий ва мафкуравий таҳдидлардан ҳимоялаш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Бунинг учун ёшларимизни ҳам дунёвий ҳам диний билимларини бойитиб бормоғимиз лозим.
 
 
Рамзиддин Райҳонов, 
Қарши шаҳар Қиличбек қўрғонча
жоме масжиди имом-хатиби