1442 йил 18 Зулҳижжа | 2021 йил 27 июль, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:00
Sunrise
05:34
Dhuhr
12:43
Asr
17:45
Maghrib
19:53
Isha
21:26


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Аразлашганни – аллоҳ ҳам суймас

16-07-2021, 10:39 10 Ўқиш режими + -
АРАЗЛАШГАННИ – АЛЛОҲ ҲАМ СУЙМАС
 
Инсон зоти яратилишда ўзига хос хулқлар ва ҳиссиётлар билан зийнатланиб яратилган экан, ҳаёти давомида турли ҳолатларга дуч келаверади. Инсон табиатида  ҳалимлик, босиқлик, камтарлик, сабрлилик, ҳаё каби  яхши хулқлар қаторида ғазаб, аразлашиш, гина-кудрат каби иллатлар ҳам мавжуддир. 
Бу иллатлар кўпинча инсонни ноқулай аҳволга солиб қўяди. Хусусан, аразлашиш инсон ҳаётида кўп учрайдиган иллатлардандир.   Баъзан шайтоннинг гапига кириб, баъзан нафсимизга эргашиб ёки бошқа сабабларга кўра яқин инсонлар билан низолашиб қолганимизда қандай йўл тутишимиз керак? Хўш, инсон бу иллатларга қарши қаердан маънавий озуқа олиши мумкин ва қандай намуна асосида ўз хулқини шакллантириши мумкин? Шубҳасиз, бу мавзуда муқаддас динимиз кўрсатмаларига мурожаат қиламиз. 
Ҳишом ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади - Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:  “Мусулмон мусулмон билан уч кечадан ортиқ гаплашмай юриши ҳалол эмас. Шу иккаласи аразлашган ҳолатларида ҳақ йўлдан четлашган бўладилар. Улардан қайси бири аввал яхшилик, меҳр -шафқат қилиш томонига ўтса, гуноҳига каффорат бўлади. Улар шундай гаплашмай юрган ҳолича дунёдан ўтсалар, иккаласи ҳам абадий жаннатга кирмайди. Агар улардан қайси бири салом берса, иккинчиси жавоб қайтармаса, салом берганига фаришта ва жавоб қайтармаганига эса, шайтон жавоб қайтаради", деганлар.
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам сизу-бизни араздан, гинадан, ўзаро хафалашиб юришдан қайтарганлар: “Ким биродари билан бир йил аразлашиб юрса, унинг қонини тўккан билан баробардир”.
 Яна бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилганлар: «Мусулмон кишига ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас, учрашиб қолсалар, у ҳам юз ўгириб кетади, бу ҳам юз ўгириб кетади. Икковининг яхшироғи ассаломни биринчи бошлаганидир».
Абу Дардо розияллоҳу анҳу: "Сизларга садақа ва рўзадан ҳам хайрлироқ бир нарсани айтайми? Бир-бирига адовати қаттиқ бўлган ёки аразлашган икки кишини яраштирмоқдир", дедилар. (Ал-адаб ал-муфрад)
 Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
 “Душанба ва пайшанба кунлари жаннат эшиклари очилади. Аллоҳга ширк келтирмаган ҳар бир банда мағфират қилинади. Илло биродари билан адовати бўлган кишиникидан бошқа. Шунда: “Бу иккови ярашгунча кутиб туринглар. Бу иккови ярашгунча кутиб туринглар”, деб айтилади”, дедилар. (Муслим ривояти)
Юқоридаги ҳадислардан маълум бўладики, мусулмон киши уч кундан ортиқ гаплашмай юриши мумкин эмас. Аразлашиб, бир - бирини хафа қилиб юрган кишини Аллоҳ таоло ҳам яхши кўрмас экан. Ҳар биримиз бу ҳадислардаги насиҳатларни сидқидилдан қабул қилиб, пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга муносиб уммат бўлайлик.
 Қўни – қўшнилар, қариндош-уруғлар орасида аразлашган кишилар бўлса, уларни яхшиликка буюриб, яраштириб қўяйлик, бирор дўстимиз билан орамизда араз ёки гина бўлса биринчи бўлиб салом бериб, чиройли муомала қилиб, ўзимизни юксак маънавиятли, маданиятли мусулмон эканимизни исбот қилайлик! 
Аллоҳ таоло ҳаммамиздан рози бўлсин, гуноҳларимизни кечирсин, ўтганларимизни раҳмату-мағфират қилсин. Қалбларимизга биродарлик, ака-укачилик, опа-сингиллик туйғуларини, ҳамда имон-эътиқод, инсоф-тавфиқ, рушду-ҳидоят уруғларини янада чуқурроқ жо айласин.
 

Муродуллохон Нуриддинов
Қамаши тумани “Қоратепа” жоме масжиди имом хатиби