1442 йил 18 Зулҳижжа | 2021 йил 27 июль, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:00
Sunrise
05:34
Dhuhr
12:43
Asr
17:45
Maghrib
19:53
Isha
21:26


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСҲОҚЖОН ДОМЛАНИ ХОЛИС БЎЛИШГА ЧАҚИРГАН АБДУЛЛОҲ ЗУФАРГА РАДДИЯ

16-07-2021, 10:44 16 Ўқиш режими + -
Исломни бандаларига Ўзининг сўнги дини қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбарларнинг энг сўнгиси, суюкли ҳабибимиз Муҳаммад мустафога дуруду саловатлар бўлсин.
Аллоҳ таоло яратган ҳар бир хилқатига ўзига яраша вазифа юклаб қўйган. Бирининг вазифасини бошқаси адо эта олмайди. Масалан қуёшнинг вазифасини ой ёки аксинча ойнинг вазифасини қуёш адо қилолмайди. Демоқчи бўлганим, бу дунёда ҳар ким ўз ишини билиб қилгани маъқул. Қўлидан келмаса ҳам шу ишни бажараман деб чираниш оқил инсоннинг иши эмаслиги ҳаммага маълум.
Айни дамда ижтимоий тармоқларда дин номидан гапириб турган “даъватчилар” ҳам, ўз вазифаси қолиб бошқанинг вазифасини амалга оширишга чираниб юрган одамга ўхшайди. Гўё динни бошқаларга етказиш учун энг тўғри улар тутган йўлдек. Исломнинг усул асослари ҳақида тузукроқ маълумотга эга бўлмасдан даъват ишига бурун суқишлари етмагандек, камига айрим аҳли илм устозларга “…холис бўлинг!” каби сўзлар билан “насиҳат” қилишдан ҳам тортинмайдилар.
Яқинда Абдуллоҳ Зуфарнинг Исҳоқжон домлага у кишининг ибн Таймия ҳақида айтган сўзларига эътироз билдириб айтган гапларини эшитиб қолдим.  Абдуллоҳ Зуфар ўз маърузасида “…Ибн Аббос (р.а)дан ривоят қилинади. Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага келдилар.  Яҳудийларни рўза тутаётган ҳолларида топдилар. Улардан бу нима рўза, деб сўраганларида улар: “Аллоҳ таоло ушбу кунда Мусо алайҳиссаломга нажот бериб Фиръавнни ғарқ қилган. Шу боис биз ҳам шукр қилиш учун рўза тутамиз дейишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) Мусога эргашишга сизлардан кўра биз ҳақлимиз деб ўша куннинг рўзасини тутганлар. Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда  “Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоятга бошлаган зотлардир. Бас, (Сиз ҳам) уларнинг йўлига иқтидо қилинг!” – деган. Мана шундан ислом динининг ҳақ эканлигини биласиз. Бошқа бирор дин вакили мусулмонларнинг ибодатигами ёки пайғамбарининг ишига эргашяптими. Ҳеч қачон. Лекин мусулмонлар эргашяпти. Бу яҳудийларнинг пайғамбари эргашмаймиз дегани йўқ. Ўзи Мусо алайҳиссалом яҳудийларники эмас, балки бизнинг пайғамбаримиз. Биз уларга эргашишга буюрилганмиз. Мана Довуд алайҳиссаломнинг рўзаси энг яхши рўза дейилган. Ваҳоланки, у киши ҳам яҳудийларнинг пайғамбарларидан бири. У кишининг рўзаси энг афзал рўза, қиёмлари энг афзал қиём. Мана шундан исломнинг инсоф ва адолат дини эканлиги билинади. Ҳатто, бугунги кунда ҳам, ислом деб даъво қилаётган тоифалар ичида ким исломга энг яқин ҳаққоний жамоат ёки шахс эканини билмоқчи бўлсангиз ундан мана шу хусусиятни изланг. Ҳақиқатни кимдан бўлса ҳам олиб, унга эргашган одам ҳақиқий исломдаги кишидир. Масалан, биз ибн Таймия раҳимаҳуллоҳнинг фатволарини олиб у кишига эргашсак, бундан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳини сўкканимиз келиб чиқмайди-ку! У кишининг фатволарига ҳам эргашамиз-ку! Абу Ҳанифага мутаассиб бўлиб олганларнинг аҳволини кўринг, ибн Таймияни ваҳҳобийларнинг энаси деб гапиради. Унинг разолатини, залолатини ва хунрезликларини билмайди-да, деб гапиради. Булар яҳудийча эътиқоддаги ва йўналишдаги одамлар. Ислом ҳеч қачон биттага ёпишиб олиб бошқаларни ёмонла деб буюрмайди. Пайғамбаримизнинг яҳудийларга айтган гапларини мана мутаассиб ҳанифийларга айтишингиз ҳам мумкин. Аслида Абу Ҳанифага эргашиётганлар бизмиз, сизлар эмас. Абу Ҳанифа сарой муллалигидан барийъ (безор) бўлиб қамоқда ўлиб кетган. Сарой мулласи бўлмайман қози бўлмайман деб. Умуман давлат ишида ишламаган. Ҳақиқатпарвар, далил кимда бўлса ўшанга эргашадиган киши бўлган. У кишига эргашишга улардан кўра биз ҳақлимиз. Улар ўзини Абу Ҳанифага мухлис деб санайди. Худди яҳудийлар ўзларини Мусо алаҳиссаломга тобе деб ҳисоблаганларидек. Лекин Мусо алайҳиссалом улардан безор. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам сарой муллаларидан безор.”, дейди.
Келинг энди Абдуллоҳ Зуфар айтиб ўтган гапларни бир таҳлил қилиб кўрайлик. Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис борасида тўхталиб ўтирмаймиз. Аммо унинг ҳақиқатни кимдан бўлса ҳам олиб кетавериш деган гапи бир оз мулоҳаза талаб қиладиган иш. Чунки олдин ҳақиқат аҳлини таниб ол шундан сўнг ҳақиқатни танийсан деган гап бор.
Исҳоқжон домланинг Ибн Таймия ҳақида айтган гапларга келсак, у киши ҳақида илк бор фикр билдираётган фақат домла эмас. Ибн Таймия ҳақида унга замондош олимлар ва унинг шогирдлари қандай фикрларда бўлгани борасида Ҳамидуллоҳ Беруний ёзган мақоладан айрим иқтибослар келтириб ўтсам.
Ибн Таймия таниқли олим бўлиши билан бир қаторда ўз даврида ҳам, ундан кейинги даврларда ҳам унга нисбатан икки хил муносабат шаклланган эди.  Унинг Аҳли сунна вал жамоанинг 4 мазҳабига зид бўлган айрим фикр ва фатволари сабабли, уни ёмон кўрадиганлар, унинг асарларини ўқишдан ўзини тийиб турадиганлар ҳам кўп. Шунингдек, унга ўта даражада ихлос қўйиб, фанат – мутаассибона даражадаги мухлис бўлганлар ҳам бор!
Жумладан, унинг шогирдларидан ҳисобланган буюк олим Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ:
 و انا لا أعتقد فيه عصمة بل انا مخالف له فى مسائل اصلية و فرعية
“Мен унинг борасида бегуноҳ – покиза деб эътиқод қилмайман, балки мен аслий (эътиқодий) ва фаръий (фиқҳий) масалаларда унга мухолифман!”, деган(Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Ад-Дурар ал-комина. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-Жайл, 1993. – Б. 151).
“Саҳиҳ ал-Бухорий”га “Фатҳ ал-Борий” номли улуғ шарҳи ва бошқа ўта муҳим асарлари билан шуҳрат қозонган буюк олим Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ эса бундай деган эди:
“Шу билан бирга, у башардир: хато қилади ва тўғри гап айтади. Тўғри айтган гаплари эса кўпроқ бўлиб, улардан истифода қилинади, унга шунинг сабабидан марҳамат кўрсатилади. Хато айтган гапларида эса унга эргашилмайди, балки бу борада у маъзурдир!”. (ар-Радд ал-вофир // ал-Мажмуъ ал-муштамила ъала ад-дурар ал-отия. – Миср: Курдистон ал-илмия, 1911. – Б. 78).
Исломнинг таниқли олимларидан Тақийуддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ талоқ масаласида Ибн Таймия нисбатан битган раддиясида:
“Ибн Таймия ақидалар асосида пайдо қилган нарсалар гўё у Китоб ва Суннатга тобеълик зимнида исломнинг аркон ва асосларини синдириб ташлайди. Зоҳиран қаралсагина, у ҳаққа чақирувчи, жаннатга бошловчи бўлиб кўринади”. “Унинг фуруъда пайдо қилган ишлари бутун оммага бало бўлиб қолди. Шулардан бири талоқни бирор нарсага боғлаб қасам ичса, талоғи талоқ бўлмайди, қасами бузилганига каффорат бериб қўяверади, деган гапидир”, деган.
Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатовойи ҳадисиййа” асарида Ибн Таймияни қаттиқ қоралаган. Уни Аллоҳ таоло хор қилган, адаштирган, кўр қилган, деб таърифлаб туриб:
“Ибн Таймия адашган бидъатчи, ўта даражадаги жоҳил”, деган.

Ўн тўртинчи ҳижрий асрнинг энг буюк фақиҳларидан бири Муҳаммад Зоҳид ал-Кавсарий раҳимаҳуллоҳ эса “ал-Ишфоқ ъала аҳком ат-талоқ” асарида:
“Охирги даврларда мусулмонлар орасини бузишда Ибн Тамиячалик инсонни ислом дини кўрган эмас! Муболағали айтадиган бўлсак, у бу борада яҳудийлардан ҳам ўтиб тушди”, деган эди.
Валийуддин ибн Зайнуддин ал-Ироқий раҳимаҳуллоҳ эса “ал-Ажвибат ал-марзия ъала ал-асъилат ал-маккия” асарида:
“Ибн Таймия мусулмонлар уммати ва уламолари ижмоъ қилиб келган олтмишта фиқҳий ва эътиқодий масалаларга қарши чиққан”, деганди.
Ана шундай фатво ва фикрлари натижасида Ибн Таймия бир эмас, уч эмас, роппа-роса саккиз марта маҳкамага тортилган, алалоқибат зиндонда вафот қилган эди. Ибн Таймиянинг ҳаёти фожеаларга тўла. У ўз тириклигидаёқ одамларнинг битмас-туганмас ихтилофларига, тортишувларига, охири йўқ мунозара ва муҳокамаларига сабабчи бўлди. Бутун Ислом уммати, айтиш керакки, ҳали ҳануз Ибн Таймия сабабидан ихтилофлар гирдобида қолиб келмоқда. Иқтибос тугади.
Ўйлайманки, ушбу гаплардан сўнг яна бирор фикр билдириш ортиқчалик қилади.
Абдуллоҳ Зуфарнинг Абу Ҳанифага эргашгани ҳақидаги гапи тамоман асоссиз экани кундек равшан. Чунки Абу Ҳанифага эргашган одам Мотуридийга эргашади. Фиқҳда ибн Таймияга эмас ҳанафий мазҳаби бўйича гапиради. Абу Ҳанифани сарой муллалигидан яъни қозиликдан бош тортгани ҳақидаги гапидан унинг ўзи ашаддий мутаассиб экани аён бўлади. Сабаби у “сарой” деганда халифаликни назарда тутмоқда. Ваҳоланки, бундан олдин дунёвийлик билан бошқариладиган давлатларни сарой деб келар эди. Бу билан у халифалик ҳам, дунёвий давлат ҳам унинг таъбири билан айтганда “сарой” бўлиб чиқади. Абу Ҳанифага эргашишга биздан кўра ҳақли бўлса, нега Абу Юсуфнинг қозилик қилганини унинг таъбири билан айтганда сарой мулласи бўлганини тилга олмайди. Ваҳоланки, Абу Юсуф ундан ҳам биздан ҳам кўра Абу Ҳанифага кўпроқ эргашган. Абдуллоҳ Зуфарнинг Абу Ҳанифа сарой муллаларидан безор бўлган деган гапидан у зот ўз шогирди Абу Юсуфдан ҳам безор бўлгани келиб чиқади. Бу эса ҳақиқатга тамоман зид.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳақни ҳақ ва ботилни ботил деб биладиганлардан қилсин. Аҳли сунна вал жамоадан айирилмасдан динга ихлос билан амал қилиб боришимизни насиб этсин.

Қодиров Омон

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси