1442 йил 18 Зулҳижжа | 2021 йил 27 июль, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:00
Sunrise
05:34
Dhuhr
12:43
Asr
17:45
Maghrib
19:53
Isha
21:26


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

«Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг!»

16-07-2021, 10:46 17 Ўқиш режими + -
Ҳозирги кунда долзарб мавзуга айланган такфир масаласи, замонамизнинг улкан хатардаридандир. Бу бир кимсани диндан чиқарибгина қолмай, одамларни тафриқага-бўлинишга олиб боради. Кўплаб фитналар шу сабаб авж олади.  Бундай вазиятда исломга душман бўлган кимсалар ўзларининг “фойдаси” учун қуроли сифатида фойдаланишмоқдалар. Бу ишлари билан орадаги низони авж олдириб, бирликлари билан машҳур бўлган мусулмонларни бир-бирига душман қилиб келишмоқда. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда тафриқага тушмаслик, бирдам бўлишликка доир кўплаб оятларни нозилқилган:
         “Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетадир. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар биландир”. (Анфол 46)
“Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз” . (Оли Имрон 103)
Аллоҳ таоло бизларга “бўлиниб кетманг” –дея хитоб қилмоқда. Аллоҳнинг буйруғига итоатда бўлмаганларнинг аҳволи ҳар замонда залолатдир. Келинг, такфир масаласи билан яқиндан танишсак. Куфр сўзи луғатда “ёпиш”, “беркитиш” маъносини англатади. Куфрнинг шаръий маъноси иймоннинг зидди бўлиб, “тониш”, “бош тортиш” маъноларидадир. “Кофир” дегани “куфр эгасининг қалби куфр сабабли ёпилган” деган маънодадир. “Куфр шариатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни динга оид олиб келган нарсаларида ёлғончига чиқаришдир”. Кишини қайси ҳолатларда иймон доирасидан чиқиб кетишини ақоид уламолари белгилаб берадилар. Шунингдек бошқа  сабаблар туфайли бирор мўминни куфрда айблаб, унга муртад тамғасини босиш, уни жазолаш учун калом илмининг энг нозик жойларигача, фиқҳ ва усулул фиқҳ илмларининг барча ҳукмлари-ю, қоидаларини тўлиқ билган олим бўлиш талаб этилади. Ҳозирги кунда эса мусулмонларни куфрда айблаб, уларнинг қонлари ва молларини ҳалол санаётганлар мужтаҳидлик даражасига эга бўлиш у ёқда турсин диннинг асл қоидаларини ҳам билмайдиган инсонлардир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни ҳеч бир кимсани куфрда айбламасликка чақирар, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтганларнинг жони ва моли омонда эканини таъкидлардилар. Бир мусулмон бошқа бир мусулмонга кофирсан дейиши мумкин эмаслиги ҳақида ҳам бир қанча ҳадислар келган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса, гапирувчининг ўзига қайтади”, деб айтдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бу борада мазаҳаббошимиз Имом Аъзам айтадилар:
“Бидъатчиларнинг хатоларидан бири шуки, улар бир бирларини кофир деб атайдилар. Аҳли суннатнинг гўзал тарафи эса, хато қилинган пайтда бир бирларини кофирга чиқармайдилар. Мусулмон олимларининг бир қанча масалаларда бир-бирлари билан ихтилоф қилганларини кўрамиз, лекин улардан ҳеч бири бошқасини куфрда айбламаган. Мусулмонни куфрда айблаганлар аксар ҳолларда исломнинг туб моҳиятини англаб етмаган билимсиз инсонлардан содир бўлганига тарих шоҳиддир. Ҳозирги кунда бу иллатнинг авж олишига интернет-кўприк вазифасини ўтамоқда. Ижтимоий тармоқларда илм аҳлидан бўлмаган одамлар бир-икки нарсани эшитиб олиб, калимаси “лаа илаҳа илла Аллоҳ” бўлган яқинларини ҳам куфрга ҳукм қилишдан таб тортмаяптилар. Такфир масаласида енгил қарайдиган одамларнинг кўпайиб қолганидан оми халқ фирқаланиб, бўлиниб кетишмоқда. Азизлар, бу разил иллатни орамиздан қувиб солайлик. Илм ҳовлисида истиқомат қилмай туриб, унинг аччиқ-чучугидан тортмай туриб, ўзимизни “аҳли илм”дек кўрсатишни бас қилайлик. Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илмни уламолар билан можаро қилиш учун, эсипастларга ғолиб келиш учун ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади», дедилар». Термизий ва Ибн Можа ривоят қилганлар.
Хулоса ўрнида шуни айтамизки, биродарим! Илм олишда шошилманг. Уни кимдан талаб қилаётганингизга қаранг. Ҳали илм аҳлидан бўлмай туриб, инсонларни маломат қилишдан сақланинг. Буюк омонатга енгил қараб унга хиёнат қилманг…

М. Махсумов, 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юртининг фиқҳ фани ўқитувчиси