1442 йил 18 Зулҳижжа | 2021 йил 27 июль, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:00
Sunrise
05:34
Dhuhr
12:43
Asr
17:45
Maghrib
19:53
Isha
21:26


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АРАФА-ҚАНДАЙ КУН?

16-07-2021, 10:51 22 Ўқиш режими + -
  АРАФА-ҚАНДАЙ КУН?

  Маълумки, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ҳайит бўлади. Ундан бир кун олдинни эса халқимиз Арафа куни дейди. 
                                  Хўш, Арафа қандай кун?
“Арафа” арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида билиш, таниш сўзларининг маъноларини англатади. Бу ҳақда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да:“Арафа-(арабча) Макка яқинидаги тоғ номи; билиш, таниш. Қурбон ҳайитидан олдинги кун” деб изоҳланади.
Баъзилар ҳаж қилувчиларнинг асосий зиёрати Арафот тоғида ўтганлиги ва ана шу куннинг эътиборидан ҳайитдан олдинги кун арафа куни дейилади, дейишади. “Ислом энциклопедия” китобида шунда изоҳ берилади “Арафа-(араб. –билмоқ,танимоқ, маърифат ҳосил қилмоқ). -1) ҳижрий-қамарий йил ҳисоби бўйича 12-ой (Зулҳижжа)  9-кунининг номи. Куннинг арафа деб аталишига сабаб Иброҳим (а.с.)га Жаброил (а.с.) ҳаж ибодатининг арконларини ўргатиб кетган. Шу боис ҳожилар зулҳижжа ойининг 9-куни Арафот тепалигига чиқиб, то қуёш ботгунга қадар ибодат, дуо ва илтижо билан машғул бўлишади; 2) Ҳайитдан олдинги кун.  Шундан келиб чиқиб, мусулмонлар халқлар орасида тантанали, оламшумул воқеалар ва байрамлар олдинги кун ва муддатни ҳам Арафа деб номлаш одатга айланган[1]”.  
       Баъзилар эса арафа чин ва ёлғон арафа кунларидан иборат дейишади.  Уларнинг фикрига кўра, арафа кунидан олдинги кунни ёлғон арафа куни ҳисобланади. Ривоят қилишларича, Иброҳим (а.с.) туш кўрадилар. Тушларида ўғиллари Исмоил (а.с.)ни қурбонлик қилишга буюриладилар. Аммо Иброҳим (а.с) бу бир туш деб ўйлаб, тушни ёлғон ёки чинлигига шубҳада бўладилар. Туш кўрилган ўша кун ёлғон арафа куни бўлиб қолди дейишади. Эртасига Аллоҳ таолонинг инояти билан эртаси Иброҳим (а.с.) яна шу тушни қайта кўрдилар. Иброҳим (а.с.) бу сафар тушда фарзандларини забх қилиш Аллоҳнинг амри эканлиги аниқ бўлди. Шу жиҳатдан бу кун чин арафа куни дейилади, дейишади. 
       Арафа куни дунё кунларининг ичидаги энг хайрли кунларнинг биридир. Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да шундай марҳамат қилади: “Тонгга қасам. Ўн кечага қасам. Жуфтга, тоққа қасам” (Фажр сураси, 1-3-оятлар).   Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да “Юқоридаги тўрт ояти каримада Аллоҳ таоло табаррук ойлардан зулҳижжанинг дастлабки ўн куни қадридан мўмин бандаларини огоҳ этиб, шу кунларга қасам, деяпти. Ушбу кунлар ичида энг улуғ ибодатлар-намоз,     рўза, садақа, ҳаж жамланган.  Қурбон ҳайити ана шу зулҳижжанинг ўнинчи кунидан бошланади, мазкур ой ҳаж ибодатини адо этиш вақтидир. Бу ўн кунликда Арафа ва наҳр (қурбонлик сўйиш) бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло фазлу карами ва ҳикмати билан айрим кунларни бошқалардан афзал, мўътабар қилган. Аллоҳ таоло айтади: “Маълумки кунларда Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари (ни қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келишади)” (Ҳаж сураси, 28-оят).   Абдуллоҳ ибни Аббос ушбу оятдаги “маълум кунларни” зулҳижжанинг ўн куни, деб тафсир қилганлар. Ушбу оят ва ҳадисларда келган далилларга биноан, зулҳижжа ойининг олдинги ўн куни дунё кунларининг энг афзали саналади, ушбу кунлари қилинган амаллар бошқа кунлардагига қараганда Аллоҳ таолога суюклироқдир[2]”. 
             Арафа кунида Аллоҳ таоло Ўзининг  Ислом дини комил қилиб берилгани ҳақидаги оятини нозил қилган. Қуръони каримда:”Бугун динингизни мукаммал қилдим, неъматларимни бенуқсон, тўлиқ қилиб бердим ва сизларга Исломни дин деб рози бўлдим”(Моида сураси, 3-оят). Ушбу оятнинг тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да шундай дейилади: “Мазкур ояти карима Арафа куни нозил бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳижратнинг ўнинчи йили ҳаж қилиш учун Маккага бордилар ва Арафотда бимр юз йигирма минг ҳожи ҳузурида оламшумул, машҳур хутбаларини қилдилар. Хутбани тамомлагач, уч марта: “Аллоҳим, шоҳид бўл!” дедилар. Худди шу пайтда юқоридаги ояти кариманинг охирги жумлалари нозил бўлди. Имом Бухорий шундай ривоят қилади: “Яҳудий Умар(р.а.)нинг ҳузурларига келиб, “Сизлар бир оятни ўқийсизлар, агар ўша оят бизга нозил бўлганида, уни байрам қилиб олган бўлур эдик”, дейишди.   “Мен ўша оятнинг қачон. Қаерда, қандай нозил бўлганини биламан. Аллоҳга қасамки, бу арафа куни бўлиб, биз ҳам Арафотда эдик” дедилар ҳазрати Умар (р.а.)[3]”.
             Арафа кунида Аллоҳ таоло дунё осмонида нозил бўлган фаришталар билан фахрланадиган кун. Пайғамбар (с.а.в.): “Арафа кунидан кўра Аллоҳ унда бандани дўзахдан кўпроқ озод қиладиган кун йўқ. У яқинлашади сўнг фаришталарга улар билан фахрланади ва: “Улар нима хоҳлашади”, дейди”(Имом Муслим ривояти) – деганлар. Пайғамбар (с.а.в) “Аллоҳ таъоло Арафа оқшомида фаришталарга Арафа аҳли билан фахрланиб: ”Менинг бандаларимга қаранглар. Менинг ҳузуримга сочлари тўзиган ва чангга беланган ҳолда келишибди” – дейди”. (Имом Муслим ривояти)
      Арафа куни Аллоҳ таоло кўп бандаларини дўзахдан озод қилади. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ Таоло бирон кун Арафа куничалик кўп бандани дўзахдан озод этмайди. У яқинлашиб, сўнг дўзахдан озод қилган бандалари билан фаришталар олдида фахрланади ва: «Улар нима исташади?» - деб сўрайди» (Муслим ривояти). Ибн Абдул-Барр айтадилар:«Бу ўша бандаларнинг гуноҳлари мағфират этилганига ишорадир. Чунки Аллоҳ таоло гуноҳ-маъсият аҳли билан ҳеч қачон фахрланмайди. Фақат тавба ва мағфиратдан сўнг бу нарса бўлиши мумкин».
           Арафа байрам қилинадиган кундир, чунки у байрам кунлар сирасига киради. Пайғамбар (с.а.в.) шундай марҳамат қилдилар:“ Арафа куни, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари биз-Ислом аҳлининг байрамимиздир” (Имом Абу Довуд ривояти).
       Арафа кунида нафл рўзаси тутган киши гуноҳларига каффоратни қўлга киритади. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
             Ўрни келганида шуни ҳам эслатиб ўтамизки, бу йилги санада Қурбон ойи 11 июлда бошланиб, Арафа куни 19 июль кунига тўғри келди. Келаётган Арафа кунини Аллоҳ таоло барчамизга хайрли қилсин! Аллоҳ таоло Арафа кунида қиладиган дуо, ибодатларимизни,  хайрли амалларимизни Ўз даргоҳида мақбул айласин! Барчамизни икки дунё саодатига етказсин!

Р. Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими
 
 
[1] Ислом энциклопедия.   Ўзб. МЭД илмий нашриёти. Т. 2017. 66-бет.
[2] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. Т. “Шарқ”нашриёти. МАКБТ. -2019.  6-жуз. 589-бет.  
[3] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. Т. “Шарқ”нашриёти. МАКБТ. -2019.  3-жуз. 525-бет.