1442 йил 18 Зулҳижжа | 2021 йил 27 июль, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:00
Sunrise
05:34
Dhuhr
12:43
Asr
17:45
Maghrib
19:53
Isha
21:26


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қурбонлик қачон қилинади?

19-07-2021, 11:54 12 Ўқиш режими + -
Қурбонлик қачон қилинади?
Ҳар бир мўмин-мусулмон Қурбон ойида қурбонлик қилишга ошиқади. Қурбонлик қилишда, хусусан уни Аллоҳнинг даргоҳида қабул бўлишида қурбонликни қачон қилишлик муҳим ҳисобланади. Қурбонлик ислом шариати белгиланган пайтда қилинади ва у шу пайтда қилинса, Аллоҳнинг даргоҳида мақбул бўлади. Хўш, қурбонлик қилишнинг вақти қачон?
Ушбу саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораининг Фатво ҳайъати қуйидагича жавоб беради:       ” Қурбонликнинг аввалги вақти Қурбон ҳайити куни тонг отгандан бошланади ва яна икки кун давом этади. Охирги кун қуёш ботишигача жонлиқ сўйиш мумкин. Бу ҳақда мўътабар манбаларимиздан бири “Мухтасарул виқоя” китобида шундай дейилади: 

وَأَوَّلُ وَقْتِهَا بَعْدَ صَلاَةِ العَيدِ إِنْ ذُبِحَ في مِصْرٍ وَبَعْدَ طُلُوعِ فَجْرِ يَوْمِ النَّحْرِ إنْ ذُبِحَ فِي غَيْرِهِ وَآخِرُهُ قُبَيْلَ غُرُوبِ اليَوْمِ الثَّالِثِ

яъни: “Қурбонликнинг аввалги вақти, агар шаҳар жойда жонлиқ сўйилса – ҳайит намози ўқилгандан кейин. Агар ундан бошқа (жума ўқилмайдиган қишлоқ) жойларда сўйилса, ҳайит куни тонг отгандан бошланади. Охирги вақти эса (ҳайитнинг) учинчи куни қуёш ботишидан озгина аввал тугайди”.
  Мана шу матннинг шарҳида Мулло Али Қори шундай дейдилар: 

من أيام النحر لِمَا روى مالك في «الموطّأ» عن نافع، عن ابن عمر أنه كان يقول: الأضحى يومان بعد يوم الأضحى. وقال مالك: بلغني أن عليّ بن أبي طالب كان يقول مِثْل ذلك.

яъни: “(Қурбонлик сўйиш) ҳайит кунларининг учинчисигача давом этади. Зеро, Имом Молик “Муватто” китобида Нофедан ривоят қилишича, Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Қурбонлик – Қурбон ҳайитидан кейин икки кундир”, дер эдилар. Имом Молик: “Али розияллоҳу анҳунинг ҳам шундай деганлари менга етиб келган”, деганлар”. (“Фатҳу бабил иноя”). 
Мазҳабимизнинг яна бир эътиборли манбаси “Фатавои ҳиндия” китобида бу мавзуда шундай дейилади:

وَقْتُ الْأُضْحِيَّةِ ثَلَاثَةُ أَيَّامٍ الْعَاشِرُ وَالْحَادِيَ عَشَرَ وَالثَّانِيَ عَشَرَ ، أَوَّلُهَا أَفْضَلُهَا وَآخِرُهَا أَدْوَنُهَا ، وَيَجُوزُ فِي نَهَارِهَا وَلَيْلِهَا بَعْدَ طُلُوعِ الْفَجْرِ مِنْ يَوْمِ النَّحْرِ إلَى غُرُوبِ الشَّمْسِ مِنْ الْيَوْمِ الثَّانِي عَشَرَ ، إلَّا أَنَّهُ يُكْرَهُ الذَّبْحُ فِي اللَّيْلِ

яъни: “Қурбонликнинг вақти – уч кундир. Улар - (Зулҳижжанинг) ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунлари. Аввали(да қурбонлик қилиш) охиридан кўра афзалдир. Наҳр (яъни, қурбон ҳайити) куни тонг отгандан Зулҳижжанинг ўн иккинчи куни қуёш ботгунича кундузию кечасида сўйиши жоиз. Лекин тунда сўйиш макруҳ” (“Фатвои ҳиндия”).
  Қурбонлик кунларидаги тунлардан мақсад, Қурбон ҳайити кунидан кейинги икки тундир. Ушбу тунларда сўйишнинг ҳукми ҳақида “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:
وَكُرِهَ الذَّبْحُ لَيْلًا وَإِنْ جَازَ لِاحْتِمَالِ الْغَلَطِ فِي ظُلْمَةِ اللَّيْلِ
яъни: “Тунда сўйиш жоиз бўлсада, қоронғуда хато қилиш (яъни, бировнинг қурбонлигини сўйиш)  эҳтимоли бўлгани учун макруҳдир”. 
Демак, ҳайвон сўйиладиган жой ёруғ бўлиб, адашиш эҳтимоли бўлмаса, тунда сўйишнинг ҳам кароҳияти йўқолади. Бинобарин, кундуз куни қурбонлик қилиш яхшироқ.
Хулоса қилиб айтганда, қурбонлик қилиш ҳайит куни ва яна ундан кейинги икки кун давом этади. Бошқача айтсак, уч кун ва улар орасидаги икки тунда қурбонлик қилинади. Ҳайитнинг учинчи куни ҳам қуёш ботгунича сўйиш мумкин. Валлоҳу аълам”. 
Аллоҳ таоло баарча мўмин-мусулмонларнинг қурбонликларини мақбул айласин!

Р. Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими