Закот-Ислом диннинг устуни
5434
27-08-2021, 11:23
590
Ўқиш режими
+
-
Закот-Ислом диннинг устуни
Ислом дини қуйидаги рукнлар устига барпо этилган: иймон, намоз, рўза, закот ва ҳаж. Қурилаётган бино ҳар тарафлама мукаммал бўлмаса, у нураб, қулашга мойил бўлгани каби, исломнинг беш арконидан бирини, яъни закотни кимдир инкор этса, унинг динига путур етади ва иймонидан айрилишига олиб келади. Шунга мувофиқ, молиявий ибодат саналмиш закот баданий ибодат ҳисобланган намоз билан эгизак бўлиб юради. У иккиси бир-бирига соябон, бир-бирига ҳамроҳ, ҳамсоя бўлиб юради.
«Закот» атамасининг мазмун моҳиятига келсак, уни бир неча маънони англатгани учун бошқа тилларга бир сўз билан таржима қилиб бўлмайди. «Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» маъноларини билдиради. Закот берган кишининг моли покланади. Закот бермаган кишининг моли эса ичида закотга ҳақдорларнинг моли ҳам аралашган мол сифатида нопок бўлиб туради. Қачон закотини берса покланади, бўлмаса йўқ. Закоти берилган молга барака киради, у шунингдек, кўпайиб ўсади. Шунда ўсиш маъносини ўзида акс эттирган бўлади.
Закотнинг «поклаш», маъноси тўғрисида яна шуни айтишимиз мумкинки, закот мазкур моллардаги шубҳали, ҳаром жойларни поклаб беради. Масалан, нақд пулдан қирқдан бири берилиши эвазига, ўттиз тўққиз ҳисса ҳалолга айланади. Агар шу бир ҳисса берилмаса, қирқтанинг ҳаммаси шубҳали ва ҳаром аралашган ҳолда туради. Масалан, бир кишида қирқ миллион пули бўлиб, ундан бир миллионини закот сифатида чиқармаса, қирқ миллон пули шубҳали бўлиб қолади. Шунинг учун нисобга етган маблағингизнинг икки ярим фоизини закот сифатида чиқаришингиз керак, қолган маблағи эса ўзингизга она сутидай ҳалол бўлади ва турли шубҳалар ювилиб, тоза бўлиб қолади. Зеро, сув таҳоратда қандай вазифани бажарса, закот ҳам молни поклашда ўшандай вазифани бажаради.
Закот сўзи икки хил маънони англатгани учун ўзбек тилига ҳам «закот» сўзи шундайлигича таржимасиз қабул қилинган.
Закот ибодати бойлар билан камбағаллар ўртасида маънавий кўприк вазифасини бажаради. Агар бойлар бахил, зиқна бўлишса, камбағаллар улар ҳаққига дуо ҳам қилишмайди ва ўртадаги алоқа узилади. Натижада халқ пароканда бўлади. Чунки закот бермайдиган бахил бойлар камбағалларни ёмон кўради, бойлардан яхшилик кўрмаган камбағаллар эса улардан нафратланишади. Ўртани ислоҳ қиладиган кўприк закотдир. Агар мулкдорлар саҳоватли бўлиб, камбағаллар ҳолидан доимо хабардор бўлиб туришса ва закотларини адо қилишса, иш аксинча бўлади, яъни камбағаллар бойлар ҳаққига дуо қилиб: «Эй, Аллоҳим! Шу бойнинг бойлигини зиёда қилгин», дейдилар.
Расулуллоҳ (с.а.в.) закот беришдан бош тортганларни охиратдаги қаттиқ азобдан огоҳлантирадилар. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (с.а.в.) айтади: “Кимники олтин ва кумушлари бўлиб, улар ҳаққини адо этмаса, қиёмат кунида олтин-кумушлари эритилиб, тунукалар этиб қуйилади. Сўнг уларни жаҳаннам ўтида қиздирилиб, миқдори эллик минг йилга тенг бўлган кунда эгасининг ёнбошига, пешонасига ва белига босилади. Бу ҳол Аллоҳ таоло барча инсонлар орасини тўла ҳукм қилиб бўлгунча давом этади. Қайси бир мол ва қўй эгаси борки, у моллари ҳаққини адо этмаса, қиёмат куни уни келтирилиб, ўз ҳайвонларинг туёқлари билан эздирилади ва шоҳлари ила суздирилади. Қачон охиргиси тугаганда, аввалгиси қайтарилади. Бу иш муддати эллик минг йилга тенг бўлган кунда Аллоҳ бандалар орасини ҳукм қилиб тугатгунга қадар давом этади. Сўнг уни жаннатга ёки дўзахга олиб борадиган ўз йўлига солиб қўйилади”. Мазкур ҳадисдан закотни бермасликнинг жазоси оғир бўлишлиги билан бирга, закотни Ислом динидаги адо этилиши зарур бўлган энг асосий фарзлардан эканлиги келиб чиқмоқда.
Закот берилиши керак бўлган махсус молларга тилла ва кумуш, нақд пул бирликлари, тижорат моллари; чорва молларига қўй, эчки, сигир, туя ва ҳоказолар киради. Ундан ташқари, экин-тикинларнинг ҳосилидан бериладиган ушр ҳам, мева-чева ва полиз маҳсулотларининг закоти ҳисобланади.
Бизнинг юртда тилла ва кумуш тақинчоқлардан асосан аёллар фойдаланганлари учун улардан бериладиган закот ибодати ҳам асосан аёлларга тегишли бўлади. 85 грамм тилласи бор ёки 595 грамм кумуши бор эркак ва аёлларга закот вожиб бўлади. Қоғоз пул ёки тижорат молларининг қиймати, нисоб тилла билан белгиланадиган юртларда 85 грамм тилланинг қийматига, кумуш билан белгиланадиган юртларда эса 595 грамм кумушнинг қийматига етса, закот вожиб бўлади. Бизнинг диёрларда нисоб одатда тилла билан белгилангани учун қоғоз пуллар ва тижорат моллари 85 грамм тилланинг қийматига етса, улардан закот бериш лозим бўлади. Шунингдек, бирор кишида озгина тилла, озгина кумуш, озгина қоғоз пул бўлса, уларнинг барчаси қўшилганда, 85 грамм тилланинг қийматига етса, улардан закот бериш вожиб бўлади.
Экин-тикинларда мутлақо нисоб йўқ, яъни Ҳанафий мазҳабига кўра, ердан чиққан ҳар қандай нарсанинг ўндан бири закот қилиб берилаверади. Масалан, бир кило мева етиштирдингиз, уни ўнга бўласизда, ўшанинг биттасини камбағалларга ушр қилиб юборасиз. Ўн кило мева олсангиз бир килосини бериб юборасиз. Юз кило меванинг эса ўн килосини ажратасиз ва ҳоказо.
Ушр бериш учун эса ер лалми бўлиши лозим. Агар ерлар пул тўлаб, маблағ сарфлаш орқали суғориладиган бўлса ёки ҳозирда газ билан иситиб қишда етиштириладиган полиз экинлари бўлса ёки алоҳида ускуналар билан жиҳозланган ерларда етиштириладиган мевалар бўлса, бундай ҳолатда чиққан ҳосилнинг йигирмадан бири берилади. Масалан, йигирма тонна ҳосилдан бир тонна берилади. Бу ҳам шариатимизда енгиллаштирилган ҳукмлардан биридир.
Инсон қалбидаги бахиллик сабабли закот бермаса, нажот топа олмай қолади. Шунчалик қулайлик билан фарз қилинган ибодатдан ким бош тортса, дунё ва охиратда азобга дучор қилиниши ҳам адолатдандир.
Муҳаммади ҚОРАЕВ,
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.