1443 йил 13 Сафар | 2021 йил 20 сентябрь, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:08
Sunrise
06:23
Dhuhr
12:30
Asr
16:51
Maghrib
18:37
Isha
19:52


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ёмон гумон қилманг

8-09-2021, 11:05 15 Ўқиш режими + -
  Ёмон гумон қилманг

          Ёмон гумон инсонни гуноҳга етаклайдиган иллатдир. Шу сабабли Аллоҳ таоло мўъмин-мусулмонларни ўзга инсонларга ёмон гумон қилишдан қайтаради. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: “Эй инсонлар,  одамлардан ёмон гумон қилишдан эҳтиёт бўлинглар. Инсон ўзининг баъзи бадгумони билан гуноҳкор бўлур”. (Ҳужурот сураси, 12-оят). 
          Инсонлар бир-бирларига ёмон гумон қилишдан эҳтиёт бўлишлари лозим. Зеро, бировдан гумон қилишлик ботил нарсадир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Эй умматларим, бир-бирингизга нисбатан ёмон гумонда бўлмангизлар, зеро  гумоннинг асли ботил ва пуч нарсадир. Бир-бирларингиздан махфиёна айбу нуқсон қидирманг, ўзаро бўғзу адоватда бўлиб, аразлашиб юрманглар, балки иноқ ва ҳамжиҳат бандалардан бўлинглар”, дейдилар (Имом Бухорий ривояти). 
            Гумон аслида пуч нарса бўлиб, у ёлғон гаплардан иборат бўлади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  “ Пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Гумонсирашдан сақланинглар, зеро гумон ёлғон гапдан иборатдир” дедилар.  Инсон ҳар хил ёмон гумон келиб чиқадиган ишлардан сақланмоғи ҳам лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в.) аёлларидан Сафия бинти Ҳуяй шундай ҳикоят қилади: “ Муҳаммад (с.а.в.) масжидда эътикоф ўтирган эдилар. Мен кечаси у зотни кўргани келдим. У зот мени билан бир оз суҳбатлашдилар ва мени кузатгани ташқарига чиқдилар. Шу пайт  олдимиздан икки киши ўтиб қолди. У икки киши Пайғамбар (с.а.в.) ни кўришлари билан қадамларини тезлаштирдилар. Пайғамбар (с.а.в.) уларга: “ Эй, шошманглар, бу аёл менинг хотиним Сафия бинти Ҳуяйдир” дедилар. Улар эса: “Субҳоналлоҳ! Ё Расулуллоҳ! Ким ҳақида гумон қилсак ҳам, сиз ҳақингизда қилмаймиз” дейишди. Шунда Пайғамбар (с.а.в.): “Шайтон инсоннинг қони юрар жойида юради.  Мен унинг қалбингизга бирор ёмон ўй солишидан қўрқдим” дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). 
           Ёмон гумон шайтоннинг тузоғидир. Шайтон бадгумонлик билан инсонларнинг  кўнглини овлайди. Чунки ёмон гумон жамият ичида низоларни келтириб чиқарувчи, ўзаро алоқаларни ёмонлаштирувчи, ўзаро муҳаббатга барҳам берувчи балодир. Бунинг натижасида шайтоннинг ови бароридан келади. Ўз режаларини амалга оширади ва инсонлар кўнглини бирма-бир қўлга киритади. Чунки ёмон гумондаги инсонлар ҳеч вақт бирикмайдилар ва бир-бирларини маҳкам тутмайдилар.
           Яхши инсон ҳар бир нарсадан яхшилик излайди, ёмон ниятли инсон эса ҳамиша ҳар нарсадан ёмон гумон қилиб тураверади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Гумондан ўзларингизни сақлангиз. Чунки гумон гапларнинг энг ёлғонидир». (Бухорий ривояти). Ёмон гумон туфайли инсонлар бошқа бировларни ғийбат қиладилар ёки уларга асоссиз туҳмат уюштирган бўладилар. Ғийбат ва туҳмат инсоннинг яхши амалларини йўқотади.  
            Ҳозир ҳам баъзан айрим кишиларнинг ҳар нарсадан гумон қилиб юрганликларини учратасан. Бировдан ёмон гумон қилиб гапиришдан жуда кўп кўнгилсиз воқеалар келиб чиқади.  Биров гумон қилиб гапирса, уни бу ёмон гумондан қайтариш ўрнига, унинг гапларини кўтариб чопадиган одамлар ҳам кўплаб топилади. Аслида бировдан эшитган гапиравериш гуноҳни кўпайтиришдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Кишини ёлғончи эканлигига, унинг  эшитган ҳар бир нарсани гапириб юриши кифоя қилади” деганлар (Имом Муслим ривояти).  
       Инсонлар доимо бир-бирларига яхшилик соғиниб яшашлари лозим. Зеро, инсонлар ўртасида инсонгарчиликдан кутилган мақсад ҳам яхшилик қилишдир. Бирор инсонга яхшилик қилиш қўлимиздан келмайдими, унга ёмонлик қилишдан ҳам сақланайлик. Бировга яхшилик соғиниш қўлимиздан келмайдими, унга ёмон гумон қилишдан ҳам эҳтиёт бўлайлик. Ҳали, ҳеч ким одамларга ёмон гумон қилиб ўз мақсадига эришган эмас. Ёмон гумон ҳеч кимни мақсадига эриштириб. бахтли қилаолган эмас. Ёмон гумон инсонлардаги туҳмат, ғийбат,  ичи-қоралик, чақимчилик, инсофсизлик, бўғзу-адоват каби салбий хулқларни юзага чиқариб, уларни инсонларда  томир отишига сабабчи бўлади. Бу ёмон хулқлар туфайли қанча-қанча инсонларга сабабсиз озорлар берилади.  Ёмон гумон жамият кишилари ўртасидаги меҳр-оқибат ипларини узади. Улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, яхши ишларда ҳамкорлик қилиш фазилатларини йўққа чиқаради. Шу сабабли инсонларга ёмон гумон қилишдан сақланиб, ҳамиша яхши фикрда бўлишга ҳаракат қилишимиз ва бу билан ўзимизга ҳам, ўзгаларга кўп манфаатлар етказган бўламиз. 

Р. Усмонов
ЎМИ нинг Қашқадарё вилоятидаги вакили