Дарҳақиқат, халқимизда зиёрат қилишнинг ҳам ўз одоблари мавжуд. Бу одобларда зиёрат қилишнинг маълум меъёр ва қоидалари жамлангандир. Ана шу меъёр ва қоидалар асосида зиёрат қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Зиёратгоҳларни зиёрат қилишда энг аввало зиёрат нима эканлигини билиб олиш лозим.
Зиёрат нима?
“Зиёрат” арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида “ташриф”, “бориб кўриш” маъноларини ифодалайди. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида бу сўзга қуйидагича изоҳ берилади:
“ Зиёрат- арабча сўз бўлиб, у ташриф, табаррук жойларга сафар қилиш”. Ўтган аждодларимизнинг дафн қилинган жойларни бориб кўришдир зиёрат дейилади. Биз ўтган аждодларимизни хотирлаш ва улардан ибратланиш, охиратни эслаш учун зиёратга борамиз. Зиёратгоҳларга бахт ёки омад сўраш ёки уларни тавоф қилишлик учун бориш мумкин эмас. Чунки бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар
: “Зиёратгоҳ(қабр)ни зиёрат қилишни истаган киши зиёрат қилсин, чунки уларнинг зиёрати бизга охиратни эслатади”. ( Бухорий ривояти).
Зиёратга инсон баъзан ўзидаги хафачиликни, ғамни кетказиш учун ҳам боради. Ўтган аждодларлар ётган жойларга ташриф буюришимиз билан биздаги қайғу-ғамлар кетади. Бу ҳақда шоир Чустий шундай ёзади:
Индамаслар оламин сайр айладим, Сайр этиб мен бериё хайр айладим. Энг ажаб олам экан бу олами, Сайр қилсин бўлса ҳар кимнинг ғами.Зиёратга борадиган киши аввало танасини поклаб, ўзини тартибга келтиради. Зиёрат қилувчи зиёратга боришдан олдин киядиган кийимларига алоҳида эътибор беради. Унинг кийимлари тоза-озода бўлиши, очиқ-сочиқ кийимлар эмас, миллий ва диний қадриятларимизга мос келадиган кийимлар бўлиши лозим. Зиёрат қилувчи киши зиёратгоҳга дафн қилинган аждодларимиз руҳини хотирлаш учун борар экан, у ердаги мўътабар кишиларни хаёлан тирик, ҳисоблайди. Ва зиёратоҳга кириш билан у ерда дафн қилинган зотларга салом беради. Унинг саломи қуйидагича бўлиши мумкин : “ Ассалому алайкум, аҳли-қубур, сизларни худо раҳмат қилсин”.
Зиёрат одоблари қуйидагилардан иборат:
- зиёратга борган киши қаттиқ кулгу қилмаслиги, дунёвий гаплардан кўп гапирмаслиги, балки у маюс, ғамгин бўлмоғи;
- зиёратга келган киши у ердаги кўкаламзорлаштирилган жойларни, зиёратгоҳда мавжуд қабрларни ҳуда-беҳуда босиб юришдан сақланиши;
- зиёратгоҳда хизмат қиладиган кишиларнинг меҳнатини қадрлаб, уларнинг фикр ва маслаҳатларига қулоқ солиши;
- зиёратгоҳда ёш болаларни олиб бориб, уларни қабрларни тавоф қилишга ўргатиш ёки уларни қабрлар устидан думалатиш каби хунук ишлардан сақланиши;
- зиёратгоҳда ҳар хил жонлиқлар олиб бориб сўйиш ва у ерларда турли хил овқатлар пишириб ейишдан сақланиш; ( Ҳасан Басрий (р.а.) зиёратгоҳда овқат еб турган кишини кўриб шундай деганлар: “ Бу киши мунофиқдир! Зеро, шу қадар ўликлар ҳузурида туриб, кўнглига қўрқув тушмас, томоғидан овқат ўтар, охиратни ўйламас”. Дарҳақиқат, қабрлар олдида овқатланиш, қабрда ётган марҳумга озор бериш ҳисобланади. Ва бу ишлар зиёратгоҳга келувчилар орасида турли хил юқумли касалликларни тарқалишига сабабчи ҳам бўлиши мумкин).
- зиёратга келувчи ўзидаги ҳар хил ўй-фикрларни тарк қилиши;
- зиёратгоҳга келишда кибр ва ғурурни ташлаб, камтар бўлиши;
- зиёратгоҳда баланд овозда гапирмасдан секин одоб билан гапириши;
- зиёратгоҳда беҳуда вақт ўтказишдан, беҳуда гаплардан тийилиши;
- зиёратгоҳдаги дарахтлар шохларини ёки экилган гулларни синдирмаслиги;
- зиёратгоҳдаги қуш ёки бошқа жониворларга озор бермаслиги;
- зиёратгоҳда мавжуд ҳар хил нарсаларга ижозатсиз тегинмаслиги;
- зиёратгоҳда олов, чироқ ёки шам ёқмаслиги;
- зиёратгоҳда қабрларнинг устига чиқмаслиги;
- зиёратгоҳда нос, сигарет чекмаслиги;
- зиёратгоҳнинг тўғри келган жойида тупурмаслиги;
- зиёратгоҳда турли хил нарсаларни ташлаб, у ерни нотоза қилмаслиги;
- зиёратгоҳдаги қабрларга суянмаслик, у ерларда ухламаслиги;
- зиёратгоҳдаги дарахтларга латта боғлаш каби бидъат ва хурофот ишларини бажармаслиги;
- зиёратгоҳда бошқаларга халақит берадиган аҳволда ўйин-кулгу ёки йиғлашдан тийилиши;
- зиёратгоҳда биров билан тортишиш, жанжаллашишдан тийилиши;
- зиёратга келган кишилар махсус қилинган жойларда ўтириб, ўтган аждодлар ҳақига дуо қилиб, улардан ибратланиб ва яхши таассуротлар олиб қайтмоқлари лозим.
Инсон зиёратгоҳларга бориб, зиёрат одобларига амал қилган ҳолда ўтган аждодлар руҳини хотирласа, уларнинг ҳаққига дуо қилса, катта савобларни қўлга киритади. Ўтган аждодлар ётган табаррук жойларини зиёрат қилишнинг эса тарбиявий аҳамияти каттадир.
Зиёратгоҳларга зиёрат учун бориш инсонларнинг қалбларни юмшатади, инсоннинг руҳий чарчоғини ёзади, қайғу-аламини кетказади. Инсонни бошқалар билан бўладиган муомила ва хулқини яхши бўлишига сабабчи бўлади. Зиёрат инсоннинг соғлигига, унинг умрини узоқ бўлишига манфаат етказади.
Р.Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими