1445 йил 12 Шаввол | 2024 йил 20 апрель, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:32
Sunrise
05:53
Dhuhr
12:36
Asr
17:21
Maghrib
19:19
Isha
20:41


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қуръони Карим дарслари (62-дарс). Ҳозир усмоний мусҳафлар қаерда?

13-09-2021, 17:23 92 Ўқиш режими + -
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


«Ҳозир усмоний мусҳафлар қаерда?» деган савол туғилиши табиий.
Ушбу саволга етарли жавоб топиш мушкул. Ҳозирда бир нечта Усмоний мусҳафлиги даъво қилинаётган нусхалар мавжуд. Уларнинг ҳар бирини тутиб турган тарафлар ўзларидаги мусҳафнинг усмоний мусҳаф эканини таъкидлайдилар ва ўзларининг ҳужжату далилларини келтирадилар. Аммо шу билан бирга, бошқа тарафлар уларнинг асл усмоний мусҳаф эканига шубҳа билан қарайдилар.
Мисол учун, қарши тарафлар қуйидагиларни айтадилар:
«Қоҳирадаги кутубхонада сақланаётган тарихий мусҳафларнинг суралари орасида нақшлар ва фосилалар борлиги ёки Қуръоннинг таъширларининг (ҳар ўн оятдан кейин қўйиладиган махсус белгининг) ажратилганлиги каби аломатлар уларнинг усмоний мусҳаф эмаслигига ёрқин далилдир». Чунки усмоний мусҳафлар бунга ўхшаш аломатлардан холи экани ҳаммага маълум.
Баъзи кишилар кўпгина тарихий ривоятларни тўплаб, қадимги уламолар усмоний мусҳафларни ёки уларнинг сураларини муайян исломий шаҳарларда кўрганликларини таъкидлайдилар. Олмон шарқшуноси Готҳелф Бергштрассер ва Претсайл ўзларининг Қуръон матнлари тарихи тўғрисидаги ёзувларида ўзларидаги мусҳафнинг усмоний мусҳаф эканини таъкидлаётган юқоридаги шарқшуносларнинг бошида француз шарқшуноси устоз Катрмер турганлигига ишора қилишади.
Сўнгра шарқшунос Казанова ўзидан олдинги Катрмернинг илмий ишига суяниб, уни қайтадан текшириб, кўпгина янгиликларни келтирган.
Билишимизча, усмоний мусҳафларнинг биттаси ҳижрий тўртинчи асрнинг бошларида баъзи илмий доираларда машҳур бўлган. Машҳур сайёҳ Ибн Баттута «усмоний» деб гумон қилинаётган ушбу мусҳафлардан баъзиларини ёки уларнинг баъзи саҳифаларини Ғарнота (Гренада), Марокаш, Басра ва бошқа баъзи шаҳарларга бир неча бор қилган саёҳатларида ўз кўзи билан кўрганлигини айтади.
Мисол учун, Ибн Баттута ўзининг «Риҳлату Ибн Баттута» номи билан машҳур бўлган «Туҳфатун-нуззор фи ғороибил-амсор ва ажаибил-амсор» китобида турли жойларда сақланаётган усмоний мусҳафларни кўргани ҳақида баён қилади. Жумладан, у Маккаи Мукаррамада, Масжидул Ҳаромда сақланаётган усмоний мусҳаф ҳақида қуйидагиларни ёзади:
«У ерда Ҳарами шарифга оид турли китоблар ва мусҳафи шарифлар сақланадиган жой бор. Ундаги омборлардан бирида кенг ва узун сандиқ бўлиб, унда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг хати билан ёзилган мусҳафи карим бор. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан ўн саккиз йил ўтганидан сўнг кўчирилган нусхадир. Қачон Макка аҳлига қаҳатчилик ёки шиддат етса, улар ушбу мусҳафи шарифни чиқаришар ва Каъбанинг эшигини очиб, уни шарафли остонага ҳамда Иброҳим алайҳиссаломнинг мақомларига қўйишар экан. Сўнгра одамлар жамланиб, ялангбош ҳолда тазарруъ ила мусҳафи шарифни ва мақоми каримни васила қилиб дуо қилишар экан...»
Ибн Баттута раҳматуллоҳи алайҳи Куфадаги усмоний мусҳаф ҳақида қуйидагиларни ёзади:
«Улар жумани мен юқорида зикр қилган мўминларнинг амири Алий розияллоҳу анҳунинг масжидларида ўқир эканлар. Сўнг у ёпилар экан. Унга фақат жумада келар эканлар. Бу масжид энг гўзал масжидлардандир. Унинг саҳни кенг бўлиб, йиртқичлар водийсидан келтирилган майда қизил тошлар тўшалган экан. Унга Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинган вақтларида ўқиб турган мусҳафи шариф қўйилган экан...»
Ибн Баттута раҳматуллоҳи алайҳи Дамашқ масжидидаги усмоний мусҳаф ҳақида қуйидагиларни ёзади:
«Масжиднинг қибласида катта махсус хона бўлиб, унда шофеъийларнинг имоми имомлик қилади. Унинг шарқий бурчагида, меҳроб тарафда катта жавонда мўминларнинг амири Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Шомга юборган мусҳафи карим бор. Мазкур жавон ҳар жума куни намоздан кейин очилади. Ўша мусҳафи шарифни ўпишга жуда кўпчилик интилганлиги учун ниҳоятда тиқилинч бўлади. Одамлар шу ерда қарздорларидан ва бирор нарсани даъво қилинганлардан қасам ичишни талаб қилишади».
Шу каби фойдали, дақиқ маълумотлар туриб, Казанова ушбу тарихий қийматга эга бўлган ҳақиқатларни шубҳа остига олмоқчи бўлади ва қуръоний илмлар оламида ҳеч ким айтмаган гапни айтишга журъат қилади. У шундай дейди:
«Аслида мусҳафни Усмон розияллоҳу анҳу тўплаган, деган қисса тўғри эмас. Дастлаб бу гапни мусҳафларни тўплаш борасида чиройлироқ қисса бўлсин, деб халифа Абдулмалик ибн Марвон ўйлаб чиқарган. У мусҳафни безаш ишларини амалга ошираётиб, «Бу ишни дастлаб Усмон розияллоҳу анҳу қилган эди», деган».
Бундан ҳам ажабланарлиси, муаллиф ёш боланинг оқил инсон қабул қилмайдиган гапини гапиришдан ҳам тоймайди. Унинг фикрича, Қуръонни биринчи бўлиб жамлаган шахс Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий эмиш. Унинг бу гапларига ҳатто ўзининг шарқшунос ҳамкасабалари ҳам ишонишмайди. Блашер ушбу фикрнинг таги пуч ва бузуқ эканини айтиб:
«Казанованинг ушбу гумонига эргашишимиз қатъиян мумкин эмас. Чунки собит бўлган матнлар унинг нуқсонли эканини билдиради», дейди.
Яна маълумки, саккизинчи аср уламоларидан Ибн Касир Шомга юборилган мусҳафни кўрган. У ўзининг «Фадоилул-Қуръан» номли китобида:
«Усмоний мусҳафларга келсак, бугунги кунда уларнинг машҳури Шомдаги Дамашқ жомеъсида, Аллоҳнинг зикри билан обод бўлган алоҳида хонанинг шарқий рукнидадир. У қадимда Табария шаҳрида эди. Сўнгра ҳижрий 518 йилнинг бошларида у ердан Дамашққа кўчирилди. Уни азиз, жалил, улуғ, улкан ҳолда, кучли, очиқ ҳуснихат билан ёзилган суратда кўрдим. Сиёҳи маҳкам эди. Менимча, туянинг териларига ёзилган», деган.

«Қуръон илмлари» китобидан




Ислом.уз