1443 йил 13 Сафар | 2021 йил 20 сентябрь, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:08
Sunrise
06:23
Dhuhr
12:30
Asr
16:51
Maghrib
18:37
Isha
19:52


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Никоҳ масаласига жиддий эътибор берайлик

13-09-2021, 17:38 13 Ўқиш режими + -
 Никоҳ масаласига жиддий эътибор берайлик 
Никоҳ барча пайғамбарларнинг ҳалол билан ҳаромни ажратувчи суннат амалидир. Никоҳ билан ота-она келгуси авлодларининг асосий тамал тошини қўяди. Қиз ўзи учун муносиб жуфт танласа, келажакда фарзандларига рисоладагидек ота танлаган бўлади. Йигит ҳам ўзи учун яхши жуфт танласа, келажакда фарзандларига муносиб онани раво кўрган бўлади.
            Бир улуғ зот фарзандларига: “Сизларга туғилмасинглардан олдин ҳам, кейин ҳам кўп яхшиликлар қилганман”, деди. Фарзандлар: “Отажон, туғилганимизда катта қилдингиз, таълим-тарбия бердингиз, уйлантириб, эл-юртга қўшдингиз. Аммо туғилмасимиздан олдин қандай яхшилик қилдингиз?” дедилар. Ота шундай жавоб берди: “Ўғилларим, туғилмасинглардан аввал сизларга муносиб она танладим”. Отанинг муносиб танлови фарзандлар салоҳиятининг гарови бўлди.
Минг афсуски, кейинги вақтларда қизларни эрта турмушга узатиш энг долзарб ва ҳаммани ўйлантирадиган муаммоли масалалардан бўлиб қолмоқда. Ота-оналар орзу-ҳавасга тезроқ етишиш мақсадида, ҳатто, ёшларнинг фикри билан қизиқмасдан тўй қилиш тараддудига тушиб кетмоқдалар. Йигит-қизлар турмушга тайёрми, йўқми, буни ҳисобга олмаяптилар. Айрим инсонлар балоғат ёшини камолот ёши, деб тушунишади. Аслида эса балоғат ёши никоҳ ёши эмас, балки никоҳ қуриш учун вояга етган бўлиш шарт. Шунинг учун ҳам шариатимизда қиз болани турмушга беришда унинг розилиги сўралади.
Оилавий ҳаётнинг остонаси бўлмиш никоҳ доимо кенг мушоҳада ва тажрибали инсонлар билан кенга шиб амалга оширилишининг фазилатлари кўп. Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турмушга чиқаётган хотин-қизларнинг ўзлари билан маслаҳатлашиш кераклигини айтганлар. Маслаҳатлашиш қиздан куёвликка танланаётган йигит ҳақидаги фикрларини билишдангина иборат бўлиб қолмай, унинг келинлик масъулияти вазифаларини қандай тушуниши, уларни адо этишга уқуви, малакаси, соғлиги, хоҳиш-иродаси қай даражада эканини ҳисобга олиб, йўл тутишни ҳам тақозо этади.
Никоҳ ва оила масаласига ота - оналар ҳам доимо катта аҳамият беришлари лозим. Улар ўз фарзандларини ёш жиҳатидан оила қуришга тайёр эканлигига тўла қаноат ҳосил қилиб, сўнгра никоҳдан ўтказишлари шарт.
Киши ҳаётида бир марта бўладиган умр савдоси бўлмиш никоҳ масаласи доимо кенг мушоҳада ва кенгаш билан амалга оширилгани маъқулдир. Шу ўринда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларини эсга олиш жоиздир: "Қизларни турмушга чиқариш тўғрисида оналари билан маслаҳатлашинглар".
Динимиз таълимотларига кўра илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур бўлган барча кўникмаларни ўрганиш ҳар бир қиз бола учун зарур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш бар ча мусулмон эркак ва аёлга фарз”, деганлар.
Бордию шундан олдин турмуш қурсалар, ўқиш ҳам чала, оила юмушлари ҳам, уй бекалиги ва бошқа барча ишлар ҳам чала бажарилишига йўл очилган бўлади. Илмли ва касб - ҳунарли аёлгина комил инсонни тарбиялай олади.
Эрта, вояга етмасдан турмуш қурганларнинг аксарияти ота - онасининг қарамоғида яшайди ёки турмушига дарз кетади. Бу борада ёш қизларнинг турмушдан кейинги ҳаёти нисбатан оғир кечади
Қизларнинг жуда ёш турмушга чиқишлари ҳақида ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан Ибн Шубурма ва Баттийлар мутлақо салбий фикр билдиришган.
Баъзи инсонлар Ислом дини қизларни барвақт узатишга чақиради, деган нотўғри тушунчада юрадилар. Бу – асоссиз гап. Исломда ҳали балоғатга етмаган, турмушга тайёр бўлмаган ўсмир қизларни узатиш ёки никоҳлаш лозим, деган гап йўқ. Ҳатто балоғатга етган, жисмоний тарафдан турмушга тайёр йигит, агар оилани боқа олмаса, унинг уйланиши шарт эмаслиги айтилади.
Аксарият давлатларда никоҳ ёши йигит ва қиз учун бир хил этиб белгиланган. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида таъкидланганидек, 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган шахсларнинг барчаси бола ҳисобланади. Аммо ҳали 18 ёшга кириб улгурмаган қизларни у ёки бу сабаб билан турмушга бериб, келиб чиқадиган муаммога ота-оналарнинг ўзи айбдор бўлиб қолмаяптими?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлар тарбияси, уларнинг саодатли бўлишлари борасида ота-оналарнинг вазифалари қандай бўлиши ҳақида шундай марҳамат қилганлар: Жобир ибн Абдуллоҳ р.а. дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимнинг уч қизи бўлиб, уларга яхши одоб-ахлоқ ўргатса, раҳм-шафқат кўрсатиб барча таъминотларини кафолатласа, албатта, унга жаннат вожиб бўлади”. Ё, Расулаллоҳ! Агар иккита бўлсачи? – деб сўрашди. “Агар иккита бўлса ҳам”, – дедилар. Қавм орасидан бирлари агар битта бўлсачи, деб сўраганида, “битта бўлса ҳам”, деб жавоб берган бўлар эдилар”. 
Келажак авлодларимиз соғломлиги учун қизларимизни   ҳадисда айтилганига мувофиқ равишда тарбиялаб, дунёвий ва ухровий мукофотларга сазовор бўлиш барчаларимизга насиб этсин!


Муҳаммади ҚОРАЕВ,
Қарши шаҳар  “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби