Фитна ва хатолардан омонда бўлиш учун нима қилмоқ керак?
5571
15-09-2021, 10:31
372
Ўқиш режими
+
-
Фитна ва хатолардан омонда бўлиш учун нима қилмоқ керак?
Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган кунни илғор технологияларсиз тасаввур этиш ўта мушкул. Улар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Бутунжаҳон ўргимчак тўри деб аталадиган интернетнинг имкониятлари, бугунги тараққиётнинг тезлигига тезлик, кучига куч бағишлаётгани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Бугунги кунда ана шу буюк ихтиронинг имкониятларидан баҳраманд бўлмаган инсон топилмаса керак. Бироқ, башариятга наф келтириши кўзланган ушбу воситадан ўз ғаразли мақсадларини амалга ошириш, одамларни залолат ва қабоҳатга ундаш, уларни тўғри йўлдан адаштириш мақсадида фойдаланувчилар ҳам йўқ эмас.
Ўз аъзоларини телевизор, радио сингари замонавий технологияларни “бидъат” санаб, улардан эҳтиёт бўлишга қаттиқ чақирган экстремистик, террорчи ташкилотлар бугунга келиб ўзлари замонавий компьютер технологиялари имкониятларидан фаол фойдаланмоқда.
Террорчи ташкилотлар интернет орқали қуйидагича кураш олиб бормоқдалар.- террорчилар аҳоли орасида қўрқув ва ваҳима келтириб чиқариш, ўз ғояларига эргашмаганларни ёки уларга қарши чиққанларни таъқиб этиш ва ҳаракатсизликка чақириш мақсадида фойдаланадилар.
- Ўзаро алоқани таъминлаш яъни экстремистик ташкилотлар интернет нафақт ўз сафдошлари, балки бошқа шу каби ташкилотларнинг аъзолари билан ҳам хабарлар алмашиш ва маълумотларни етказишда фаол фойдаланадилар.
- Ўқув-малака ошириш. Бунда террорчилар глобал тармоқ орқали қўлбола бомбани ясаш, ўзини-ўзи ўлдириш, кўпроқ қурбонлар келтириш услубларини муттасил ўргатиб борадилар. Қўлланмалар видео, аудио ва китоб шаклида интернетга жойлаштирадилар.
Бундан ташқари террорчиларга тегишли интернет саҳифаларида болаларга худкушлик амалиётини тарғиб этувчи махсус мультфильм яратилгани ва яқин кунларда унинг глобал тармоқ орқали тарқатилиши маълум қилинган. Фильмдан кўзланган асосий мақсад ёшларни террорчилар талқинидаги “жиҳод” ҳаракатларига нисбатан мойиллик туғдириш ва яқин келажакда ўз сафларини айни ана шу ёшлар ҳисобидан тўлдиришдир.
Таҳлилчиларнинг фикрича, 11 сентябрь воқеаларига қадар дунё бўйлаб чамаси 20 та экстремистик кайфиятдаги интернет сайтлари мавжуд бўлган бўлса, айни кунларда уларнинг адади 1000 дан ошиб кетган.
Интернет биз яшаётган бугунги асрнинг воситасидир. Ҳозирги таҳликали замонда ана шу воситалардан ҳидоят йўлида фойдаланишимиз, у орқали ислом ҳақидаги ҳар хил нотўғри, нохолис маълумотларга раддия беришимиз лозим.
Интернетни дунёга қиёслаш мумкин. Ундан нимани ахтарсангиз, топасиз. Фақат топилган нарса тўғри, ишончли ва энг муҳими зарарсиз эканини билиш учун инсонгга онг ва тафаккур керак.
Оқ-қорани таниб улгурмаган, яхши-ёмоннинг фарқига бормаган айрим ёшлар интернет орқали узатилган айрим маълумот-хабарларни мутлоқ ҳақиқат деб қабул қилиш ҳолатлари учраётгани кишини жиддий хавотирга солади.
Муқаддас динимизни ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш йўлида интернетдан фойдаланаётган ноқонуний оқимлар сонининг кўпайиб бориши натижасида ёшларимиз билиб-билмай уларга қўшилиб қолмоқда.
Хўш, бундай фитна ва хатолардан омонда бўлиш учун нима қилмоқ керак?
Биринчидан, Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини, У зот ҳамма нарсадан воқиф эканини доим ҳис қилиб туриш лозим.
Иккинчидан, интернетга муайян вақтларда, ўз олдига муайян вазифа ва аниқ мақсадни қўйган ҳолда киришиш керак.
Учинчидан, ўзи айтаётган, эшитаётган, нақл қилаётган ва ўқиётган нарсалар ҳақида ишончли илмга эга бўлиш лозим. (Чунки интернет шундай маконки, унда тўғри келган одам сохта исм остида тўғри келган нарсани ёзиши мумкин).
Тўртинчидан, бирон хабар ё воқеадан хабардор бўлса, уни чуқурроқ ўрганиш ва таҳлил қилиш лозим.
Аллоҳ таоло айтади: «Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш–хабар етса, уни таратурлар. Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда, озгинангиздан бошқангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз.» (Нисо сураси 83-оят).
Ушбу оятнинг тафсирида “Баъзи кишилар бирор хабарни эшитишлари билан ҳамма ёққа тарқатишга шошиладилар. Бундан мусулмонларга фойда борми, зарар борми–ўйлаб ўтирмайдилар. Мазкур хабарни тарқатиш мусулмонлар учун яхшими ёки тарқатмаслик яхшими–ўйлаб кўрмайдилар. Оқибатда душманлар «совуқ уруш» (қуролсиз уруш) деб номланган қабоҳатни ишга солиб, турли-туман ёлғонларни тўқиб чиқарадилар. Мусулмонлар ичида ғулғула, келишмовчилик тарқатадилар. Руҳий, маънавий қувватларини синдирадилар. Агар мусулмонлар ўз динларига амал қилсалар, бундай лақмалик, нодонлик қилмас эдилар. Эшитган гапларини дарҳол ёймас эдилар. Чунки, Ислом ҳукми бўйича, эшитган гапини тарқатавериш мумкин эмас”[1] дейилади.
Бугун интернет имкониятларини, унинг фойдали жиҳатларини ҳеч ким инкор этолмайди. Фақат ундан фойдаланиш маданиятини шакллантирмоқ, болаларни унга ўргатмоқ зарур. Бинобарин, ёшларимизнинг руҳий-маънавий оламини зарарли унсурлардан ҳимоя қилиш орқали тараққиёт пойдевори яратилади.
Азамат Усмонов
[1]“Тафсири ҳилол“ иккинчи нашр 1- жуз 587-бет. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф