Бидъат нималигини биласизми?
«Бидъат» сўзи луғатда «бир нарсани янгидан пайдо қилиш» маъносини англатади. Унинг шаръий истилоҳий маъноси эса «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсадир». Уламоларимизнинг ижтиҳодига кўра «бидъат» икки турли бўлади. Бидъати ҳасана (яхши бидъат), (бидъати саййиа) ёмон бидъат. Бидъати ҳасана (яхши бидъат) қилиш динимизда қораланмайди аксинча тарғиб бор.
Баъзи бидъат амалларни қилиш вожиб ҳамдир. Масалан: Наҳв ва сарф илмини ўрганишни уламоларимиз вожиб деганлар.
Чунки, бу илмни билмасдан Қуръон ва Суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбаъни ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади. Наҳв илми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврида бўлмаган. Бу илм Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврларида ўрганила бошланган.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарсани ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради». – дедилади. Муслим ривоят қилган.
Демак, мазкур ҳадиси шарифл яхши бидъатга мисол бўлади. Бир оғиз сўз билан айтганда дин йўлига хизмат қиладиган ҳар қандай янгилик бидъати ҳасана, яъни яхши бидъатдир. Бу бидаътларни баъзилари бажариш вожиб бўлса, баъзилари мандубдир. Мандуб бидъатга Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилишимиз мумкин. Суннат бўлган Таровеҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу эса халифалик даврларида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилдилар ва: «Бу қандай ҳам яхши бидъат» дедилар.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун мадраса қуриш, китоблар чоп этиш каби дин асосларига зид бўлмаган, балки дин ривожига хизмат қиладиган амаллар бидъати ҳасана бўлади.
М. Қораев,Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” масжиди имом хатиби