1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚИДА

28-09-2021, 23:05 258 Ўқиш режими + -
Инсон ҳаёти давомида жамиятдан ажралиб кун кечира олмайди. Атрофдагилар билан турли ижтимоий алоқалар ўрнатади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам оила, маҳалла ва жамият ичида бўлади. Табиийки, ҳаёти давомида унинг атрофдагиларга нисбатан ҳуқуқ ва бурчлари пайдо бўлади. Мана шундай ҳуқуқлардан бири қўшничилик ҳаққи бўлиб, унга динимизда алоҳида эътибор берилган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзига ибодат қилиш ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка буюрганидан кейин, бир қанча тоифаларга яхшилик қилишга буюради. Ўша кишилар ичида қўшнилар ҳам зикр қилинган. Ояти каримада шундай дейилади: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси 36-оят).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Жаброил мени доим қўшни ҳақида яхшиликка буюрганидан, уни меросхўр қилиб қўярмикан, деб ўйладим” (Имом Бухорий ривоятлари).
Гоҳида қўшниларнинг ҳолидан ғафлатда қоламиз, уларни ҳолидан хабар олмаймиз, ваҳоланки, энг аввало улар учун бизнинг зиммамизда бир қанча ҳақлар бор: кўрганда салом бериш; маслаҳат сўраса, тўғрисини айтиш; акса урса, жавоб қайтариш; касал бўлса, зиёрат қилиш; вафот этса, жанозасига қатнашиш ва ҳоказолар.
Абу Шурайҳ ал-Хузоийдан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин!” (Имом Муслим ривоятлари).
Қўшнилар ўртасидаги яхшиликнинг бир кўриниши – ҳайитларда, қувончли кунлар ва муносиб вақтларда ўзаро ҳадя алмашишдир. Муҳими – қўшнининг ҳадяси нима бўлса ҳам, уни кам кўрмаслик керак бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дедилар: “Эй, муслима аёллар! Қўшни қўшнининг ҳадясини паст санамасин, агарчи туянинг туёғи бўлса ҳам” (Имом Муслим ривоятлари).
Ўзига тўқ қўшнилар ҳеч қачон қийналган қўшниларни эътиборсиз ташлаб қўймаслиги керак. Қўшнилар зарурий таом ва кийим кечак каби нарсаларга муҳтож бўлиб қолишса, албатта, уларга ёрдам қўлини чўзиш зарур. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ён қўшниси оч эканини билиб туриб, тўқ ҳолида тунни ўтказган киши менга имон келтирмабди” (Имом Табароний ривоятлари).
Динимиз қўшниларга яхшиликка буюриш билан бирга, уларга озор беришдан қайтаради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар: “Ким Аллоҳ ва Охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин!” (Имом Муслим ривоятлари).
Ҳозирда айрим қўшнилар орасида ер-жой ёки бошқа масалалардаги ўзаро талашишлар оқибатида юзага келаётган хунук оқибатлар динимиз таълимотларига мутлақо зиддир. Бундай хижолатли ишларга барҳам бериш учун қўшнилар ўзаро келишув, ҳурмат, олийжаноблик ва диёнат билан иш тутишлари керак. Шунда Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўладилар, ризқларига баракот киради, ҳаётлари маъноли ва мазмунли кечади. Ҳар куни уруш жанжал бўлган жойда барака, хотиржамлик ва кўнгилхушлиги бўлмайди. 
Халқимизда “Қўшнинг тинч, сен тинч” деган нақл бор. Яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатиш – давлатимиз олиб бораётган хайрли ишлардан биридир. Айниқса, биз билан чегарадош халқлар билан қадимдан қуда-анда бўлиб келганмиз. Динимиз, тарихимиз, маданиятимиз ва урф одатларимиз – бир хил. Ҳозир ҳам ўзаро маданий-иқтисодий алоқалар кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Бу ишлар ҳам – давлатимизда айни динимиздаги яхши қўшничилик алоқаларини ҳаётга татбиқ қилишдир.
Аллоҳ таоло барчамизга чиройли қўшничилик алоқаларини ўрнатиш ва қўшнилар билан тинч-тотув, аҳил яшашни насиб айласин...
 
 
Музаффар Қосимов, 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом 
билим юрти маънавий-маърифий 
ишлар бўйича мудир ўринбосари