1443 йил 19 Рабиъул аввал | 2021 йил 25 октябрь, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:42
Sunrise
06:56
Dhuhr
12:21
Asr
16:04
Maghrib
17:45
Isha
18:59


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Исломда ғайридинларга муносабат

29-09-2021, 23:24 37 Ўқиш режими + -
Инсоният тарихида биринчи бўлиб Ислом дини турли динга эътиқод ва амал қилувчилар биргаликда, бир жамиятда яшашлари мумкинлиги фикрини олдинга сурди ва бу фикрни ҳаётда татбиқ қилди. Ислом дини самовий динларнинг барчасини асли бир, ҳаммаси Аллоҳ таолодан деб эълон қилди. Аллоҳ таоло «Шўро» сурасида:«У зот сизга диндан Нуҳга тавсия қилган нарсани ва Сенга (эй Муҳаммад) ваҳий қилган нарсани, Иброҳимга, Мусо ва Ийсога тавсия қилган нарсамизни шариат қилиб: «Динни барпо қилинглар ва унда тафриқага тушманглар, дедик», дейди. (13-оят)
Демак, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларга дин юборган Аллоҳ таоло, Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам дин юборган. Уларни пайғамбар қилиб танлаб олган. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло томонидан юборилган мазкур пайғамбарларга Аллоҳ таолотомонидан бир хил фармон ҳам бўлган. У фармон, «Динни барпо қилинглар, унда тафриқага тушманглар», деган амри илоҳийдан иборат бўлган. 
Мусулмонкиши ғайридинларга ёмонлик қилмаслиги, улар билан яхши муомалада бўлиши лозим. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармайди. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўради» (Мумтаҳана сураси 8-оят). Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва диёнат вакиллари билан, агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб, ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, улар билан яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда.
Дарҳақиқат, Ислом дини дунё тарихида илк бор ўз дини ва эътиқодидан ўзга дин ва эътиқодларга қарши мутаассибчиликдан холий бўлган жамият қурди. Бу жамият ўз аъзоларининг барчасига баробар назар билан қараб, уларга тенг шароит яратиб берди. Бу маънолар мусулмонлар ўз динларига тўлиқ амал қилган чоғларида бутун гўзаллиги ила намоён бўлди.
Ислом дини мусулмонларга бошқа самовий динларга, уларнинг пайғамбарларига, муқаддас китобларига иймон келтиришни фарз қилиш билан бирга, ўша динларга эътиқод қилувчи кишиларга ёмонлик қилмаслик, улар билан яхши муомалада бўлиш, яхши қўшничилик қилиш, зиёфатга чақириш, оилавий алоқалар ўрнатишга ҳам ижозат берди.
Ривоятқилинадики: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аҳли зиммадан (бошқа дин вакилларидан) бир кишини ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб туради», дедилар». (Насаий ривояти.)
Яна: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан», дедилар». (Абу Довуд ривояти.)
Шунингдек, Ислом дини мусулмон давлатга бошқа дин вакиларининг ибодатхоналарини ҳимоя қилишни, уларнинг диний-ақийдавий масалаларига аралашмасликни, ҳукмда уларга жабр қилмасликни, оммавий ҳуқуқ ва масъулиятларда уларни мусулмонлар билан тенг кўришни, уларнинг барча инсоний ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилишни вожиб қилди.
Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар.
Шу ўринда, юртимиздан етишиб чиққан алломалар ўз асарларида динлар ва миллатлараро бағрикенгликни тарғиб қилиб келганларини алоҳида қайд этиш лозим. Буюк олим Имом Мотуридийнинг Қуръон тафсирига бағишланган «Таъвилот аҳли сунна» асари «Ҳаж» сураси 40-оят тафсирида: «Черков ва синагогаларни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир», деб қатъий таъкидлайди. Самарқандлик фақиҳ, муфассир Абу Лайс Самарқандий эса, ўзларининг тафсир китобларида «Сизлар билан уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг», деб ёзади.
Хулоса қилиб айтганда, ислом таълимотига кўра бу дунёдаги барча инсон борки, улар ирқи, насл насаби, келиб чиқишидан қатъи назар тенгдирлар. Қуръон бу дунёни барча халқ ва дин вакиллари тинч-тотув яшайдиган замин деб эълон қилди. Демак, ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, ҳатто ўзга дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб, улар билан тинч-тотув яшашга, фитна ва турли адоватларга барҳам беришга чақирган.
 
 

Манбалар асосида 
 “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Ў. Ғузаров тайёрлади.