1443 йил 19 Рабиъул аввал | 2021 йил 25 октябрь, Душанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
05:42
Sunrise
06:56
Dhuhr
12:21
Asr
16:04
Maghrib
17:45
Isha
18:59


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Камтарга камол

9-10-2021, 11:19 18 Ўқиш режими + -
  Камтарга камол
 
    Халқимиз доимо ўзини тиядиган хулқлардан бири ман-манлик бўлса, ўзида мужассамлаштирадиган хулқлардан бири камтарликдир. Камтарлик хулқини ўзида мужассам қилган киши  нафақат эл олдида, балки Аллоҳ таоло даргоҳида ҳам даражаси баланд бўлади. Бу ҳақда ҳадисда: “Ким Аллоҳ учун ўзини камталикка олса, Аллоҳ таоло унинг мартабасини баланд қилади” дейилади.  
      Камтарлик инсонда тавозеъни борлигига далолат қилади. Тавозеъ сўзи “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида: “Тавозеъ- арабча сўз бўлиб, у ўзини паст тутиш, камтарлик; ўзини хоксор, одоб билан тутиш”, деб изоҳланади. Инсонга ҳамиша ҳар жойда ўзини камтарликка олиш ярашади. Бир донишманддан: “Тавозеънинг боши нимада?”  деб сўрашибди. Шунда у: “Тавозеънинг боши-учраган кишига ўзини паст олиб биринчи салом беришга ҳаракат қилиш, бирор киши бирор жойга борса, у ерда унга пастроқдан жой кўрсатилса, ўша жойга рози бўлиб ўтириш ва атрофдаги одамлар уни мақтаб эслашларини ёмон кўришдир” деб жавоб берган экан.       
         Халқимизда: “Камтарга камол, ман-манга завол” деган мақол бор. Бу мақол орқали халқимиз кишиларни камтар бўлишга, такаббурликдан эса йироқ бўлишга чақиради. Камтарликнинг охири камол бўлиши шуки, камтарлик шу дунёда яхши одат бўлиб,  у охиратда эса инсон учун  жаннатга киришига сабабчи бўлади. Бу ҳақда  Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Аллоҳ таоло менга: “Бир-бирларингизга нисбатан камтар бўлинг. Токи бирон кимса бировга нисбатан мутакаббирлик қилмасин, бирон кимса  бошқа кимсага зулм қилмасин, деб ваҳий қилди” деб марҳамат қилганлар.  
Дарҳақиқат, камтарлик юксак инсоний фазилатдир. Дунёдаги машҳур кишиларнинг барчалари камтар инсонлар бўлишган. Шу сабабли Аллоҳ таоло уларни юқори даражаларга кўтарган.  Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилади: ”Ҳар бир кимсанинг боши устида иккита занжир бўлади. Бири еттинчи қават осмонгача, иккинчиси етти қават ергача етади. Агар бирор киши камтарлик қилса, Аллоҳ таоло уни (даражасини)   еттинчи осмонгача кўтаради”. 
       Камтарлик инсоннинг мартабасини кўтарилишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Мусо (а.с.)га: “Эй  Мусо, биласанми,  мен сени нима учун одамлар орасидан гаплашишга танладим?” деб сўради. Мусо (а.с.) билмайман, деб жавоб берганларида, Аллоҳ таоло: “Мен сени одамлар орасидан гаплашиш учун танлашимни сабаби сендаги камтарликдир” деб жавоб берган экан. 
     Дунёдаги барча кишилардан ҳар хил мерос қолган бўлса, пайғамбаримиздан   (с.а.в.)дан эса камтарлик, фақирлик мерос қолди. Бу ҳақда пайғамбаримиз (с.а.в.): “Фақирлик мени фахримдир”, дедилар. Чунки, аслида ҳам шундай эди. Пайғамбаримиз (с.а.в.)  фақирона ҳаёт кечиришни, мискин, фақир кишилар билан ўтиришни, улар билан овқатланишни яхши кўрар эдилар. 
      Камтарлик хислатини инсоннинг қадрини оширади, бошқа инсонлар билан муомиласини яхшилайди, инсон  муаммоларини осонлик билан ечилишига сабаб бўлади. Бу фазилатли хислатни фарзандларимизга уларнинг ёшлик пайтидаёқ сингдириб боришимиз лозим бўлади. Фарзанд ёш ниҳол, уни камтар қилиб ўстирсак, у келажакда ўз ўрнини топади. Чунки, камтар одам ҳўл шохга ўхшайди, уни қанча тортсанг эгилади, аммо синмайди. Камтар бўлмаган киши эса қуруқ шохга ўхшайди, уни тортсанг синади.    
       Камтарликнинг акси кибрланиш, манманликдир. Шарқ халқларида инсонларни кибр, манманлик каби нохуш одатлардан   қайтариб келинади.  Бу ҳақда “Қуръони Карим” да: “Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан)  зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан” дейилади. (Исро сураси, 37-оят). Инсоннинг бошига тушадиган кўпчилик балолар унинг манманлигиндан, кибрланишидан келади. Дунёнинг бошида Шайтон ҳам манманлик қилиб, Аллоҳ таолонинг даргоҳидан ҳайдалди. Бу ҳақда  “Қуръони Карим”да: “Эсланг, Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилингиз!” деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофир бўлди” дейилади. ( Бақара сураси, 34-оят). 
Аллоҳ таоло  биринчи одамни тупроқдан яратди. Чунки тупроқ бошқа махлуқотлардан хокисор, камтар эди. Шу жиҳатдан инсоннинг асли тупроқдан яратилишининг ҳикматларидан бири тупроқда вазминлик, камтарлик каби хусусиятлари мавжуд. Инсон ўз хилқатига қараб, ана шу хилқатга мувофиқ камтар бўлмоғи лозим. Ана шу ҳолатни ҳисобга олиб Сўфи Аллоёр шундай ёзган эдилар:
Отанг ердир, онанг ердир, 
       Сен ҳам ердек қилиқ қил. Ман-манлик эса ёмон одат сифатида қораланди. Инсонлар бу одатни ўзларига мужассам қилиб олмасликлари керак. Ҳадисда ман-манлик ҳақида шундай дейилади: “Ҳар бир кимсанинг боши устида иккита занжир бўлади. Бири еттинчи қават осмонгача, иккинчиси етти қават ергача етади.  Агар бирор киши ман-манлик қилса, Аллоҳ таоло уни ўша занжир билан етти қават ернинг тубига қараб тортади”. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Кимнинг қалбида заррача кибри бўлса, жаннатга кирмайди. Унинг кибри ўзи билан жаннат ўртасида парда бўлади. Чунки кибр яхши ахлоқлардан тўсган эди. Бу ахлоқлар жаннатнинг эшикларидир
        Ҳар бир инсоннинг табиатида мақтанчоқликка, ўзини улуғлашга, кибрланишга нисбатан майллар бўлади . Инсон ўз тибиатадаги бу майлларни ақл орқали таниб, уларни ўзидаги камтарлик хусусияти билан ушлаши керак. Ва ўзида ман-манлик майли зоҳир бўла бошлаган пайтда халқимизнинг “Камтарга камол, ман-манга завол” деган мақолини ёдга олиб, ўз нафсига насиҳат қилиш лозим.
      Луқмони Ҳаким ўз фарзандларига насиҳат қилиб шундай деган эканлар: “Эй фарзанд,  зинҳор қадрингга етмайдиганларнинг олдига борма. Ота-она хизматини қил. Камтарни таҳқирлама, кибрга берилма. Аллоҳ таоло Рофиъ ва Ҳофиз (улуғлагувчи ва пасайтирувчи)дир. Зеро, у  камтарни азиз, қулни подшоҳ айлайди. Хоҳласа, кибрли кишини хор,  бойни эса фақир қилади”.
Донишмандлар камтар одам қуйидаги хислатларни ўзида жамлаши лозимлигини айтишади: 
1. Инсон одамлар орасида эришган мансаби, даражасига қараб  кибрланишдан ўзини тийиб, одамлар олдида ўзини камтарликка олади; 
2. Инсон ўзидаги бойлиги туфайли кўтарилишдан тийилиб, ўзини хокисор тутади
3. Инсон кучининг кўплиги билан кибрланишдан тийилиб, ўзини одобли тутади; 
4. Инсон  ўз илми билан кибрланишдан тийилиб, ўзини одоб юзасидан хокисор тутади;. 
5. Инсон ўздаги ҳусн-чирой билан фахрлананишдан тийилиб, ўзини камтар тутади.
     Дарҳақиқат, инсон учун камтар хулққа эга бўлишда катта манфаат ётади.  Инсондаги камтарлик хислати жамиятдаги кишилар   ўртасида меҳр-оқибатни ортишига, инсонларнинг бир-бирларини яхши кўришлари ва улар ўртасидаги инсоний алоқаларни мустаҳкамланишига сабаб бўлади. Инсон камтарлиги туфайли икки дунё саодатига эришади.           
                    
Р. Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими