1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Рухсат сўраш одоби

12-02-2020, 17:38 800 Ўқиш режими + -


Рухсат сўраш одоби

               Маълумки, инсон бошқа инсонларсиз, қавми-қариндошсиз, қўни –қўшни, маҳалласиз яшай олмайди. Инсонлар ҳамиша ўзаро жамоат бўлиб яшашади. Жамоатда эса инсонлар ўртасида ўзаро бир-бирларидан хабар олиш, тўй-ҳашамларга айтиш,  муаммоли масалаларда маслаҳат сўраб бориш каби ишларда ўзаро муносабатларни юзага келтирадилар. Мана шу муносабатларда сўраб борган инсоннинг ҳам, сўраб келинган хонадон аҳининг ҳам ўз шаъни, ҳурмати, ҳақ-ҳуқуқлари бўлади. Шу сабабли сўраб боргувчи ҳам, сўраб келинган хонадон эгалари ҳам ўз ҳурматлари, ўз ҳақ-ҳуқуқлари доирасида муомила қиладилар. Бу ҳақ-ҳуқуқлар инсонларнинг кўп йиллик тажрибалари туфайли юзага келган кўрсатмалар асосида вужудга келади. Бу ҳақ-ҳуқуқларга риоя қилиш инсонларнинг фазилатли одобларини шакллантиради. Ана шундай одоблардан бири рухсат сўраш одобидир.  

                       Ҳар бир фуқаро яшаётган манзилига бошқа бировнинг рухсатсиз кириши мумкин эмас. Бировнинг манзилига рухсатсиз кириш ман қилинганлиги сабаби   ўша хонадоннинг сирини, ор-номусини ҳимоялаш учундир. Ҳар бир фуқаро ўз уйига эгалик қилиш ҳуқуқига эга. Бировнинг бехосдан бошқа кишининг манзилига кириб келиши эса  ана шу ҳуқуқларни поймол қилиниши деб баҳоланади. Рухсат сўраш одобларига амал қилмаслик нафақат бошқа инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилади, балки улар ўртасида турли фитна ва мажароларни келиб чиқишига сабаб бўлади. Бу одобларга амал қилмаган кишилар ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам хижолатга қўйишади. Улар баъзи ҳолларда оилаларни бузилиб кетишига сабабчи бўлишлари мумкин.  Инсон ўз уйида ўзини эркин тутади. Хоҳлаган пайтда ечиниши, кийиниши, ювиниши ёки эру-хотин бирга ётган бўлиши мумкин. Шундай пайтларда уйга рухсат сўрамай кириб келган одам эса оғир жиноят содир қилади. Айниқса, эри уйида бўлмаган аёлнинг уйига бехосдан сўрамасдан кирган эркакнинг жинояти эса жуда ҳам оғирроқ. Мана шундай пайтларда келиб қолган эр ҳар хил шубҳаларга бориб, беайб аёли билан ўрталарида турли тушунмовчиликларга, можаролар келиб чиқиши мумкин. Ана шуларни ҳисобга олинганлиги сабабли Ислом динида ҳам бировнинг уйига рухсатсиз назар солиш, рухсатсиз киришни ҳаром иш ҳисобланади.  Бу ҳақда пайғамбаримиз ( с.а.в.): “ Кимки бировнинг уйига рухсатсиз қараса, қараган кўзга кўрмай қолиш даражада зарар берилса, уни учун хун ҳам, қасос ҳам йўқ” дейдилар. ( Бухорий ва Термизий ривояти). Бировнинг манзилига рухсат сўраб, уй эгаларининг розигини олган ҳолда уларга тинчлик  тилаб кирилади.  Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да: “ Ўз уйларингдан ўзга уйларга то рухсат берилмагунча ва уй эгаларига салом бермагунларингча кирманглар! ”, дейди. ( Нур сураси, 27-28 оятлар).

     Бировнинг уйига рухсат сўрашда унинг уйига назар қилишдан сақланишга алоҳида эътибор бериш лозим.  

            Яқинда бир киши: “ Ҳовлимиз дарвозасини биров тўхтатмасдан ура бошлади, то уйдан чиқиб жавоб бергунимча  уйдаги болалар уйғониб кетишди. . Халқимиз: “Эшикдан келганни ит қопмас”, дейди шу сабабли мен у одамга ҳеч нарса деяолмадим.    Аслида, у киши бировнинг эшигини тақиллатгандан сўнг бир оз муддат кутиш лозим эканлиги ҳақидаги одобларни  билмаса керак” деди. 

        Албатта, бировнинг уйига бемаҳал бориш, уларни нотинч қилиш,  дарзозасини ҳа деб, уриш одобсизлик ҳисобланади. Бу одобсизликлардан ўзимизни сақламоғимиз лозим бўлади. Бирор кишини у яшаётган хонадондан  чақириш ва ундан хонадонига кириш учун рухсат олиш ҳақидаги қуйидаги одоблар бор:

  1. Аввало бировнинг уйига рухсат сўраб кириш учун муносиб вақт танлаш лозим. Одамлар тунда уйқуда бўлган пайтларида, тонгда жуда эрта ёки туш пайтида ҳордиқ чиқараётган пайтларида уларни безовта қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлиш зарур.
  2. Эшикни қаттиқ урмасдан, балки секинлик билан тақиллатиш лозим. Чунки уй эгаларига озор бериб қўйиш мумкин. ( Қўнғироқ тугмасини кўп марта қайта-қайта босиш ҳам шу ҳолатга киради).
  3. Эшикни бармоқ ёки тирноқ билан оҳиста тақиллатиш лозим. ( Эшикда қўнғироқ ўрнатилган бўлса, у қўнғироқ тугмасини секин босиш лозим).

4. Эшикни тақиллатгандан сўнг бир муддат тўхтаб туриш лозим. Чунки хонадон аҳли тақиллатишни эшитгандан сўнг тайёрланиб чиқади. Буни учун эса маълум муддат керак.

5. Эшикни тақиллатгандан сўнг бир ёнга ўтиб туриш лозим. Чунки бировнинг уйига берухсат назар солиш одобсизликдир.

6.  Эшикни тақиллатганда, уй эгаларидан биров “ким” деб сўраса,  уй эгаларига безовта қилганлиги учун узрини айтиб, исми шарифини тўлиқ айтиши лозим.

7. Эшикни тақиллатган киши ичкарига кирмоқчи бўлса, албатта, уй эгаларининг рухсатини кутиш лозим. Уй эгасининг ҳовлида ўйнаб юрган фарзанди беихтиёр уйидагилари рухсат бермасдан “келинг” дейиши эътиборга олинмаслиги керак. Ҳатто уйига қайтиб келган киши  кириш учун ўз уй аҳлидан рухсат сўраши яхши фазилат ҳисобланади. ( Масалан, ўз хонадонига тамоғини қириб, ёки йўталиб кириши ҳам шу рухсат сўрашга ўтади). 

8. Эшикни тақиллатганда, ичкари томондан уй эгаси ўз узрини айтиб, эшикни очиб қарши оломаслигини айтса, унинг узрини тўғри қабул қилиш лозим. ( Масалан, уйда  эркак ёки аёл ёлғиз бўлмиши мумкин).  

9. Эшик тақиллатганда, уй эгалари ичкарига қайтишга рухсат беришмаса, келган киши  қайтиб кетиши лозим. У кириш учун бошқа баҳоналар қилмаслиги керак.  Бу ҳақда “Қуръони карим”да шундай дейилади: “ Бас, агар у (уй) ларда  ҳеч кимни топмасангиз, унда то сизларга рухсат берилмагунча уларга кирмангиз! Агар сизларга “ қайтингиз!” дейилса, қайтиб кетаверингиз!”( Нур сураси, 28-оят).

Донишмандлардан бири ўз ўғлига насиҳат қилиб шундай деган экан:                                 

 Ўзгалар хонадонига борсанг, эй ўғил,                  

Улардан киришга изн сўра аввал.               

Рози бўлишса ,уларнинг уйига киргил,   

“Йўқ” десалар, ортга қайтгил,  ҳар маҳал. 

             Хонадон эгаси ҳам  дарвозадан чақириб келган одамга имкони борича тезроқ жавоб қайтариши лозим. Чақириб келган одамга узоқ вақт жавоб бермай, уни кўп куттириб  қўйишлик одобсизликка киради. 

            Рухсат сўраш маданиятли кишиларнинг одатларидандир. Бу одатларга амал қилиш туфайли инсонлар орасида турли хил фитна, хижолат, нотинчликларнинг келиб чиқишини олди олинади. Рухсат сўраш одоблари   инсонлар орасида  ўзаро ҳурмат-эҳтиром, бир-бировларга нисбатан меҳр-муҳаббат, юксак инсоний фазилатларни намоён қилиш каби хислатлар мустаҳкамланади.  

 

Руҳиддин Акбаров