Муқаддас динимиз мол дунёни шариат рухсат бермаган жойларга сарф қилиб, зое қилишдан қаттиқ қайтаради. Абу Закариё Яҳё ибн Шароф Нававий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Риёзуссолиҳин” асарида келтирилган 1781-ҳадисда шу ҳақида келган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Албатта Аллоҳ таоло сизлар учун уч нарсада рози бўлиб, уч нарсада норозидир. Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмасдан ибодат қилсангиз, Аллоҳнинг арқони бўлмиш исломни жам бўлиб маҳкам ушлаб, фирқаланиб кетмасангиз рози бўлади. Сизлар беҳуда гапни кўпайтирсангиз, кўп савол берсангиз ва мол дунёни беҳуда сарф қилсангиз норози бўлади” дедилар. (Имом муслим ривояти.)
Ҳар бир нарса, ҳаттоки, жонимиз ҳам Аллоҳ таоло тарафидан берилган неъмат. Эндики чўнтагимиздаги, сандиғимиздаги, сейфимиздаги хуллас барча-барчаси бу Аллоҳнинг бизга берган омонати хисобланади. Бу омонатни ўз ўрнига қўйиб ишлатишимизни Аллоҳ севади. Беҳуда нарсаларга дунё ва охиратга фойдаси тегмайдиган ишларга сарфлаш Аллоҳ таолонинг норозилигига сабаб бўлади. Риёкорлик манманлик учун қилинадиган ҳар қандай тадбирлар, ношаърий ичимликлар қўйиладиган базмлар, асли бидъат бўлган, лекин, диндан деб эътиқод қилинадиган маросимларга сарф қилинадиган мол-дунёлар молни зое қилиш ва омонатга хиёнат қилиш ҳисобланади.
Яна булардан ташқари ҳуда-буҳуда мол-дунёлар сарфланадиган ишлар атрофимизда тўлиб-тошиб бораяпди.
Азизлар! Ҳаётга теранроқ назар солайлик. Қўлимиздаги молу-дунёмизни ҳавога совуриб, Аллоҳнинг норозилигига учраб қолмайлик. Аллоҳ таоло барчамизни ўз хидоятига сақласин. Берилган неъматлар шукронасини сарфини ўз ўрнида адо этишимизни насиб қилсин.
Одил Жабборов,“Мусофир ота” жоме масжиди имом хатиби.