Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат ва ҳидоят нури қилиб юборди. У Зот сабабли инсониятни зулматлардан нурга чиқарди. У Зотни бу дунёда ҳидоят йўлбошчиси қилди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин ва ундаги кўрсатмалар барча оламларга – инсонлар ва ҳайвонлар оламига ҳам, жамодот ва наботот оламига ҳам меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат манбаидир. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида бежизга: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”, дея таъкидламаган (Анбиё сураси, 107-оят).
Оятдаги “раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Уларни билиш учун Муҳаммад алайҳиссаломнинг ахлоқ-одоблари, сийрат ва шамоиллари, меҳр-оқибатлари, эзгуликлар ва фазилатлар манбаи эканларидан хабардор бўлишимиз зарур. Шулардан баъзиси билан танишиб чиқамиз:
Набий алайҳиссалом ўз умматларига ота ўз фарзандига шафқатли ва меҳрибон бўлганидан кўра шафқатли эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз Унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди” (Тавба сураси, 128-оят).
Ушбу ояти каримада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг асосий сифатларидан бир нечтаси зикр қилинмоқда. Дарҳақиқат, дунё тарихида У Зотдек кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом дуолари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қайтарилмайдиган буюк Зот ўз умматларининг ҳаққига ҳар намозларида “Эй Аллоҳ, умматимнинг ўтган ва келажакда бўладиган, ошкора ва махфий гуноҳларини кечиргин!” – деб дуо қилар эканлар. Бундан ҳам ортиқ меҳрибонлик борми дунёда?!
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир Набийнинг шаксиз қабул бўладиган дуоси бўлади. Барча Набийлар ўз дуоларини (бу дунёда) қилиб бўлдилар. Мен ўз дуойимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун беркитиб қўйганман. У менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмай ўлганларга, албатта, етгувчидир”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).
У Зот алайҳиссалом катта дуоларини умматлари энг муҳтож бўладиган пайт – охират учун сақлаб қўйган эканлар. Бу ҳадисда У Зотнинг умматларига бўлган меҳрлари, лутфлари, шафқатлари яққол кўриниб турибди. Умматларини ўзларидан ҳам, оилаларидан ҳам устун кўриб, уларни дуо қилишни кўзламоқдалар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни бир нечта муҳим сифатларини келтириб ўтган: “У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар) илгари аниқ залолатда эдилар” (Жума сураси, 2-оят).
Ояти каримадаги “омилар” деганда Пайғамбаримиз алайҳиссалом давриларидаги араблар назарда тутилган. Зеро, ўша даврда араблар ўқиш, ёзишдан кўра маълумотларни ёдда сақлашни афзал кўрардилар, саводхонлари жуда кам эди. Араб ёзуви асосан Набий алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлиб келганларидан бошлаб бутун Ислом оламида тез суръатда ривожланди. Ўқиш ва ёзишга тарғиб этадиган оят ва ҳадисларга амал қилиш натижасида, араб тили мукаммал шаклга келди, мусулмон ҳалқлар орасида илм-маърифат ривож топди.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали қўпол, қаттиққўл, жаҳолат ботқоғига ботган қавмларни қисқа муддатда инсонпарвар, илм ва маърифатли, олий жаноб инсонларга айлантирди. Ҳа, У Зот илмга, маърифатга ва ҳикматга бой муаллим ва энг меҳрибон буюк мураббий эдилар. Аллоҳ таолонинг юксак ҳикматига кўра ўқиш ёзишни таълим олмаган – уммий бўлсаларда, инсониятнинг энг илмлиси ва маърифатлиси бўлганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг гўзал хулқлиси эдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло У Зотни мадҳ этиб, шундай марҳамат қилган: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят).
Ушбу мақтов оддий мақтов эмас. Балки у оламларнинг Роббисидан келган мақтовдир. Зеро, ҳеч бир инсон бундай шарафга эришган эмас. У Зот ўзларининг муборак ҳадиси шарифларидан бирида: “Мен яхши хулқларни тўлиқ қилиш учун юборилганман”, – деганлар (Имом Байҳақий ривоятлари).
Барча ишларида намуна бўлган, гўзал ахлоқлар набийси – севикли Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларига қарата доимо: “Сизларнинг яхшиларингиз, ахлоқи яхшиларингиздир”, – дер эдилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Сарвари олам энг ҳалим, босиқ ва мулойим инсон эдилар. Аллоҳ таоло У Зотнинг ушбу хусусиятларини мақтаб Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар...” (Оли Имрон сураси, 159-оят).
Саҳоба Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бевалар, мискинлар, қул-хизматчилар билан бирга юрар, уларнинг эҳтиёжларини таъминлар, бундан асло тортинмас ва орланмас эдилар” (Имом Насоий ва Имом Абу Довуд ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам либосларини ўзлари ямаб, жониворлар сутини ўзлари соғар эдилар. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кўйлакларини ямар, оёқ кийимларини тикар, эр киши уйда қиладиган барча ишларни бажарар эдилар” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қулнинг ҳам, ҳурнинг ҳам чақириғини бирдек қабул қилар эдилар. У Зот камбағаллар билан бирга мажлис қурар ва мискинлар билан бирга овқатланар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси бўлганлар. У Зот ҳузурларида динор ёки дирҳам бўлса, ухлашга ётмаганлар. Агар бирор нарса ортиб қолса ва уни бергани одам бўлмаса, ўша нарсадан қутилмагунларича, муҳтож одамга бермагунларича ухламаганлар. Анас разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келди. Унга икки тоғ ўртасидаги садақа қилиш учун боқиладиган қўйлардан кўпини бериб юборишга буюрдилар. У киши ўзининг қавмига келгач: “Эй қавм! Исломни қабул қилинглар! Дарҳақиқат, Муҳаммад йўқчиликдан қўрқмасдан буларни берди”, – деди (Имом Муслим, Имом Аҳмад ривояти).
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бирон иш ёки нарсани эртага қолдирмас эдилар” (Имом Термизий ривояти).
Набий алайҳиссалом инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга, унинг атрофидаги нарсалар ҳам озода бўлишига катта аҳамият берар эдилар. У Зотнинг ўзлари бу борада барчага ўрнак эдилар. Ўз ҳадиси шарифларида: “Поклик иймоннинг ярмидир”, – дер эдилар (Имом Муслим ривоятлари).
Суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг фазилатларини, гўзал хислатлари, олий хулқларини санаб адоғига етказиб бўлмайди.
Биз уммат ўлароқ инсониятнинг энг буюги – суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари, суннатлари, гўзал шамоиллари ва юксак ахлоқларини қунт билан ўрганишимиз ва ёш авлодларга ўргатишимиз зиммамиздаги олий бурчимиздир. Фарзандларимиз қалбида Набий алайҳиссаломга нисбатан муҳаббатни уйғотайлик. Зеро, ҳазрати Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга уч хислат: Набиййингизга , У зотнинг аҳли байтига ва тиловати Қуръонга муҳаббат асосида одоб беринглар. Чунки, Қуръон эгалари Қиёмат куни Аллоҳнинг соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда, У Зотнинг соясида анбиёлар ва асфиёлар билан бирга бўлурлар”, – деганлар (Имом Табароний ривоятлари).
Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишни, У Зотдан ўрнак олишни насиб этсин....
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари