1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қизларни турмушга бериш

28-10-2021, 11:05 560 Ўқиш режими + -
        Баъзи инсонлар ўзларича “қизларни иложи борича барвақт турмушга  бериш керак” деган фикрни айтадилар. Бу фикр унчалик тўғри эмас. Айрим кишилар эса ҳатто Ислом дини қизларни барвақт узатишга чақиради, деган нотўғри тушунчада юрадилар. Бу – асоссиз гап. Исломда ҳали балоғатга етмаган, турмушга тайёр бўлмаган ўсмир қизларни узатиш ёки никоҳлаш лозим, деган гап йўқ. Ҳатто балоғатга етган, жисмоний тарафдан турмушга тайёр йигит, агар оилани боқа олмаса, унинг уйланиши шарт эмаслиги айтилади.
      Аксарият давлатларда никоҳ ёши йигит ва қиз учун бир хил этиб белгиланган. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида таъкидланганидек, 18 ёшга тўлгунга қадар бўлган шахсларнинг барчаси бола ҳисобланади. Аммо ҳали 18 ёшга кириб улгурмаган қизларни у ёки бу сабаб билан турмушга бериб, келиб чиқадиган муаммога ота-оналарнинг ўзи айбдор бўлиб қолмаяптими?
      Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлар тарбияси, уларнинг саодатли бўлишлари борасида ота-оналарнинг вазифалари қандай бўлиши ҳақида шундай марҳамат қилганлар: Жобир ибн Абдуллоҳ р.а. дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимнинг уч қизи бўлиб, уларга яхши одоб-ахлоқ ўргатса, раҳм-шафқат кўрсатиб барча таъминотларини кафолатласа, албатта, унга жаннат вожиб бўлади”. Ё, Расулаллоҳ! Агар иккита бўлсачи? – деб сўрашди. “Агар иккита бўлса ҳам”, – дедилар. Қавм орасидан бирлари агар битта бўлсачи, деб сўраганида, “битта бўлса ҳам”, деб жавоб берган бўлар эдилар”. 
Келажак авлодларимиз соғломлиги учун қизларимизни  ҳадисда айтилганига мувофиқ равишда тарбиялаб, дунёвий ва ухровий мукофотларга сазовор бўлиш барчаларимизга насиб этсин!


Муҳаммади ҚОРАЕВ,
Қарши шаҳар  “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби