Қуръонни тадаббур қилмайдиларми?! (1-қисм)
5886
11-11-2021, 10:34
418
Ўқиш режими
+
-
Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг энг улуғ мўъжизаси бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган сўнгги илоҳий китоб, мустаҳкам ақида асоси, ҳидоят манбаидир. Дунё ва охиратнинг барча яхшилик ва баракаси ушбу китобда мужассам. Унда шу умматнинг икки дунёсини гўзал қилишга хизмат қилувчи таълим бор. Қуръон – мисоли нурдир. Жаҳолат зулматини ёритиб, соҳибини ҳидоят йўлига бошлаб боради. Қуръонни ўқиш, тинглаш, яхши кўриш буларнинг ҳаммаси ибодат ҳисобланиб, ортидан битмас-туганмас савоблар келтиради. Аллоҳ таоло чин мўминларни васф этар экан, улар Ўзининг Китобини тиловат қилишларини биринчи бўлиб зикр қилиб, шундай марҳамат қилган:
إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ
تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ
(سورة الفاطر 29-30)
яъни: “Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордир. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчидир” (Фотир сураси 29-30 оятлар).
Қуръони карим тиловати – зикрларнинг энг афзалидир! Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръ¬он тиловат қилишни кўплаб ҳадиси шарифларида тарғиб қилганлар. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳа¬диси шарифда бундай дейилади:
مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللَّهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا لَا أَقُولُ "الم" حَرْفٌ
وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ وَلَامٌ حَرْفٌ وَمِيمٌ حَرْفٌ
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: “Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, шу бир ҳарф учун унга савоб ёзилади. Савоб эса ўн баробар кўпайтириб берилади. “Алиф лам мим”ни бир ҳарф демайман, балки “Алиф” – бир ҳарф, “Лам” – бир ҳарф, “Мим” – бир ҳарф” (Имом Термизий ривоятлари).
Мана шундай савоблар хазинасига эга бўлиш учун лоақал бир кунда бир марта бўлса ҳам Мусҳафга қараб, қурбимиз етганича ундан тиловат қилишга одатланишимиз керак. Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳу: “Мен ҳар куни Раббимнинг Китобига қарайман. Бирор кунни Мусҳафга қарамасдан ўтказиб юборишга Раббимдан уяламан”, – дер эканлар.
Абу Зарр разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Аллоҳга тақво қилинг!”, – деган васиятларига қаноатланмай: “Зиёда қилинг, ё Расулуллоҳ”, – деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон тиловати ва Аллоҳ зикрини ўзингизга вазифа қилиб олинг, чунки бу сиз учун ер юзида – нур, осмонда эса – захирадир”, – деганлар.
Ким икки дунёнинг бахт-саодатига эришишни истаса, Қуръони каримни ўзига дастурул-амал қилиб олсин! Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ قَدْ جَاءَتْكُمْ مَوْعِظَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَشِفَاءٌ لِمَا فِي الصُّدُورِ وَهُدًى وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ
(سورة يونس 57)
яъни: “Эй, одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди” (Юнус сураси 57-оят).
Дарҳақиқат, тадаббур ила Қуръон ўқиш қалбларни ва барча борлиқни ислоҳ қилади, ундан турли хил шайтоний, шаҳвоний васвасаларни кетказади. Тадаббур – “бирор нарса ҳақида фикр юритмоқ, мулоҳаза қилмоқ” деганидир. Қуръони каримни қироат қилишда эса Қуръони каримдаги оятлар борасида фикр юритиб, улардаги Аллоҳ таолонинг ирода қилган мазмунларни англаш ва фаҳмлашга ҳаракат қилишдир.
Қуръони каримни биз инсонлар тадаббур қилишимиз, оятларидан эслатма олишимиз, уни ҳаётимизга татбиқ этишимиз учун нозил қилингандир. Бу ҳақда Ҳақ таоло шундай марҳамат қилади:
كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ إِلَيْكَ مُبَارَكٌ لِيَدَّبَّرُوا آيَاتِهِ وَلِيَتَذَكَّرَ أُولُو الْأَلْبَابِ
(سورة ص 29)
яъни: “Бу шундай китобки, Биз уни Сизга оятларини тадаббур қилсинлар ва ақл эгалари эслатма олсинлар учун нозил қилганмиз” дейди (Сод сураси 29-оят).
Аллоҳнинг каломини алоҳида эътибор билан ўқишнинг ўзи улуғ амал бўлиб, инсон камолотидаги ўрни беқиёсдир. Буни ўтган салафи солиҳларимиз яхши англаб етганлар. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Саҳобалар Қуръон Раббимизнинг бизга юборган мактуби, деб эътиқод қилишарди. Шундан келиб чиқиб, кечалари унинг оятларида фикр юритишар, кундузлари эса ҳаётларига татбиқ этишар эди”.
Бошқа бир оятда Қуръони каримни тиловат қилиб, унинг илоҳий манба эканини мулоҳаза қилиш зарур эканига алоҳида эътибор қаратади:
أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا
(سورة النساء 82)
яъни: “Қуръон (маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар” (Нисо сураси 82-оят).
Мана ўн тўрт асрдирки, илоҳий мўжиза – Қуръони карим оятларида келтирилган маълумотларда бирорта хато жумла топилгани йўқ, топилмайди ҳам! Борлиқ, фалакиёт, ҳайвонот, наботот, илоҳиёт, тарих ва ижтимоий масалаларга доир оятларнинг нақадар тўғри ифода этилгани кун сайин ўз тасдиғини топиб келмоқда.
Саҳобаи киромлар ва ўтган улуғ уламоларнинг Қуръондан маърифат олиш, тиловат қилишдаги тутган йўлларида бизга улкан намуналар бор. Улар Каломуллоҳни юзаки тиловати билан чекланиб қолмай, ҳар бир ояти карима устида тафаккур қилишган. Шунинг учун ҳам Қуръони карим уларнинг руҳиятига, онгу шуурига қаттиқ таъсир қилган. Улар айнан мана шу хусусиятлари билан умматнинг пешвосига айланишган.
Машҳур тобеин қироат олими Абу Абдурраҳмон Ас-Суламий айтадилар: “Бизга Қуръонни таълим берган саҳобаларнинг айтишларича, одатда улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн оят ўргансалар, уни тўла англаб етмагунларича ва унга амал қилмагунларича кейинги ўн оятни таълим олмаган эканлар” (Имом Аҳмад ривоят қилган).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтадилар:
"تعَلَّمَ عُمَرُ بنُ الخطَّابِ رضيَ اللهُ عنهُ البَقَرَةَ في اثنَتَيْ عشْرَةَ سَنَةً، فلَمَّا خَتَمَهَا نَحَرَ جَزُوراً "
(رَوَاهُ الإمام البَيْهَقِيُّ فِي "شُعَبُ الإِيْمَانِ")
“Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу “Бақара” сурасини ўн икки йилда таълим олдилар. Ушбу сурани ўрганиб, хатм қилганларидан кейин бир туя сўйдилар” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сизларнинг биронтангиз Аллоҳни яхши кўриш ҳақида ўз нафсидан эмас, балки Қуръондан сўрасин. Агар Қуръонни яхши кўрса, Аллоҳ таолони ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайхи васалламни яхши кўрган бўлади. Агар Қуръонни ёмон кўрса, Аллоҳ ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ёмон кўрган бўлади”.
Муҳаммад ибн Каъб разияллоҳу анҳу: “Кимга Қуръондан хабар етса, гўёки Аллоҳ унга гапирибди. Агар у шунга муяссар қилинса, Қуръон дарсларини оддий машғулот қилиб олмасдан, тадаббур қилиб, унинг ҳукмларига амал қилсин”, – деганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Менга “Бақара” ва “Оли Имрон”ни тажвид ва тадаббур билан ўқишим бутун Қуръонни эътиборсиз ўқишимдан севимлироқ”. “Иза зулзилат” ва “Ал-Қориа”ни тадаббур билан ўқишим “Бақара” ва “Оли Имрон”ни аҳамиятсиз ўқишимдан севимлидир”, – деганлар.
Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу Мадинаи мунаввара кўчаларини айланиб юриб, бир қорининг “Албатта, Парвардигорингизнинг азоби воқеъ бўлгувчидир. Унинг дафъ қилгувчиси йўқ” оятини ўқиганини эшитиб: “Каъбанинг Роббисига қасамки, бу – ҳақ қасамдир”, – дея деворга суяниб қолганлар ва бир ой касал бўлиб ётганлар.
(давоми бор)
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди