Маълумки, буюк калом имоми ва фиқҳ олими Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Ансорийдирлар. Буюк калом имоми ва фиқҳ олими асли Самарқанднинг Мотурид қишлоғидан бўлиб, унинг тахаллуси шу қишлоққа нисбатан олингандир. Абу Мансур Мотуридий дастлабки таълимни шу қишлоқда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандда давом эттиради.
Имом Мотуридийнинг туғилган саналари аниқ маълум эмас. Манбаларни солиштириб чиққан уламолар имом Мотуридийнинг устозларидан бири бўлган Муҳаммад ибн Муқотил Розийнинг 248 ҳижрий санада вафот этганига кўра, бу зотнинг таваллудлари ҳижрий 240 сана атрофига тўғри келишини айтганлар.
Аҳли сунна вал жамоанинг имоми бўлган ушбу зотнинг туғилган санаси бу қадар ноаниқ бўлиши, ҳатто вафот этган саналарида ҳам ихтилофлар борлиги тўғрисида кўплаб сабаблар айтилган. Мазкур сабабларнинг энг асосийси бу зотнинг ўша пайтдаги аббосийлар давлати маркази бўлган Бағдоддан узоқда яшаганлари ҳисобланади.
Имом Мотуридий қуйидаги устозлардан таълим олган:
- Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний;
- Имом Абу НасрАҳмад ибн Аббос Иёзий;
- Нусайр ибн Яҳё Балхий;
- Муҳаммад ибн Муқотил Розий ва бошқалар.
Ушбу тўртта устоз имом Мотуридийни имом Абу Ҳанифагача бўлган санадини боғловчи устозлар ҳисобланади. Чунки мазкурАҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхийлар 200 ҳижрий санада вафот этган. Абу Сулаймон Мусо Жузжонийнинг шогирдларидир. Бу зот эса Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг шогирди бўлган. Демак, шунга кўра ҳанафия мазҳаби имом Мотуридийга қуйидаги санад билан етиб келган:
- Имом Абу Ҳанифа;
- Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад;
- Абу Сулаймон Мусо Жузжоний;
- Аҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхий;
- Мотуридий.
Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ фиқҳда имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларида бўлганидек, ақидада ҳам у зотга эргашган. Шунингучун ҳам баъзи асарларда мотуридийларни ҳанафийлар деб ҳам аталади.
Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ кўплаб шогирдлар етиштирган бўлиб, уларнинг энг машҳурларидан айримлари қуйидаги зотлардир. Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад. Бу зот Ҳаким Самарқандий номи билан машҳур бўлган. Самарқандда қозилик лавозимида ишлаган. “ Ҳижрий 345 санада вафот этган.
- Имом Абулҳасан Али ибн Саъийд Рустуғфаний. “Иршадул-мубтадий” (Йўл бошидаги кишини мақсадга йўллаш), “Заваид ва фаваид фи анваил-улум” (турли илмлардаги қўшимчалар ва фоидалар) каби кўплаб асарлар ёзган. Ҳижрий 350 санада вафот этган.
- Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад Самарқандий. Бу зот тафсир, ақоид, фиқҳ, ва тасаввуфга оид ўндан ортиқ китоблар ёзган. Ҳижрий 373 санада вафот этган.
-Имом Абумуҳаммад Абдулкарим Паздавий. Бу зот фиқҳ илмида пешқадам бўлган. Зотан бу зот машҳур фақиҳлар сулоласининг вакили ҳисобланади. Ҳижрий 390 санада вафот этган.
Уламолар Имом Абу Мансур Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳни шаръий илмларнингучта йўналиши бўйича асарлар таълиф этганларини баён қилганлар: тафсир, усулул-фиқҳ, ақоид.
Тафсир йўналиши бўйича “Таъвийлоту аҳли-сунна” (Аҳли суннанинг тушунтиришлари) номли улкан тафсир ёзган. Бу тафсир аҳли сунна вал жамоанинг Қуръон оятлари тафсиридаги қарашлари тўғри эканини исботлаш билан бирга, адашган фирқаларнинг нотўғри қарашларини ҳам очиб берувчи мўътабар асар ҳисобланади.
Усулул-фиқҳ йўналиши бўйича “Маъхозуш-шароиъ” (шарий ҳукмлар манбаси) ва “Жадал” (илмий баҳслар) номли иккита китоб ёзган. Ушбу икки китоб ҳанафия мазҳабидаги қоидалар ва улардан келиб чиқадиган ҳукмларни жамлаган асарлар, деб васф қилинган. Зеро бу китоблар ҳижрий бешинчи асргача усулул-фиқҳ бўйича мурожаат қилинадиган асосий манбаларбўлган. Кейинчалик эса ушбу йўналиш бўйича ёзилган асарларнинг асоси бўлиб хизмат қилган. Уламолар бу икки китобнинг бизгача етиб келмаганини афсус билан ёдга оладилар. Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ ақоид йўналиши бўйича кўплаб асарлар ёзган. Буасарларни ўрганиб чиққан уламолар уларни умумий уч қисмга ажратганлар:
А) Мақолалар;
Б) Раддиялар;
В) Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари.
Аслида Имом Мотуридийдан олдин ҳам “Мақолот” (мақолалар) номли бир қанча китоблар ёзилган ва уларда асосан Ислом динига мансуб турли фирқаларнинг қарашлари жамланган. Имом Мотуридийнинг “Мақолот” (Мақолалар) номли асарининг қўлёзма нусхаси ҳозирда Истанбулдаги “Куприлий” кутубхонасида 856 рақам остида сақланмоқда.
Ақоид уламолари ёзган асарларида фақатгина адашган фирқаларнинг қарашларини келтириб “бу нотўғри” дейиш билан чекланмаганлар. Балки мазкур қарашларга бирма-бир нақлий ва ақлий далиллар асосида раддиялар қилганлар. Бу раддияларда аҳли-сунна вал жамоанинг қарашлари тўғрилигини исботлаш билан бирга адашган фирқаларнинг хатога йўл қўйган жойларини ҳам баён қилганлар.
Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ “Баяну ваҳмил-муътазила” (Муътазилий фирқасинингнотўғри тасавури баёни), “Родду алал қаромита” (Қарматийларга раддия) каби адашган фирқаларнингумумий қарашларидаги хатоларни баён қилувчи кўплаб асарлар ёзган.
Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳнинг қилган энг улкан хизмати аҳли сунна вал жамоага қарши чиққан фирқаларнинг даъволарига умумий раддия қилишдан ташқари уларга батафсил раддиялар қилганидир. Яъни, бу зот ўша пайтларда омма мусулмонларга ташвиш туғдириб турган муътазилий етакчиларининг асарларига бирма-бир раддиялар ёзиб, уларни “очиқ майдон” да мағлуб қилган.
Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари бўйича “Тавҳид” номли китоб ёзган. Букитоб Имом Мотуридийнинг “шоҳ” асари ҳисобланади. Бу асарда аҳли сунна вал жамоанинг ақоид борасидаги асосий қоидалари баён қилинган. Шунга кўра кейинчалик ёзилган Абул-Муин Насафийнинг “Табсиротул-адилла”, УмарНасафийнинг “Ақоидун-Насафий” каби мотуридия мазҳаби қоидаларини баён қилувчи китоблар “Тавҳид” китоби асосида таълиф этилган асарлар ҳисобланади.
Р. Усмонов,Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом хатиби