1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ҳаммасида меъёр бўлсин

13-12-2021, 09:29 453 Ўқиш режими + -
Дарҳақиқат, ҳамма нарсада меъёр бўлиши керак. Меъёрдан чиқиш эса ҳаддадан ошиш ҳисобланади. Ислом дини одамларни ҳаддан ошишдан, меъёрдан чиқишдан қайтаради. У ҳар бир нарсада меъёр бўлишга чақиради.  
 
Айниқса, динда ҳаддан ошиш одамлар орасида динда ғулувга кетишга, ихтилофга, гуруҳбозликка олиб келади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Улар (мушриклар) динларини бўлиб юбориб, (турли) фирқаларга ажралгандирлар. Ҳар бир фирқа (одамлари) ўз наздиларидаги нарса (ақида) билан шоддирлар”(Рум сураси, 32-оят).
Динда ҳаддан ошишнинг бундан ташқари яна бир қанча ёмон оқибатлари бор. Энг аввало, бу ақиданинг бузилишига олиб боради. Тарихда пайдо бўлган Равофиз, Хавориж ва бошқа тоифаларнинг юзага келиши асосан динда ғулувга кетишнинг оқибатидир. Рофизийлар Пайғамбар а.с.дан кейин ҳалифаликка лойиқ зот сифатида Али р.а. ва унинг авлодларидан бошқа кеч кимни тан олмадилар. Ҳатто, Абу Бакр Сиддиқ р.а. ва Умар ибн Хаттоб р.а.ларни халифаликни Али р.а.дан зўрлик билан тортиб олганликда айбладилар. Равофиз сўзи инкор қилувчилар, рад этувчилар деган маънони англатиб, уларнинг баъзи тоифаси Али р.а.ни Пайғамбар с.а.в.дан ҳам юқори қўяди. Мана шу даражада ғулувга кетиб аҳли сунна вал жамоадан чиқдилар.  
Хаворижлар эса, аксинча, ҳазрати Али р.а.ни кофирга чиқардилар. Натижада, унга қарши қурол кўтариб, қонини тўкишни ҳалол дедилар. Маълум бўлдики, Равофиз ва Хавориж тоифалари айнан Ҳазрати Али р.а.нинг шахси борасида ғулувга кетишлари оқибатида пайдо бўлди. Бу ҳақда Ҳазрати Али р.а.нинг ўзлари шундай деган эдилар: “Менинг борамда икки хил тоифа ҳалокатга учради: бири ҳаддан ташқари муҳаббат қўйиб, иккинчиси ҳаддан ташқари буғзу адоват қилиб”.
Кейинчалик, Мўътазилалар Аллоҳни зотида ғулувга кетиб, унинг сифатларини инкор қилдилар. Шунингдек, Хавориж ва Мўътазилалар амру маъруф ва наҳий мункарда ҳаддан ошиб, мусулмонларнинг имомига қарши чиқишга йўл очдилар. Яъни, уларнинг назарида давлат раҳбарига қарши чиқиш амру маъруф ва наҳий мункар қилиш демакдир. Ҳолбуки, Пайғамбар с.а.в. биз умматларини раҳбарларга қарши чиқишдан қайтарганлар. 
Ислом дини азалдан фитна-фасодга қарши курашиб келади. Ислом дини ошкора ва ботиний фитналардан қайтариб, ундан паноҳ тилашга буюрган диндир. Аллоҳ таоло мусулмонларни тафриқага бўлинишдан қайтариб, адолат ва тўғрилик йўлида бирлашишга чақиради. “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг”... (Оли Имрон, 103).
Динда ҳаддан ошган кишиларни олимликни даъво қиладиган, уламоларга қарши борадиган, ҳеч бир тажриба ёки малакасиз бўлгани ҳолда улкан ишларга аралашадиган, фақиҳлар ва раъй эгалари бўлган шахсларга мурожаат қилмайдиган қилиб қўяди. Бу нарса уларни ҳақ йўлдан оғишишга ва йироқлашишга олиб боради. Асосийси мусулмонлар жамоасини лозим тутиш, сўз ёки амал билан улардан ажралиб олмасликдир. 
 
 
Муҳаммади ҚОРАЕВ 
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакил ўринбосари,
Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби