Ахлоқли фарзандлар ота-оналарни ҳамиша бошга кўтаришади, айтганларни муҳайё қилишади, иззат- икром қилиб, дуоларини олишади. Чунки, бу «қайтар дунё»эканини яхши билишади, ота-онага қилган яхшиликлари эртага фарзандларидан ўн чандон бўлиб ўзларига қайтишидан умид қилишади, ёмонлик қайтиб қолмаслиги чораларини кўришади.
Мутахассислар тавсиясига кўра,болалар мактабга боргунича уларга худди подшоҳлар каби муомала қилинади, яъни рисоладаги барча илтимослари сўзсиз бажарилади, шўхлик ва эркаликлардан қайтарилмайди. Шундан сўнг аста-секин унга тушунтириш, катталарнинг ўзи ибрат бўлиши орқали тарбия бериш бошланади.
Фарзандлари қалбига йўл топа олмаётган, улар билан муросалари келишмаётган ота-она аввало ўзларини қандай фикрлашган ва ўзлари қандай иш тутишган бўлар эди, шу ҳақда жиндай мулоҳаза юритишса, ҳамма нарса жойига тушади. Бунинг устига давр, замон орасидаги фарқни унутмаслик керак: замон ҳеч қачон бир жойда қотиб турмайди. У ўзгариб, тараққий этиб туради. Кечагина ардоқланган нарса бугун эътибордан қолиши ёки аксинча кеча қадри бўлмаган бир қадрият бугун энг қийматли нарсага айланиши мумкин, бу табиий бир ҳол.
Ота-онасига яхшилик қилиш туфайли фарзанднинг бошига тушган кулфатлари аритилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онага яхшилик қилиш фарзанд учун ҳалокатдан қутулиш воситаси экани ҳақида шундай деганлар: Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Уч нафар киши кетиб боришарди. Ёмғирда қолишиб тоғдаги бир ғорга кириб олдилар. Шу пайт тоғдан бир қоя тош улар яширинган ғорнинг оғзига қулаб тушиб уларни ичкарига бекитиб қўйди. Шунда улар бир-бирларига: - Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингни ўйлаб кўринглар, ўшаларни восита қилиб Аллоҳга дуо қилинглар, шояд Аллоҳ сизлардан буни аритса, дейишди. Улардан бири шундай деди: - эй Аллоҳим, менинг ёшлари улғайган кекса ота онам, аёлим ҳамда ёш болаларим бор эди. Чўпонлик қилиб уларга озуқа келтирар эдим. Қачон молларни яйловдан қайтариб келсам сут соғиб олар ва болаларимдан олдин ота онамга сут берар эдим. Бир куни узоқдаги дарахтларга кетиб қолибман. Уйга кеч қайтдим, келганимда ота онам ухлаб қолишган эди. Одатдагидек сут соғиб олдим. Сут идишни олиб келиб уларнинг бошларида турдим. Уларни уйқуларидан уйғотишни хоҳламадим, улардан олдин болаларимга сут беришни ҳам истамадим. Болаларим оёқларим олдида йиғлаб туришарди. Мен ҳам, улар ҳам шу ҳолатда то тонг отгунча турган эдик. Агар ўша ишимни Сенинг розилигингни истаб қилганимни билсанг бундан бизга бир тешик очгин ундан самони кўрайлик. Аллоҳ ундан бир тешик очди, улар у тешикдан самони кўрдилар. Муслим ривояти.
Дарқақиқат, Аллоҳ таоло инсонга ота-онаси билан яхши муносабатда бўлишни ва доим уларга яхшилик қилишни буюрди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Раббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етса, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт:“Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро, 23–24) “Уларга ёқимли сўз айт” дейилганида ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон, онажон” каби сўзлар билан ҳурматлаб муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиш кабиларни тушуниш керак (“Мадорикуттанзил ва ҳақоиқуттаъвил” тафсири). Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “…уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима!” оятини шарҳлаб, айтади: “У нафрат сўзидир”. Муқотил айтади: “У қўпол, ёмон сўзларни айтиш”.
Тарбия бериб, вояга етказган ота-онасининг меҳрибонлигини ва чеккан машаққатларини қадрлаши учун Аллоҳ таоло бандаларига буюради: “…ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”»
Аллоҳ таоло инсондаги ота-она ҳақи хусусида бундай деди: “Эсланг, (Биз) Исроил авлодидан: “Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота–она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга ширинсўз бўлинг, намозни баркамол ўқинг, закот беринг”, деб аҳд олган эдик» (Бақара, 83).
Ушбу улуғ мукофотларга динимизда буюрилганидек ота-онага яхшилик қилиш орқали эришилади. Шунга кўра ота-онага яхшилик қилиш аслида фарзанднинг ўзи учун улкан саодат ҳисобланади.
Нормурод Шойимов,
Китоб тумани "Севаз" жоме масжиди имом-хатиби