Инсон интернет тармоқларида айрим кимсалар, худди бир нарсани биладигандек, бошқаларга “Ҳар бир киши ижтиҳод билан шуғулланиш керак” даъвони қилмоқдалар. Бу даъвони қилувчилар ўзларини ва ўзларига эргашганларни катта бир мужтаҳид ҳисобласалар керак. Аслида эса улар диндан илмлари саёз, диний савияси паст кишилар холос. Агар диндан етарли илмга эга бўлганларида ҳар бир одам якка тартибда ижтиҳод бидан шуғулланиш керак деган фикрни билдирмаган бўлар эдилар.
Якка тартибда ижтиҳод қилиш учун ҳар бир кишидан Қурьон ва Суннадан мустақил хукм чиқариш ўзига хос илм ва шахсий хислат талаб этади. Ислом уммати илмий салоҳият жиҳатидан икки тоифага бўлинади. Биринчиси мужтаҳид, иккинчиси муқаллиддир.
Киши мужтаҳид бўлмоқлиги учун машҳур илмлар бўлмиш Қурьон, тафсир, суннат, салафларнинг қавллари, усулул фиқх, луғат илми, ижмоь, қиёс ва ихтилофли илмларин мукаммал билмоқлиги лозим бўлади. Мужтаҳидлар даражалари ҳам ўз ўрнида мустақил мужтаҳид (Имом Аьзам, Имом Молик, Имом Шофеий, Имом Аҳмад каби), мутлақ мужтаҳид (Имом Муҳаммад , Имом Абу Юсуф, Имом Зуфар каби), муайяд мужтаҳид (Абу Жаьфар Таҳовий, Марвазий каби), таржийҳ мужтаҳид (Бурҳониддин Марғиноний, Имоми Рофеий каби), фатво мужтаҳид (Ибни Хажар Асқалоний кабилар). Юқоридаги сифатларга эга бўлмаган мусулмонларга муқаллидлар деб аталади. “Муқаллид”- мужтаҳид бўлмаган шахс бўлиб, мужтаҳид имомларнинг бирига эргашиши лозим. Чунки у хукм чиқаришдаги далилларни топиш ёки аниқлашга қодир эмас. Муқаллид агар Қурьон ва Суннага амал қилмоқчи бўлса уларни билган кишилар, яьни мужтаҳидларга эргашиш тақлид қилишга ўз ўзидан мажбур бўлади. Хозирги даврда Имоми Абу Ҳанифа, Имом Шофеий, Имом Молик ва Имоми Аҳмадга ўхшаш мужтаҳидлар йўқлигига уламолар иттифоқ қилганлар.
Мужтаҳидлик даьвосини қилган ёки қилаётган ёки фалончи мужтаҳид деб айтаётган аҳли илм йўқ. Мана шундай илмларда ижтиҳод қиладиган буюк мужтаҳидлар бўлмагач барча мусулмонлар тақлид қилишлари турган гап. Бугунги кунимиздаги баьзи бир илмсиз кишилар томонидан айтилаётган ҳар бир мусулмон якка тартибдаги ижтиҳод билан шуғулланиши керак, деган гап мутлақо асоссиздир. Улуғ аллома мужтаҳид Имоми Аҳмад ибн ханбал “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва унинг расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи Сунна ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилишдир.” Моликия мазҳабининг мужтаҳид уламоларидан бўлган Абдуллоҳ ибн Ваҳб “Мен 360 та уламони учратдим. Агар Имом Молик ва Имом Лайс бўлмаганда уларнинг илмларидан адашиб кетган бўлар эдим” деган эдилар. Хақиқатан олиб қарайдиган бўлсак шундай улуғ алломалар ўзлари агар фалончи бўлмаганида адашиб кетар эдим деб турсалару илми йўқ жоҳил инсон эса якка тартибда ижтиҳод қилиш керак деган даъвони қилиб турсалар, бу нодонликдан ўзга нарса эмас.
Хулоса қилиб айтамизки, “Ҳар бир киши ижтиҳод билан шуғулланиш керак” деган даъвони қилувчи кишилар жуда қаттиқ адашадилар. Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзини динида собитқадам қилиб, турли хил адашишликлардан асрасин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими,
Қарши туман “Акбар халифа эшон ибн Мухтор” жоме масжиди имом хатиби