1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Фолбинлик қилиш-улкан гуноҳ

18-02-2020, 19:05 653 Ўқиш режими + -

 

Фолбинлик қилиш-улкан гуноҳ

 

Дарҳақиқат, фолбинлик қилиш Ислом динида қаттиқ қораланади. Шу билан бирга фолбин ва мунажжимларни тасдиқлаш ҳам динимизда гуноҳи кабира ҳисобланади.  Имом Заҳабий ўзларининг “ Гуноҳи кабиралар” китобларида: “Эллик иккинчи гуноҳи кабира фолбин ва мунажжимларни тасдиқлаш. Аллоҳ таоло айтади:“ (Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)”(Исро сураси, 36-оят). 

 

Ушбу оят тафсирида Калбий: “Билмаган нарсанг ҳақида гапирма”, деб айтсалар, Қатода: “Эшитмаган нарсангни эшитдим, кўрмаган нарсангни кўрдим ва билмаган нарсангни биламан, демагин”, деганлар. Чунки қулоқ, кўз. Дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур 9жавоб берур)”.  ( Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)”, оятини тафсир қилиб, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳ бандаларидан бу аъзоларни қандай амалларга ишлатганини сўрайди”, деганлар.

 

    Ушбу ояти карима ҳалол бўлмаган нарсага қараш, ҳаром саналган нарсани эшитиш ва жоиз бўлмаган нарсани ирода қилишдан қайтаришга ҳужжатдир. Валлоҳу аълам. “ У ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас. Фақат Ўзи рози бўлган(танлаган) пайғамбаргина (Икки дунёнинг баъзи сирларидан огоҳ этар)...” ( Жин сураси, 26-27-оятлар) “ деб ёзадилар.

 

Яратганнинг илми ва қудрати чексиздир. У ўзининг илми азалийси билан ҳамма воқеа-ҳодисаларни олдиндан билади. Лекин ўзининг ҳикмати билан одамларни имтиҳон қилиш учун эртанги иш-ҳодисаларни сир тутади. Бу ҳақда “ Қуръони Карим”да: “ Ғайб ( яширин сирлар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни ундан ўзга билмас. Яна қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни ( ҳам) билур. Бироқ япроқ ( узилиб) тушса ( ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин. Ҳўлу- қуруқ бўлмасин, ( ҳаммаси) аниқ Китоб ( лавҳул Маҳфуз)да (ёзилган)дир” дейилади. ( Анъом сураси, 59-сура).

Демак, инсоннинг келажаги ва тақдирини ҳамда бошқа ғайбий ишларни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Инсонларга келажакдаги ишлари маълум бўлса, уларга ҳаётнинг   имтиҳонлиги қолмас эди.  Лекин инсонлар орасида одамларнинг келажагини. тақдир ва қисматини айтиб берувчи коҳин, мунажжим ва фолбинлар мавжуд.      

Баъзи кишилар фолбинларга ишонади ва уларнинг кўп сўзлари тўғри чиқадику, деб эътироз билдирадилар.  Ҳадисда: “ Одамлар пайғамбар (с.а.в.) ҳузурига келиб коҳин ва фолбинлар ҳақида сўрашганда у зот:  уларнинг сўзи ҳеч нарса эмас, дедилар. Одамлар: “ Эй Аллоҳнинг расули, гоҳида ўша фолбинларнинг айтган сўзлари тўғри чиқиб қолади-ку, дедилар. У зот: “ Аслида бу сўзлар ҳақ бўлиб, уни жинлар фаришталардан илиб олишади ва ўз дўстлари бўлмиш фолбинлар қулоғига етказиб беради. Фолбинлар эса ўша нарсаларга юзта ёлғонни қўшиб одамларга етказадилар” дедилар. 

  Агар инсон фолбин ёки коҳинлар эшигига бориб, улардан бирор нарса ҳақида сўраса,  қирқ кунлик ибодати куяди. Бу ҳақда ҳадисда: “ Ким башоратгўй ёки фолбин олдига бориб, ундан бирор нарсани сўраб,  тасдиқласа,   қирқ кунгача унинг бирорта ҳам намози қабул қилинмайди” ( Имом Муслим ривояти).

  

Инсон бошига тушаётган ҳар бир ишни худодан деб билиб, буларнинг бари имтиҳон эканлиги, яхши кунлар эртага келишига ишониб яшаши лозим. Бесабрлик қилиб фолчи, мунажжим ва коҳинларни излаб юриш нодонликдан бошқа нарса эмас. 

 

Эгамберди Сатторов


Қарши шаҳар “Маҳаллот” масжиди имом хатиби